Биз акциядорлик жамиятимизда кўп йиллардан буён ҳалол меҳнат қилиб келаётган ходимимизга миннатдорчилик билдириб, ёрлиқ топширишни, уни мукофотлаш ва бу ҳақдаги ёзувни унинг меҳнат дафтарчасига қайд этишни мўлжаллаяпмиз. Буни қандай қилиб амалга оширса бўлади?
Т.Михайленко,
кадрлар бўлими ходими.
Навоий вилояти.
– Бундай ёзувлар меҳнат дафтарчасига қайд этилмайди.
Барча ёзувларни ушбу ҳужжатга Меҳнат кодекси (МК) ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқнома (МВ ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) меъёрларига қатъий мувофиқликда амалга ошириш керак.
Меҳнат дафтарчасининг ҳозирги бланкида (1.04.1996 йилдан амалга киритилган) «Рағбатлантириш тўғрисидаги маълумотлар» ва «Тақдирланганлиги тўғрисидаги маълумотлар» бўлимлари мавжуд эмас.
Гарчи амалиётда ҳозир ҳам «Рағбатлантириш тўғрисидаги маълумотлар» ва «Тақдирланганлиги тўғрисидаги маълумотлар»ни назарда тутадиган меҳнат дафтарчалари қўлланса-да, ушбу бўлимларга ёзувлар киритиш мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, ходимларга илгари берилган эски намуналардаги меҳнат дафтарчалари бугунда ҳам амал қилади ва алмаштирилмайди. Бироқ улардаги ёзувлар бугунги кунда амал қиладиган меъёрлар бўйича қайд этилиши керак. Мазкур талаб МК талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқнома билан ишлаб чиқилган ва уларни юритишнинг ягона тартибини белгилайди.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.