Корхонада ишлаб чиқариш фалокати юз берди. Ускунани таъмирловчи слесарь бу вақтда таътилда эди. Ички меҳнат тартиби қоидаларимизда ходим таътилдан чақириб олинганида ишга келиши шартлиги назарда тутилган. Директор слесарни таътилдан муддатдан аввал чақириб олиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Бироқ у ишга чиқишдан қатъиян бош тортди. Буйруқни бажаришдан бош тортганлиги учун уни интизомий жавобгарликка тортиш мумкинми?
Ғ.Полвонов,
саноат корхонасининг участка бошлиғи.
Ангрен шаҳри.
– Йўқ, иш берувчининг таътил тугашигача ишга чиқиш тўғрисидаги талабини бажаришдан бош тортган ходимни интизомий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Меҳнат кодексининг 147-моддасига кўра таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Ушбу қоидадан ҳеч қандай истиснолар назарда тутилмаган, шу жумладан чақириб олишни фавқулодда ҳолатлар тақозо этадиган ҳоллар учун ҳам. Бинобарин, ходимнинг таътил тугашигача ишга чиқиш тўғрисидаги иш берувчининг буйруғини (фармойишини) бажармаслигини (сабабидан қатъи назар) меҳнат интизомини бузиш сифатида қараб бўлмайди.
Бунинг устига, корхонангиз локал қоидаларининг буйруқ бўйича таътилни муддатидан аввал тўхтатиш ва ишга чиқишга мажбур этувчи банди меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зиддир, бинобарин, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.