Norma.uz

Ҳар қандай йўл билан қайтарилсин

 

Ишдан бўшаган ходим меҳнат дафтарчасини олиш учун қайтиб келмади. Корхона қандай қилиб қонунни бузмаган ҳолда меҳнат дафтарчасини эгасига жўнатиши мумкин? Агар олувчини меҳнат дафтарчасини олиши зарурлиги ҳақида хабардор қилса, кейинчалик уни почта орқали жўнатиши ёки ишончномага кўра қариндошидан бериб юбориши ва ҳ.к. мумкинми?

У.Ларионова.

 

– Аввало бу вазиятни қуйидаги далолатнома билан қайд этиш лозим.

 

«БЕК» масъулияти чекланган жамияти

Далолатнома

Далолатнома тузилган сана: 2016 йил «22» август

Далолатнома тузилган вақт: 17.30

Далолатнома тузилган жой: «БЕК» МЧЖ, Тошкент ш., Лутфий кўч., 2

 

Мен, кадрлар бўлими мутахассиси С.В.Шумилова, қуйидагилар:

харид бўлими бошлиғи Б.К.Шарипов,

харид бўлими иқтисодчиси Д.М.Нуримонов

ҳозирлигида ходим билан 22.08.2016 йилги 35-сон меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги муносабати билан И.В.Икромовнинг меҳнат дафтарчасига (TN 453258-сон) меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги ёзувни қайд этдим.

И.В.Икромов бугун, 22.08.2016 йилда бутун иш куни давомида соат 08.30 дан соат 17.30 гача номаълум сабабларга кўра иш жойида бўлмади, шу муносабат билан уни буйруқ билан таништириш ва унга меҳнат дафтарчасини беришнинг имкони йўқ.

 

Далолатномада ёзилганларни шахсий имзоимиз билан тасдиқлаймиз:

харид бўлими бошлиғи                                            Б.К.Шарипов

кадрлар бўлими мутахассиси                              С.В.Шумилова

харид бўлими иқтисодчиси                                   Д.М.Нуримонов

 

Иккинчидан, ишдан бўшатилган ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёки уни почта орқали жўнатишга розилиги зарурлиги ҳақида ёзма билдиришнома жўнатиш лозим. Билдиришнома жўнатилган кундан бошлаб иш берувчи меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик учун жавобгарликдан озод этилади (МКнинг ­275-моддаси).

Билдиришнома ёзма шаклда ва келгусида у жўнатилганлигини тасдиқлаш имконини берувчи усулда (жойланма рўйхати ва олинганлиги ҳақида билдиришнома билан) юборилган бўлиши шарт. Билдиришномани ходим яшайдиган (рўйхатдан ўтган), ташкилотга маълум бўлган барча манзилларга юбориш зарур. Бундай таомил иш берувчи хатти-ҳаракатида ҳамма жиҳатларни инобатга олганлигидан ва меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бериш учун керакли барча чораларни кўрганлигидан далолат беради. Ҳатто бу билдиришномалар амалда ходимга етказиб берилмаса (масалан, «Адресат жойида йўқ» почта белгиси билан жўнатувчига қайтарилса) ҳам.

Билдиришноманинг муайян андозадаги шакли йўқ, шу сабабли ҳар бир ташкилот уни эркин шаклда тузишга ҳақли. Мазмуни тахминан қуйидагича бўлиши керак.

 

«БЕК» масъулияти чекланган жамияти

 

22.08.2016 йил     2-20-37/58-сон                                 Икромов И.В.га

 

Бойназаров кўч., 52-уй, 36-кв

Тошкент ш., Ўзбекистон Республикаси

100200

Билдиришнома

Сиз билан тузилган 01.01.2009 йилдаги 57-сон меҳнат шартномаси 2016 йил 22 августда бекор қилинди. Шу куни бизга номаълум бўлган сабабга кўра Сиз ўз меҳнат дафтарчангизни олиш учун келмадингиз.

Шу муносабат билан 100123, Тошкент ш., Лутфий кўч., 2-уй (кадрлар бўлими) манзили бўйича келиб, меҳнат дафтарчангизни олиб кетишингизни сўраймиз. Иш соатлари: душанба–жума соат 08.30 дан соат 17.30 гача, тушлик соат 13.00 дан 14.00 гача. Кутиш вақтингизни қисқартириш учун келадиган кун ва вақтингиз ҳақида «БЕК» МЧЖ кадрлар бўлимини 253-33-41 телефон рақами орқали имкон қадар олдиндан хабардор қилиб қўйинг.

Агар ўз меҳнат дафтарчангизни шахсан келиб олиб кетишга имконингиз бўлмаса, меҳнат дафтарчасини почта орқали сиз кўрсатган манзилга жўнатишимизга ёзма розилик беришингизни сўраймиз.

Директор                               Р.Р.Султонов

 

Ходимга унинг олдиндан розилигини олмай туриб меҳнат дафтарчасини почта орқали жўнатиш меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади.

Агар билдиришнома жўнатилганидан кейин ҳам ходим меҳнат дафтарчасини олиб кетмаса, уни почта орқали жўнатишга ёзма розилик бермаган бўлса, уни корхона кадрлар бўлимида 2 йил давомида сақлаш лозим. Бунинг устига ишлаётган ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидан алоҳида сақлаш керак. 2 йил давомида йўқлаб келинмаган меҳнат дафтарчалари ушбу муддат ўтгач корхона архивида 50 йил сақланади. Фақат ушбу муддатдан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилиб юборилиши мумкин (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5.2-банди).

 

Елена Ермохина,

эксперт-юрист.

Прочитано: 1513 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика