Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 23 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Ширкатдан чиқиш муаммоси

Уйда яшовчилар қарийб бир йилдан бери ширкатни рўйхатдан ўтказа олмаяптилар. Чилонзорнинг 5-мавзесида жойлашган 13-сон уйимиз яқин вақтгача «Басавлат Коммуналчи» ХУМШга кирар эди. Тўрт қаватли уйнинг техник ҳолати йил сайин ёмонлашиб борди. Томдан чакка ўтади, «лежаклар» ва иссиқлик узеллари авария ҳолатида. Иссиқлик таъминотининг квартиралар ичидаги устунлари алмаштирилиши керак. Уй хўжалигини тартибга келтириш хусусидаги буюртманомаларимиз натижа бермади. Ширкат раҳбарларида ҳаммасига жавоб битта: «Маблағ йўқ». Охир-оқибатда сабр косамиз тўлди. Умумий мол-мулкни яхшилаш ишларининг бир қисмини ўз кучимиз билан бажара бошладик. Кўп қўшниларимиз квартиралардаги устунларни алмаштирдилар, томнинг 80%ини ўз кучлари билан ўзгартирдилар. Бу жуда серхаражат иш, бироқ ХУМШ таъмирлашга сарфланган маблағларни лоақал қисман компенсациялашдан бўйин товлади.

Бундан ташқари, 2014 йилда ширкат, тушунишимизча, куз-қиш даврига тайёрланиш учун банкдан кредит олди. Бу қонун ҳужжатларини бузиб, уйда яшовчиларнинг розилигини олмасдан қилинган. Кредит маблағлари ҳисобига йўлакларимизни таъмирлаб беришди, ҳолбуки ўша пайтда уйда ўта шошилинч ва муҳим ишларни бажариш зарурати бор эди. Биринчи навбатдаги ишлар деб ҳисобланмайдиган таъмирлашга олинган қарздан фойдаланмай турса ҳам бўлади, бу – кредит маблағларидан самарасиз фойдаланишдир. Натижада биз уйда яшовчиларнинг розилигисиз олинган қарзни қайтаришимиз керак.

2014 йил августда биз умумий йиғилишда катта ХУМШдан чиқиш ва бир уйда ХУМШ ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Йиғилиш қарори баённомасини собиқ ширкатга бердик, рўйхатдан ўтказишга ҳужжатларни тайёрладик. Бироқ кутилмаганда муаммолар вужудга келди. Чилонзор туман ҳокимлиги ҳузуридаги рўйхатга олиш органи ҳужжатлар пакетида тақсимлаш баланси йўқлигига асосланиб, ХУМШни рўйхатдан ўтказишдан бош тортди. Биз тушунтириш сўраб мурожаат қилган Чилонзор туман ХУМШ уюшмаси бошқарувининг раиси ҳам ушбу ҳужжатни тақдим этиш зарурлигини тасдиқлади. Бироқ, билишимизча, катта ширкатдан чиқиш ва мустақил ХУМШ ташкил этиш чоғида тақсимлаш баланси талаб қилинмайди.

Агар ХУМШ биз билан бирор-бир музокаралар олиб бориш, уйга доир ҳужжатларни беришдан тамомила бош тортмаганда уни тақдим этган бўлардик. Бироқ биз ундан зарурат туфайли чиқишга қарор қилдик-ку, ахир. Уй ҳолатини яхшилашга доир жиддий ишлар қилинмаганлиги боис бизда бажармаган мажбуриятлари бобида аввалги ширкатга нисбатан эътирозлар қолган. У эса солиштириш ўтказиш ва далолатнома тузишдан қатъиян бош тортяпти. Ўзимизни худди аросатда қолгандек ҳис этяпмиз. Амалда аввалги ХУМШдан чиқдик, бироқ янгисини бир йилдан бери рўйхатдан ўтказа олмаяпмиз.

Ҳокимликнинг рўйхатдан ўтказиш учун тақсимлаш балансини тақдим этиш зарурлиги тўғрисидаги талаби, шунингдек катта ХУМШ раҳбарининг бухгалтерия ҳужжатларини солиштиришдан бош тортиши қанчалик қонуний? Ширкат уйда яшовчиларнинг розилигисиз банк кредитини олишга ҳақли эдими?

Р.Сафарова,

13-уй қўмитаси раиси.

Чилонзор-5, Тошкент шаҳри.

 

– Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатига олиш тартиби ва ҳисобга қўйиш тўғрисидаги низомнинг (Президентнинг 10.02.2005 йилдаги ПҚ-3-сон Қарорига 3-илова, бундан кейин – Низом) 6-бандига кўра аъзолар бир қисмининг мавжуд ХУМШдан уни қайта ташкил этмасдан чиқиш йўли билан барпо этаётган ширкатини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақсимлаш баланси талаб қилинмайди. Рўйхатдан ўтказувчи орган Низомда назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни ширкатдан талаб қилишга ҳақли эмас (Низомнинг 7-банди).

Аъзолигидан чиқилаётган ХУМШ ва унинг собиқ аъзолари (квартира мулкдорлари)нинг бажарилмаган ўзаро мажбуриятларига келсак, улар тарафларнинг келишуви билан ёки суд тартибида бажарилади. Янги барпо этилаётган ширкат илгари улар аъзо бўлган ХУМШ олдидаги ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланмайди (Низомнинг 6-банди). Бошқача айтганда, аввалги ширкат яшовчиларнинг бирортаси ўз вақтида бадал тўлашни тўхтатганлиги туфайли тўсиқ яратмаслиги керак.

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунга (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) мувофиқ кредит олиш ҳақидаги қарор ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинади (19-модда). Бошқарув йиғилишда кредитни нимага олиш мўлжалланаётганлиги тўғрисида ахборот; қарзни ўзлаштириш бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиши, шу жумладан мажбурий бадал миқдорини ошириш эҳтимолини асослаши шарт эди. Агар бундай қилинмаган бўлса, демак, ширкат қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларни бузган.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2001 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика