Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 16 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Интеллектуал мулк муҳофазаси – давр талаби

Мамлакатимизда Берн конвенцияси қоидалари амал қила бошлаганига ўн йил тўлди

 

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, биз яшаётган XXI аср – интеллектуал бойлик ҳукмронлик қиладиган асрдир. Кимки бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш ҳар қайси миллат ва давлат учун кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса – бундай давлат жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиб кетиши муқаррар.  

 

Мамлакатимизда интеллектуал мулк ривожига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Аждодлардан мерос бебаҳо маънавий хазина ва маданий ёдгорликлар қайта тикланиб, халқимизга етказилиши билан бир қаторда замондош ижодкорлар, ихтирочилар эркин ва самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит яратилди.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ушбу йўналишда халқаро интеграцияни изчил йўлга қўйгани муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлаётир. Жумладан, мамлакатимиз 1991 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти аъзолигига қабул қилинган бўлса, 2005 йил 19 апрелдан Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси қоидалари юртимизда амал қила бошлади.

 1886 йил 9 сентябрда қабул қилинган Берн конвенцияси фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган муносабатларни тартибга солиш, муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Мамлакатимизнинг мазкур конвенцияга қўшилиши муаллифлар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳуқуқ эгаларига катта имкониятлар яратди. Айни пайтда муаллифларимиз асарларидан конвенцияга аъзо 170 дан зиёд давлат ҳудудида тегишли ҳуқуқларга риоя этилган ҳолда фойдаланилмоқда. Бу ижодкорларни юксак савиядаги асарлар яратишда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга замин яратаётир.

Берн конвенцияси аъзо давлатларда тўғридан-тўғри ёки унинг қоидаларини соҳага оид миллий қонунчиликда акс эттириш орқали қўлланилади. Мамлакатимизда Берн конвенцияси қоидаларига амал қилиш, ушбу қоидаларни миллий қонунчиликда акс эттириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

2006 йили янги таҳрирда қабул қилинган «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида муаллифлар манфаатлари кенгроқ ифодаланди. Хусусан, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳамда ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ва эшиттиришларини ташкил этувчи турдош ҳуқуқлар эгалари ҳуқуқлари ҳимояси мустаҳкамланди.

Қонунга мувофиқ муаллиф ҳуқуқи бузилган ҳолда унинг тикланишини ва етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг рухсатсиз такрорланиши ёки тарқатилиши контрафакт нусха ҳисобланади. Бундай «товар»лар тегишли тартибда мусодара қилинади.

Бошқача айтганда, асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, шунингдек, уларни тайёрлаш ва такрорлашда фойдаланиладиган материаллар ва асбоб-ускуналар ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарликнинг бошқа воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида мусодара қилинади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида баён этилганидек, асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг мусодара қилинган контрафакт нусхалари йўқ қилиниши керак.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш, мамлакатимиз ҳудудига қалбаки товарлар ноқонуний олиб кирилиши ва айланишига чек қўйиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу вазифалар 2011 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги зиммасига юкланган.

Интеллектуал мулк соҳаси ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисмига айланиб бормоқда. Шу боис интеллектуал мулк ҳимоясини ривожлантириш, контрафакцияга қарши курашни кучайтириш долзарб вазифалардандир. Бу борада агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ ва Божхона қўмиталари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаменти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Контрафакт маҳсулотларни олиб кириш ва улар ноқонуний муомаласининг олдини олиш бўйича тасдиқланган тадбирлар режасига мувофиқ 2014 йилда гавжум жойлар, бозорлар, савдо комплекслари ва шохобчаларда мониторинг олиб борилган ва етти юздан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақдаги маълумотлар тегишли идораларга юборилган. Қўлга тушган контрафакт маҳсулотлар бўйича эксперт хулосалари берилган. Шунга асосан умумий қиймати икки миллиард сўмликка яқин контрафакт маҳсулотлар тегишли тартибда йўқ қилинган. Бундай чоралар натижасида миллий қадриятларимизга зид, ёшларимиз маънавий оламига соя солишга қаратилган аудиовизуал «асарлар» пештахталардан олиб ташланаётгани эътиборга молик. 

Буларнинг ҳаммаси халқимизнинг маънавий ва моддий манфаатларини таъминлаш, интеллектуал мулкни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

 

ЎзА.

Прочитано: 2539 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика