Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 23 / Мен истеъмолчиман

Рекламачилар учун «ўйин» қоидалари

2015 йил I чорагида Давлат рақобат қўмитаси (бундан кейинҚўмита) ходимлари реклама бозорининг 70 субъекти ва айрим сегментларини тадқиқ қилдилар ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг 54 та бузилиши ҳолатини аниқладилар. 37 нафар тадбиркорлик субъектига ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш тўғрисида кўрсатмалар берилди. 19 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) мувофиқ жарима санкциялари қўлланди.

Ҳуқуқбузарликларнинг таркиби рекламачилар кўп ҳолларда нотўғри реклама бериш йўли билан «ўйин қоидалари»га риоя этмаётганликларини кўрсатди. Ҳуқуқбузарликларнинг баъзилари тўғрисида Давлат рақобат қўмитаси реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасининг бошлиғи Дилшод АЗИМОВ сўзлаб берди.

 

ЎЗГАНИНГ ОВОЗИДА

«Фанера» остида куйлаш истеъмолчиларнинг шунчалик меъдасига теккан кўринадики, Қўмита ходимлари ундан тижорат концертлари вақтида шоу-бизнесда фойдаланишнинг қонунийлигини ўрганишга мажбур бўлдилар. Сўз тингловчиларни ижрочи ўз овози билан жонли куйламаётганлиги, балки ашулага тақлид қилаётганлиги хусусида хабардор қилиш зарурлиги тўғрисида боряпти. Ушбу иш натижаларининг кўрсатишича, кўп санъаткорлар (ўзимизникилар ҳам, меҳмонга келганлари ҳам) фонограммадан фойдаланиш қоидаларини бузяптилар. Қисқа қилиб айтганда, халтура қиляптилар. Куйлаётгандек кўринсалар-да, аслида мусиқага қараб фақат оғизларини очадилар, баъзида ҳатто артикуляцияни уддалай олмайдилар. Алданган истеъмолчининг ғазабланишини тушуниш мумкин, зеро у жонли ашуладан роҳатланиш учун чипта сотиб олиб, тақлидни кўради. Вазият машҳур бренд модели нархида контрафакт товар сотиб олиш ҳолатига ўхшайди.

Истеъмолчилар «фанера»га қанчалик салбий муносабатда бўлмасинлар, театр-концерт тадбирларини ўтказишда ундан фойдаланишга қонун ҳужжатлари билан рухсат берилган. Баъзи ҳолларда буни ҳатто оқлаш мумкин. Асосийси, алдов бўлмасин. Агар бу – тижорат концерти бўлса, ташкилотчилар унинг рекламасида томошабинларни фонограммадан фойдаланилиши тўғрисида албатта хабардор қилишлари керак. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон, бундан кейин – 221-I-сон Қонун) 6-моддаси талаби ана шундай. Унда ижрочи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлигини назарда тутадиган умумий ёндашув ҳам белгиланган.

Албатта, концертларнинг ташкилотчилари ўйин қоидаларини билмайди деб ўйлаш соддаликдир. Шундай экан, нима учун баъзилар жонли эмас, балки ёзиб олиш воситаси орқали томошабинларнинг кўнглини очишларини тан олмайдилар. Чунки бу аввало йиғимларда акс этади. Зеро истеъмолчи ижрочини ёзиб олинган ҳолда уйда ҳам тинглаши мумкин, бунда фақат дискка пул сарфлайди. Тўғри, кўпгина ашаддий мухлислар машҳур ижрочини кўриш учун концертга келишни афзал кўрадилар. Шундай бўлса-да, тижорат концертларида «фанера» остида куйлаш бугунги кунда номақбул ҳол деб ҳисобланмоқда. Томошабин ўз пулини нимага: жонли товуш ёки алдов, халтурага сарфлаётганлигини билиши керак.

Бу ҳақда истеъмолчини қандай хабардор қилиш Театр-концерт тадбирларини ўтказишда фонограммадан фойдаланиш тўғрисида маълумотни тақдим этиш қоидаларида1 назарда тутилган. Жонли товуш алмаштирилиши тўғрисидаги хабарда албатта «Фонограммада ижро этилади» деб кўрсатилади. Ушбу ахборот концертнинг рекламаси, ­эълони, анонслари, афишалари, дастур рисолаларида қайд этилиши керак. Қоидаларда ТВ, радио, ОАВ фонограммада ижро этиш тўғрисида хабардор қилиши талаб қилинади. Қонун ҳужжатларини бузадиган инсофсиз концерт ташкилотчиларига нисбатан МЖТКда назарда тутилган жарима санкциялари қўлланади. Агар истеъмолчи концерт вақтида уни алдашганини аниқласа, 221-I-сон Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ у чипта учун тўланган пулни қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир.

Назорат қилиш натижалари бўйича томошабинларни фонограммадан фойдаланилиши тўғрисида хабардор қилмаган концерт ташкилотчиларига истеъмолчиларга чипта пулини қайтариш талаб қилинган кўрсатмалар юборилди. Бундай ҳолларга қарши тарзда Давлат рақобат қўмитаси жонли товушда ўтган ўзбек эстрадаси юлдузи Гулсанам Мамазоитова ҳамда «IOSIS» ХК концертлари юксак даражада ўтганлигини таъкидлади.

Бир қатор мамлакатларда фонограммада ижро этиш умуман тақиқланган. Уларда бунга сифатсиз товар ёки хизмат сифатида қаралади. Хусусан, Хитойда тижорат концертларида «фанера»дан фойдаланганлик учун катта жарималар тўлашга тўғри келади. Чет эллик ижрочиларга эса бундай «ашула» учун мамлакатга 5 йил мобайнида киришга рухсат беришдан бош тортилади. МДҲ мамлакатларида бундай тақиқ Беларусь ва Туркманистонда ўрнатилган. Бошқа мамлакатларда фонограммадаги ижро учун чипталар нархини пасайтириш таклиф қилинади. Баъзи мамлакатларда эса жонли овозда куйловчилардан фарқ қилиб, томошабинларга сунъийсини таклиф қилувчиларнинг «қора рўйхатлари» тузилади.

Бизда эса ушбу масалага ёндашув қуйидагича: истеъмолчи хизмат тўғрисидаги ишончли ахборот асосида ўз танловини амалга ошириши керак.

 

ХИТ-ПАРАД ЧАЛА БЎЛДИ

Пойтахтдаги «Истиқлол» саройида ўтказилган «Афсонавий хит-парад» концерти томошабинлар ҳафсаласини пир қилди. Унинг ташкилотчилари рекламада машҳур хорижий ижрочилар: Алиса Мон, Наталья Гулькина, «Комбинация», «Оттаван», «Бони М» гуруҳлари иштирок этишини ваъда қилган эдилар. Ҳақиқатда эса фақат «Бони М» концертда бўлди. Қолганлар қаерга кетишди? Концерт ташкилотчиси «Meridian music» МЧЖ томошабинларга на тушунтириш берди, на сифатсиз хизмат учун узр сўради. Кимдир алдовдан шикоят қилди. Кимдир барибир ҳеч нарсага эришиб бўлмайди дея қўл силтади. Бундай йўл тутиш нотўғри. Зеро, бундай ҳолатлар қонун ҳужжатларида аниқ тартибга солинади.

Истеъмолчи рекламадан концерт тўғрисида ахборот олди. «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон, бундан кейин – 723-I-сон Қонун) 6-моддасига кўра у аниқ ва ишончли бўлиши керак. Нотўғри реклама рекламадан фойдаланувчиларни чалғитиши, уларга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин (723-I-сон Қонуннинг 13-моддаси). Қўмита реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, қонунбузар аксилреклама бериши шарт. Аксилреклама раддия берилаётган реклама эълон қилинган айни ўша ОАВда берилади (723-I-сон Қонуннинг 28-моддаси).

Бироқ бунда концерт ташкилотчиси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунни ҳам бузади. Аввало шуни ёдда тутиш лозимки, ижрочи истеъмолчига хизматлар ҳақида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт (221-I-сон Қонуннинг 6-моддаси). Нотўғри реклама оқибатида кўрсатилган хизмат туфайли истеъмолчига етказилган зарар ижрочи томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим (221-I-сон Қонуннинг 7-моддаси). Яъни бизнинг ҳолатда томошабинлар қонуний асосда чипта пуллари қайтарилишини талаб қилишлари мумкин.

Қўмита «хит-парад» ташкилотчисига нисбатан реклама ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида иш очди. «Meridian music» МЧЖга аксилрекламани жойлаштириш, истеъмолчилар кассага тақдим этган чипталар учун пулни уларга қайтариш, бундан кейин бу хил қонунбузарликларга йўл қўймаслик талаб қилинган кўрсатма юборилди. Унинг раҳбари зиммасига МЖТКга мувофиқ жарима солинди.

 

ЎЗИГА ЎЗИ ШИФОКОР

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бонг урадиган палла келди: кейинги йилларда ўзини ўзи даволаш билан шуғулланадиган истеъмолчилар сони анча кўпайди. Фуқароларнинг ўзлари ўзларига ташхис қўядилар, қабул қилинадиган дориларни тайинлайдилар. Хулласи калом, ўзларига ўзлари шифокорлар. Бунинг оқибати, албатта, яхши бўлмайди – бундай ўзбошимчалик соғлиққа фақат зарар келтиради.

Дори воситаларининг кенг миқёсли рекламаси, ўз хасталиклари тўғрисида Интернетда, форумларда ахборот олиш ва уларни даволаш имконияти бундай тамойилга қисман йўл очади. Бироқ ошириб реклама қилинган восита қўшимча таъсирга эга бўлиши мумкин, улар ҳақида ушбу ахборот манбалари ҳеч нарса демайди. Уларни шифокорлар организмнинг хусусиятлари, бошқа касалликлар, бошқа препаратлар билан таъсирини ҳисобга олган ҳолда тайинлайдилар. Сиз тумов бўлганда «мўъжизакор таъсир қилувчи» дорини ичишингиз бир нарса, операция тавсия қилинганда «супервосита» рекламаси усиз шифо топишингизни ваъда қилиши – бошқа нарса. Мутахассисларни буларнинг ҳаммаси ташвишга солмоқда. Айни шу сабабли улар дорилар ҳамда биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасига қўйилган талабларни қаттиқлаштириш керак деб ҳисоблайдилар.

Қўмита мутахассислари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтган чоракда ОАВ ва турли буклетлардаги препаратлар рекламасини ўргандилар. Ўзбекистонда фақат рецептсиз бериладиган дорилар рекламасига рухсат берилган. 723-I-сон Қонуннинг 22-моддасида аниқлаштирилишича, қуйидагиларни реклама қилиш тақиқланади: фақат шифокорнинг кўрсатмаси (рецепти) бўйича бериладиган дори воситалари; таркибида гиёҳвандлик воситалари ва (ёки) психотроп моддалари бўлган дори воситалари; мамлакатда тиббиётда қўлланишга рухсат берилмаган дори воситалари. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатисиз вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилиш ҳам тақиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг 15.12.2014 йилдаги 341-сон Қарори билан Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Витаминли ва биологик фаол озиқ-овқат қўшимчаларини ҳам ваколатли давлат органларининг уларни қўллаш ва реализация қилишга махсус рухсатисиз реклама қилиш мумкин эмас.

Бироқ назорат қилувчи органларнинг реклама бозорининг ушбу сегментига жуда эътибор билан қарашларига қарамай, унинг иштирокчилари қонунбузарликларга йўл қўйишда давом этяптилар. Натижада баъзи ОАВлар ва улар жумласига кирадиган сайтларда «бутун оила учун» ёки «барча касалликлардан» халос қилувчи «мутлақо хавфсиз», «оқибатларга олиб келмайдиган», барча хасталикларни даволашга, бир ойда 20 кг га озишга «кафолат берувчи» «ноёб дорилар» тўғрисида реклама пайдо бўлмоқда. Таркибида табиий компонентлар борлиги ҳисобига дори воситалари ёки биологик фаол қўшимчаларнинг хоссалари ошириб кўрсатиляпти ва ҳоказо.

Мана, масалан, Осиё медведкаси рекламасида нима дейилади: «Экологик тоза биоқўшимча, сил ва яна бир талай хасталиклардан даволайди. Оламшумул даражада самарали, мутлақо зарарсиз, сеҳрли хоссаларга эга». Шундан кейин уни 175 минг сўмга сотиб олмай кўрингчи? Ёки хилма-хил мўъжизали билагузукларни айтмайсизми? Уларнинг 200 минг сўмга сотиладиган баъзиларидан ҳеч муболағасиз «NASA космик маркази астронавтлари фойдаланадилар. Улар технологияси ернинг голограммалари ва табиий энергетик майдонлари соҳасида узоқ муддатли тадқиқи ҳисобланади. Одамнинг биомайдонини уйғунлаштиради, чидамлилик, куч, қайишқоқлик, ҳаракатчанлик ва бошқа хоссаларни мувофиқлаштиради». Экземадан «ғайриоддий» препарат рекламасида «жуда яхши ёрдам беради, ўзимиз текшириб кўрганмиз» дея ишонч билан хабар қилинади. Жуда «ишонтирарли». Вазннинг фантастик тушиши, хушбичим қоматни кафолатлайдиган капсулалар, оҳанграболар. Соғлиғингиз учун «энг яхши» озиқ-овқат қўшимчалари. Хуллас, сотиб олишингиз билан соғлом ҳамда бахтли бўласиз. Ўзини шубҳали даражадаги юқори сифатлашлардан ҳимоя қилиш учун истеъмолчи дори воситаларининг бундай рекламаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланганлигини билиши керак.

Рекламани жойлаштириш тўғрисида низомда2 (бундан кейин – Низом) назарда тутилишича, дори-дармон воситаларининг рекламаси уларни қўллаш ва ишлатишга тақиқнинг мавжудлиги; қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассисларнинг маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш билан олиб борилиши керак (18-банд). Босма ОАВда дори-дармон воситалари барча рекламасининг камида 10%и ҳамда телевидениеда реклама ролиги бошланиши ёки охирида эфир вақтининг камида 5 секунди ушбу огоҳлантиришга ажратилиши керак, шунингдек радиода дори-дармон воситаси рекламасининг бошланиши ёки охирида овозли форматда хабар берилиши лозим.

Низомнинг 18-1-бандида дори-дармон воситасини ноёб, энг самарали, қўшимча таъсирларнинг мавжуд эмаслиги жиҳатидан энг хавфсиз восита сифатида тақдим этиш ёки унинг таъсири кафолатланганлигини таъкидлаш тақиқланади. Реклама дори-дармон воситасининг таркиби, ишлаб чиқарилиши, янгилиги ёки патентланганлиги хусусида янглиш тасаввур бермаслиги керак. Мазкур дори-дармон воситасининг хавфсизлиги ва самараси унинг табиий келиб чиқиши билан боғлиқ эканлигини даъво қилишга ҳам йўл қўйилмайди. Реклама натижасида тиббий маслаҳатлар ёки жарроҳлик операциялари кераксиз деган тасаввурни ҳосил қилиш; дори-дармон воситасини қўлламасликдан кишининг соғлиғи ёмонлашишини онгга сингдириш ҳам қонунбузарлик бўлади. Биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламаси улар дори-дармон воситалари эканлиги ёки даволаш хоссаларига эгалиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилмаслиги керак. Зеро кўпинча айнан тескариси бўлади.

Реклама бозорининг ушбу соҳасини ўрганиш якунлари бўйича камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар юборилди. Қўмита дори воситалари рекламасини жойлаштириш масалаларини давра суҳбатида муҳокама қилишни режалаштирмоқда, унда ОАВ вакиллари ва реклама тарқатувчилар иштирок этадилар.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК,

махсус мухбиримиз. 

Прочитано: 2376 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика