Жисмоний шахсларнинг банкротлиги тўғрисидаги қонун муддатидан аввал – 2015 йил 1 июлдан кучга киради. РФ Президенти Владимир Путин имзолаган ҳужжатга кўра, агар фуқаронинг муддати ўтказиб юборилган қарзи камида 500 минг рублни ташкил этса, у кредиторлар аризасига кўра банкрот деб топилиши мумкин.
Тузатишлар «Ночорлик (банкротлик) тўғрисида»ги Қонунни «Қарздор фуқаронинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорнинг қарзларини қайта таркиблаш» деб номланган янги боб билан тўлдиради. Қарздор банкротлик тўғрисида ариза бериши мумкин бўлган қарзнинг энг кам миқдорини 10 баравар ошириш таклиф этиляпти: кредит бўйича қарзи 500 минг рублдан ошганда қарз олувчи ўзини ночор деб тан олиши мумкин. Бунда қарзни қайта таркиблашнинг энг юқори муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартирилди. Банкротлик хусусида аризани қарз суммаси бундан ҳам кам бўлганда бериш мумкин, бироқ бунинг учун суд қарз олувчининг тўловга ноқобиллигини тан олиши керак.
Банкротлик ишини қарздорнинг ўзи ҳам, кредитор ёки солиқ инспекцияси ҳам бошлаши мумкин. Бир ой мобайнида жисмоний шахс қарзнинг 10%идан ошадиган суммани тўламаган, унинг умумий миқдори эса мол-мулк қийматидан ошадиган тақдирда ҳам улар ариза бера оладилар.
Агар қарзлар сўндирилмаса, суд жисмоний шахсни банкрот деб топади. Бунда унинг 5 йил мобайнида кредит олиши тақиқланади ва у 3 йил юридик шахсларни бошқаришда иштирок эта олмайди. Бундай чекловлар якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам тааллуқли. Бундан ташқари, 5 йил мобайнида якка тартибдаги тадбиркорлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллана олмайдилар. Банкротлик таомили якунлангунга қадар хорижга чиқиш ҳам чекланиши мумкин.
Манба: gazeta-unp.ru.
БИЗДА ҚАНДАЙ
Ўзбекистон қонун ҳужжатларига, хусусан, «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга (24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун билан тасдиқланган янги таҳрирда, бундан кейин – Қонун) кўра, агар жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлмаса, у банкрот деб топилиши мумкин эмас.
Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан 3 ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, агар унинг мажбуриятлари суммаси унга тегишли бўлган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлса, бу ҳол жисмоний шахснинг (юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган шахснинг) банкротлиги аломати деб эътироф этилади. Агар қарздор узоқ вақт (3 ойдан кўп – илгари 6 ойлик муддат белгиланган эди) кредиторларга мажбуриятлари бўйича қарзини тўламаса ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловларни киритмаса, у бундай қилиш ҳолатида эмас, яъни тўловга ноқобил деб баҳоланади.
Кредитор – якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлган жисмоний шахс, агар унинг қарздорга нисбатан талаблари бундай кредиторнинг тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, судга қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Шунингдек қуйидагилар мажбуриятларни бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқига эга:
пул мажбуриятларини – қарздор, кредитор ва прокурор;
мажбурий тўловлар мажбуриятини – қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлар.
Агар кредитор – якка тартибдаги тадбиркорнинг қарздорга нисбатан талаблари шахсий тусдаги талаблардан келиб чиқса, бундай шахс хўжалик судига қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас. Гарчи бундай кредитор қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга бўлмаса-да, унинг талаблари банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганидан кейин кредиторларнинг талаблари реестрига киритилади.
Кредитор тўғрисидаги ахборот реестрга киритилиши учун кредитор – жисмоний шахс ўз талабларини эълон қилаётганда ўзи ҳақидаги маълумотларни (фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт маълумотларини), шунингдек банк реквизитларини (мавжуд бўлса) кўрсатиши керак.
Қонунга мувофиқ тугатиш массасидан чиқариладиган якка тартибдаги тадбиркор мол-мулкининг умумий қиймати ЭКИҲнинг 50 бараваридан ошмаслиги керак. Бунда тугатиш массасига қарздор – якка тартибдаги тадбиркорнинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулки (турар жой, квартира, уй-рўзғор буюмлари ва анжомлари, кийим-кечак ва унинг оиласи нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган бошқа буюмлар, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно) киритилмайди.
Ўз ахборотимиз.