Жисмоний шахсдан (ижарага берувчидан) ижарага олинган хонанинг электр ҳақини юридик шахс (ижарага олувчи) тўлайди. Юридик шахс (ижарага олувчи) билан электр тармоғи корхонаси ўртасида шартнома тузилган. Бироқ электр тармоғи ижарага берувчи жисмоний шахс номига ҳисобварақ-фактура ёзади. Бу қанчалик тўғри?
Т.Харламова.
– Электр тармоғининг ижарага олувчи билан шартнома тузган ҳолда ҳисобварақ-фактурани ижарага берувчи номига ёзиши қонунга зид ҳисобланади.
Ҳисобварақ-фактура қатъий ҳисобот ҳужжати бўлиб, унда бошқа маълумотлар билан бир қаторда солиқ тўловчининг ва товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олувчининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда идентификация рақами кўрсатилади (Солиқ кодексининг 222-моддаси).
Электр энергияси истеъмолчиси – электр таъминоти шартномасига кўра ишлаб чиқариш ва (ёки) маиший эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс. Шартнома тузилган пайтидан бошлаб тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади (ФКнинг 357-моддаси 1-қисми).
Электр таъминоти шартномаси электр энергияси харидори сифатида унинг ҳақини тўловчи юридик шахс (ижарага олувчи) билан тузилган экан, ҳисобварақ-фактура ҳам унинг номига ёзилиши керак.
Эльмира Сиразиева,
«Norma Online» эксперти.