Хусусий корхонамизда ходимлардан бири компьютер монитори ўғирлаётганда қўлга тушди. Директор бу далил ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълум қилиши шартми?
Д.Раимберганов.
– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш – энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Башарти талон-торож қилинган мулкнинг қиймати ЭКИҲнинг 30 бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш деб ҳисобланади.
Устав фондида давлат улуши бўлмаган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мол-мулки уларнинг ходими томонидан оз миқдорда талон-торож қилиниши фақат мазкур корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддасига кўра, Жиноят кодексининг 167-«Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш», 170-«Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш», 172-«Мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш», 173-«Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш» моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилади.
Шу тариқа, агар хусусий корхонангизнинг устав фондида давлат улуши бўлмаса, ходимга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят иши тўғрисида иш юритишни қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига талон-торож қилиш далили бўйича мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилиш корхона раҳбари, мулкдори ёки ваколатли бошқарув органининг хоҳишига боғлиқдир.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.