Norma.uz

Ҳар кимга ҳам қулай бўлсин учун

Газетхонлардан келадиган хат-хабарлар ҳар қандай нашрнинг оммавийлиги ва муштарийлар наздидаги нуфузи кўрсаткичларидан биридир. «Norma» газеталари бирлашган таҳририяти» учун бу кўрсаткич газетхонлар жавобини олган саволларгина эмас, балки таҳлилий хусусиятдаги хатлар ҳамдир. Айни шу факт аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ўсиб бораётганлиги натижаси сифатида баҳоланиши мумкин. «Пенсия иши» махсус нашримизнинг ҳам бунда, ҳеч шубҳасиз, ўз улуши бор деб умид қиламиз.  

 

Хатлардаги мавзу бағоят ранг-баранг. Одамлар турли ҳолатлар туфайли ўзлари тушиб қолган вазиятлар ҳақида сўз юритадилар ёхуд у ёки бу ҳужжатнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги ва тўғрилиги ҳақида ўз фикрларини айтишга ҳаракат қиладилар.

Доимий газетхонларимиздан Ольга Александровна Горбуновани хат ёзишга ундаган нарса жамғариб бориладиган пенсия бадалларини олиш қоидалари тўғрисидаги «Жамғарилдими – олинг» («Норма маслаҳатчи»нинг 11.11.2014 йилдаги 45-сони) сарлавҳали материал бўлди... Хат муаллифи бу тартиб-таомил муайян даражада чўзилиб кетишидан, даҳмазаси кўплигидан нолийди. У киши ўн йил ичида биринчи марта, пенсияга чиққанидан кейин Халқ банкига ўз жамғармасини олиш муддаоси билан мурожаат этишга аҳд қилган. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг бўлимига бориб учрашгач, аввал жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишга бўлган ҳуқуқи ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш зарур эканлигини эшитиб, таажжубга тушган. Унинг фикрича, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси омонат дафтарчасига айнан ўхшаш, бинобарин унда кимники эканлиги кўрсатилган. Ёшни эса пенсия гувоҳномасини кўрсатмасдан туриб ҳам, паспортга қараб аниқласа бўлади. Чунки жамғариб борилган бадалларни олиш ҳуқуқи ёшга доир пенсияни олиш ҳуқуқи билан бир вақтда юзага келади. Ольга Александровна бу схемани тубандагича соддалаштиришни таклиф этади: паспорт ҳамда бадаллар ҳақидаги ёзувлар қайд этиб борилган ШЖБПҲ дафтарчаси билан тўғри банк кассасига бориб учрашиш керак. Қоида талаб этганидек, фақат яшаш жойидаги банкка эмас, балки ҳар кимга қулай бўлсин учун иш жойидаги банкка (ишловчи пенсионерлар учун) бориб пулни олиш имконияти таъмин этилишини жуда-жуда истайди газетхон.

Бир йўла таъкидлаб кета қолайлик. Материални ўқиб чиққач, Ольга Александровнада, унинг ўзи эътироф этганидек, «жамғариб бориладиган бадални олиш учун банкка бориш ва жамғармасини олиш хоҳиши батамом йўқолган». Умид қиламизки, бунинг сабаби материалнинг ёзилиш сифатида эмас, негаки муаллиф жамғариб бориладиган бадалларни олишдаги ҳаракат механизмини қадам-бақадам тушунтириб берган.

Газетхонимизнинг, балки ўзида журъат топиб Пенсия жамғармасининг бўлимига борган ва банкда навбат кутиш «синови»га дош берган бошқа пенсионерларнинг норизолигини тушунган ҳолда шуни эслатиб ўтмоқчимизки, фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади6. Жамғариб бориладиган пенсия маблағларини тўлаш учун банк билан тузиладиган меҳнат шартномасига ҳам бу гап тааллуқлидир.

 

6«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон); «Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидан маблағларни тўлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон Қарорига 3-илова).

Прочитано: 2081 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика