Бизнинг «Альфа» МЧЖнинг ягона муассиси жамият номини «Бетта» деб ўзгартиришга қарор қилди. Қайта номлаш қандай амалга оширилишини тушунтириб берсангиз. Бунда қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак? Қаерга мурожаат қилиш лозим? Қандай қилиб ва кимни хабардор қилиш даркор?
О.Нуриддинов.
– Сизни қизиқтирадиган саволларга жавобни Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низомнинг1 (бундан кейин – ПҚ-357-сон Низом) II бўлими ҳамда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг2 (бундан кейин – 357-сон Низом) 15-банди беради. Уларга асосланиб, биз фирма номини ўзгартириш учун амалга ошириш керак бўлган ҳаракатларнинг намунавий рўйхатини таклиф этамиз.
1. |
Сиз Давлат статистика қўмитасининг www.stat.uz сайтида электрон талабномани тақдим этиш йўли билан хоҳлаётган ва айни вақтда фойдаланса бўладиган фирма номини захирага олишингиз зарур. Уни олгач, Давлат статистика қўмитасининг ходимлари 4 иш соатидан ошмаган муддатда, фойдаланса бўладиган фирма номини захирага олишлари шарт. Бунинг учун тўлов ундирилмайди. Корхонангизнинг захирага олинган хоҳлаётган номининг амал қилиш муддати захирага олиш санасидан бошлаб 60 кунни ташкил қилади.
2. |
МЧЖ муассисининг фирма номини ўзгартириш тўғрисидаги қарори ёзма равишда расмийлаштирилиши керак. Унда аввалги фирма номи кўрсатилган МЧЖ уставига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилиши керак.
3. |
2 нусхада МЧЖ уставига ўзгартиришлар матни расмийлаштирилади, уни ваколатли шахс (директор) имзолайди ва МЧЖ муҳри билан тасдиқланади.
4. |
Захирага олинган фирма номи кўрсатилган МЧЖ муҳри ва штампи эскизлари 2 нусхада расмийлаштирилади.
5. |
ЭКИҲнинг 50%и миқдорида давлат божи тўланади.
6. |
МЧЖнинг ягона муассиси томонидан уни қайта номлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 1 ой мобайнида уни рўйхатдан ўтказган органга ўзи келган ҳолда, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ариза;
МЧЖ муассисининг унинг уставига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарори;
МЧЖ уставига ўзгартиришлар матнининг 2 нусхаси;
давлат божи тўланганлиги ҳақида банк тўлов ҳужжати;
давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси;
янги фирма номининг захирага олиниши тасдиғи – Давстатқўм сайтида талабнома ташаббускорига тақдим этиладиган, фирма номларининг марказлаштирилган маълумотлар базасида фойдаланса бўладиган фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль;
алмаштириладиган муҳр ва штамп, шунингдек янги муҳр ва штампнинг 2 нусхадаги эскизи (ПҚ-357-сон Низомнинг 33-банди, 357-сон Низомнинг 72-банди).
7. |
Қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин олинган, рўйхатдан ўтказувчи органнинг муҳри билан тасдиқланган муҳр ва штамп эскизлари олингач, янги фирма номи билан муҳр ва штамп тайёрлаш учун штемпель-ўймакорлик корхонасига мурожаат қилиш керак.
8. |
Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқноманинг3 38-банди маъносига кўра, муҳр алмаштирилгандан кейин корхона хизмат кўрсатувчи банкка имзолар намуналари ва янги муҳр изи бўлган янги карточкани тақдим этиши шарт. Яна у банкка унинг уставига киритилган ўзгартиришлар нусхасини тақдим этиши керак. Агар МЧЖ хорижий сармоя иштирокидаги корхона бўлса, у нотариал тасдиқланган бўлиши керак (Йўриқноманинг 39-банди иккинчи хатбошиси).
9. |
Агар МЧЖ бирор-бир фаолият турларини амалга оширишга лицензияга эга бўлса, у қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, фирма номи ўзгарганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт. У тасдиқлаган давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида янги гувоҳнома ва унинг уставига ўзгартишлар матни нусхалари ана шундай ҳужжатлардир.
Ҳужжатларни лицензияловчи органга бевосита почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилиши мумкин. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензиатнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Бундан ташқари, лицензияловчи орган ҳисобрақамига миқдори лицензияланаётган фаолият турига боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатлари билан белгиланган йиғимни ўтказиш зарур (25.05.2000 йилдаги «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги 71-II-сон Қонуннинг 15, 20-моддалари) тақдим этиш мумкин.
10. |
Фирма номи ўзгарганлиги ҳақида ўз контрагентларини ёзма равишда хабардор қилиш мақсадга мувофиқдир. Агар бу ҳақда хабардор қилиш зарурати улар билан тузилган шартномаларда назарда тутилган бўлса, буни албатта амалга ошириш керак.
Солиқ органларини хабардор қилишга келсак, уларни рўйхатдан ўтказувчи орган уставга ўзгартишлар киритилган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай хабардор қилиши шарт. Бундай вазифа Солиқ кодексининг 84-моддаси биринчи қисми билан унинг зиммасига юкланган.
Шуни эътиборда тутиш лозимки, амалдаги қонун ҳужжатларида тижорат ташкилоти бошқа шахсларнинг ҳам номи ўзгаришидан хабардор қилиши ва бир қатор ҳужжатларни қайта расмийлаштириши лозимлиги белгиланган. Бу ҳол унинг фаолият турига боғлиқ. Чунончи, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (5.04.2002 йилдаги 358-II-сон) 14-моддасида суғурталовчи унинг фирма номи ўзгарган тақдирда бу ҳақда суғурта қилдирувчиларни ОАВ орқали, ўз ижросидаги 1 йилдан ортиқ муддатли суғурта шартномалари бўйича эса шахсан ва ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Худди шу нарса ҳақида ва ўша суғурта қилдирувчиларни, шунингдек суғурта фаолиятини тартибга солувчи ва назорат этувчи махсус ваколатли давлат органини (Молия вазирлигини) ҳам суғурта ва қайта суғурта брокерлари хабардор қилишлари шарт («Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонун 8-1-моддаси учинчи қисмининг олтинчи хатбошиси).
Агар ташкилот электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш маркази ҳисобланса, унинг номидаги ўзгартиш унинг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида қайта рўйхатдан ўтказишга олиб келади (Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг4 18-банди).
1Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори билан тасдиқланган.
2ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон Қарорига 1-илова.
3МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
4ВМнинг 26.09.2005 йилдаги 215-сон Қарорига 1-илова.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Profi» эксперти.
Дарвоқе
● «Электрон шаклда фирма номларини захирага олиш тизими» жорий этилган пайтдан бошлаб 220 мингдан ортиқ фирма номлари захирага олинди.
● 2015 йилнинг январь–март ойларида 20 мингдан ортиқ фирма номи захирага олинди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларидан.