Меҳнатда майиб бўлгани сабабли вафот этган ходимнинг ўлими учун жавобгар иш берувчи билан марҳумнинг ота-онаси ўртасида ихтилофлар юзага келди. Маҳалла қўмитасининг маълумотномасига кўра, марҳумнинг қарамоғида 2 киши – отаси ва онаси – ишламайдиган пенсионерлар бор эди. Бахтсиз ҳодиса рўй берган пайтда отаси 75 ёшда, онаси 64 ёшда бўлган. Вафот этган ўғли билан бирга яшашган, марҳумнинг болалари ва умр йўлдоши, шунингдек уч ёшга етмаган укалари, сингиллари ва неваралари бўлмаган. Иш берувчи ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарори 1-иловаси 26-бандига асосланиб, аввалига ота-онасига боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан зарарни умр бўйи тўлаш ҳақида буйруқ чиқарди, сўнгра ушбу қарорнинг ўша бандидаги «ота-онасидан бирига тўлаш» қоидасига таяниб, уни бекор қилди ва отасига ойлик тўловларни тўламай қўйди.
Агар ота-онасининг иккови ҳам меҳнатга қобилиятсиз бўлса, иш берувчи боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан марҳумнинг ота-онасидан бирига зарарни тўлашни бекор қилгани тўғрими?
Л.Жемилева, бухгалтер.
– Йўқ, бу нотўғри. Шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолда марҳум ҳаётлик вақтида тўлиқ ёки қисман таъминлаган (уларнинг боқувчиси саналган) бўлса, унинг яқинларида, шунингдек уни дафн этишга харажат қилган шахсларда мулкий йўқотишлар юзага келади. Улар сирасига меҳнатга қобилиятсиз шахслар ҳам киради.
Бошқа шахслардан ташқари, 60 ёшга тўлган эркаклар ва 55 ёшга тўлган аёллар; белгиланган тартибда ногирон деб топилган шахслар меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланади (МКнинг 192-моддаси 3-қисми).
Сизнинг ҳолатда ота-онасининг иккови ҳам меҳнатга қобилиятсиз, шу сабабли улар айни шу асосда тўлов олишга ҳақлилар. Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига ва унинг қарамоғида бўлган, лекин зарарни ундиришга ҳақли бўлмаган меҳнатга қобилиятсиз шахсларнинг (масалан, умр йўлдошининг) улушини чегириб ташлаган ҳолда белгиланади. Зарар тўловини олишга ҳақли бўлган шахсларнинг ҳар бирига тегишли бўлган зарар миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг мазкур шахсларнинг ҳаммасига тўғри келадиган қисми улар сонига тақсимланади (МКнинг 193-моддаси).
Елена Ермохина, эксперт-юрист.