Вилоятда рўйхатдан ўтказилган фирма Тошкентда иккиламчи ҳисобварақ очиши мумкинми?
Н.Мажидов.
– Ҳа, мумкин. Вилоятдан рўйхатдан ўтказилган фирма, агар улгуржи савдо корхонаси – ЯСТ тўловчиси ҳисобланмаса (улгуржи дорихона муассасалари ва «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотлар бундан мустасно), Тошкентда иккиламчи банк ҳисобварақлари очишга ҳақли бўлади.
Банк мижозга банк ҳисобварағи шартномаси асосида ҳисобварақ очади. Юридик шахслар ва фуқаролар ўзларига ҳисоб-китоб ва касса хизмати кўрсатадиган банкларни мустақил танлайдилар. Банк муайян турдаги ҳисобварақлар очиш учун эълон қилган, қонунда ва унга мувофиқ белгилаб қўйилган банк қоидаларида назарда тутилган тегишли талабларга мос келадиган шартлар асосида ҳисобварақ очишни таклиф қилиб мурожаат этган мижоз билан банк ҳисобварағи шартномаси тузиши шарт (ФКнинг 775-моддаси 1–3-қисмлари).
Банклар томонидан миллий ва чет эл валютасида мижозларнинг банк ҳисобварақларини очиш, уларни қайта расмийлаштириш ҳамда ёпиш тартиби Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.
Сиз мижозларнинг биринчи талаби биланоқ бериладиган ёки ундаги ўтказиб бериладиган маблағларнинг ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ саналувчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағини назарда тутаётган бўлсангиз керак (Йўриқноманинг 1-банди 6-хатбошиси).
Хўжалик юритувчи субъектнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг биринчи марта миллий валютада очган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи унинг асосий ҳисобварағи ҳисобланади. Хўжалик юритувчи субъект асосий ҳисобварағини очгандан кейин исталган валютада очадиган барча талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари унинг иккиламчи ҳисобварақлари ҳисобланади (Йўриқноманинг 2-банди).
Мижоз банкларни мустақил равишда танлашга ҳамда бир ёки бир неча банкларда талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари ва бошқа ҳисобварақларни1 очиш ҳуқуқига эгалиги Йўриқноманинг 3-бандида ҳам назарда тутилган. Бироқ истисно мавжуд – улгуржи савдо корхоналари – ЯСТ тўловчилари миллий валютадаги асосий ва иккиламчи ҳисобварақларини улар юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган туман (шаҳар)даги тижорат банклари (ёки уларнинг филиаллари)да очадилар (Йўриқноманинг 3-банди 2-хатбошиси).
Бу улгуржи дорихона ташкилотлари ёки Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси тизимига кирувчи ихтисослаштирилган улгуржи база-идораларга нисбатан татбиқ этилмайди2.
Шу тариқа, агар фирмангиз ЯСТ тўловчи улгуржи савдо корхонаси ҳисобланмаса, вилоятда рўйхатдан ўтказилганига қарамай, Тошкентда иккиламчи банк ҳисобварағини очишга ҳақли бўлади.
Камол Музаффаров,
«Norma Online» эксперти.
1Бунда шуни инобатга олиш зарурки, асосий ҳисобварақ очилган банкда қўшимча равишда миллий валютада иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи очилишига йўл қўйилмайди, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган мақсадли тадбирлар учун ҳамда қонунчилик ҳужжатлари асосида очиладиган иккиламчи депозит ҳисобварақлар бундан мустасно (Йўриқноманинг 19-банди 2-хатбошиси).
2Ушбу Уюшма («Ўзулгуржисавдоинвест») «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси этиб қайта ташкил қилинган (8.04.2016 йилдаги ПҚ-2517-сон қарорнинг 1-банди).