Norma.uz

Калитни ўзига ўзи берди

МЧЖ (ссуда берувчи) билан унинг иштирокчиларидан бири бўлган ХФ (ссуда олувчи) ўртасида 2014 йил сентябрида 8 ойга майдони 60 кв.м бўлган бир қаватли бинодан офис сифатида текинга фойдаланиш шартномаси тузилди. 2015 йил январда ўтказилган МЧЖ молия-хўжалик фаолиятининг аудиторлик текшируви натижалари бўйича, Фуқаролик кодекси 618-моддаси иккинчи қисмининг қоидаларига кўра ушбу шартномани тузиш мумкин эмаслиги туфайли уни бекор қилиш тавсия этилди. ХФ ушбу таклифни рад этганлиги боис МЧЖ хўжалик судига текинга фойдаланиш шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш даъвоси билан мурожаат қилди.

Биринчи инстанция суди даъвони тўлиқ қондирди. Апелляция ва кассация тартибида мазкур иш кўрилмади.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Текинга фойдаланиш шартномаси тузилган даврда ХФ директори айни вақтда ўриндошлик бўйича МЧЖни ҳам бошқарган. ХФга офис керак бўлганлиги сабабли у МЧЖ билан шартнома тузиб, мол-мулкни унинг иштирокчиси бўлган шахсга текинга фойдаланишга беришга оид тижорат ташкилоти учун қонун билан ўрнатилган тақиқни бузди. МЧЖ директори алмашгандан кейин аудиторлик текшируви ўтказилди, унинг натижалари бўйича биз ХФга тарафларнинг келишуви бўйича шартномани бекор қилиш талаби билан мурожаат қилдик, бироқ рад жавоби олдик. Шу сабабли даъвони қондириш ҳамда ХФдан давлат божи ва почта харажатларини ундиришни сўраймиз.

 

 

ХФнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Фирма ташкил этилган пайтдан бошлаб МЧЖ иштирокчиси ҳисобланади. Буни даъвогар тақдим этган таъсис ҳужжатлари ҳам тасдиқлайди. ХФ нафақат устав фондига, балки ўзи жойлашган бино қурилишига ҳам маблағ сарфлаган. Амалда бино унинг маблағларига қурилган эди. Шу сабабли фирма лоақал бинонинг қурилишига сарфланган маблағларни қисман қоплаш учун ундан текинга фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шу муносабат билан МЧЖ даъвосини рад этишингизни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб ва юқорида баён этилган ҳолатларни белгилаб, ФКнинг 618 ва 116-моддаларига асосланган ҳолда ва ёзма далил-исботлар билан тасдиқланадиган уларнинг асослилигини ҳамда жавобгарнинг важ-далиллари асосланмаганлигини ҳисобга олиб, даъво талабларини тўлиқ қондирди.

Суд харажатлари – 1 184 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини жавобгардан даъвогар фойдасига ундиришга қарор қилинди.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

 

ФК 618-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ тижорат ташкилоти ўз муассиси, иштирокчиси (акциядори), раҳбари, ўз бошқарув ёки назорат органларининг аъзоси бўлган шахсга ашёни текин фойдаланишга беришга ҳақли эмас. ФК 40-моддасининг иккинчи қисмига асосан тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда тузилиши мумкин. ФК 58-моддасининг иккинчи қисмига кўра хўжалик ширкатлари ва жамиятлари тўлиқ ширкат, коммандит ширкат, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият, акциядорлик жамияти шаклида тузилиши мумкин.

Шу тариқа, келтирилган қонун ҳужжатларининг қоидалари МЧЖ тижорат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан бири эканлигини исботлайди.

Суд мажлиси давомида МЧЖнинг таъсис ҳужжатлари ўрганилди. Бу билан МЧЖ ва ХФ таъсис ҳужжатларининг боғлиқлиги, шунингдек ХФ МЧЖ иштирокчиларидан бири ҳисобланиши далили исботланди.

ФКнинг 116-моддасига кўра қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бунда, Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарорининг (28.11.2014 йилдаги 269-сон) 12-бандига кўра, агар битимнинг бир ёки бир неча шартлари қонун ҳужжатларининг талабларига зид бўлса, битимнинг мазмуни ушбу талабларга мувофиқ келмаслиги сабабли, ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Мазкур ҳолда бинони МЧЖ иштирокчиларидан бири ҳисобланган ХФга текинга фойдаланиш учун бериш шарти ФК 618-моддасининг иккинчи қисмига зиддир.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини қондириш тўғрисида тўғри қарор қабул қилди.

Кўриб чиқилган ҳолатда ХФ низони судгача ҳал этиш чораларини кўрмади, бу эса суд харажатлари тарзида қўшимча харажатларга олиб келди. Қонун ҳужжатлари ва ФКда, хусусан, бундай ҳолларда амалга ошириладиган хатти-ҳаракатларнинг етарлича дастаклари мавжуд.

Аввало лозим даражада расмийлаштирилган тасдиқланган харажатларни (масалан, қарз шартномаси ёки бошқа шартномалар бўйича) ФКда белгиланган тартибда қоплаш мумкин эди. Бундан ташқари, агар ХФ ҳақиқатда мазкур бино қурилишида харажат қилган бўлса, у, хусусан, бино қийматига тенг ёки ундан кўп дивидендлар суммаси бўлганда унга дивидендлар тўланиши ўрнига бинони ажратишни талаб қилиши мумкин эди.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1970 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика