Мен 8 йилдан бери пенсионерман. Яқинда пенсиямни қисқартиришди. Пенсия жамғармаси бўлимида айтишларича, уни тайинлаш пайтида хатога йўл қўйилган, шу боис пенсиям нотўғри ҳисобланган экан. Хатони мен эмас, инспектор қилган. У аниқлангандан кейин пенсияни қайта ҳисоблашди, энди эса камроқ пенсия оладиган бўлишимдан ташқари, 8 йил ичида тўпланиб қолган салмоқли ортиқча тўловни ҳам қайтаришим керак. Ушбу ҳолда ундан аввал ушлаб қолиш мумкин бўлмайдиган 3 йиллик умумий даъво муддати қўлланмайдими?
Р.Ҳамидова.
Тошкент шаҳри.
– Қонуннинг5 65-моддасига мувофиқ ҳисоблаш ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия суммалари ортиқча тўланган тақдирда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига асосан пенсиядан ушланмалар қилиниши мумкин. Қонунда бундай ушланмалар қилиниши мумкин бўлган муддат чекланмаган.
Пенсиядан ойлик ушланмалар миқдори пенсионерга тўланадиган суммадан ҳисобланади. У пенсиянинг 50%идан ошиши мумкин эмас.
Фуқаролик кодексининг 149-моддасига кўра даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати 3 йилни ташкил этади (ФКнинг 150-моддаси). Мазкур ҳолда Пенсия жамғармаси бўлимига ҳисоблаш ёки бошқа техник хато оқибатида ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш ҳуқуқи берилган. Мазкур ҳолда даъво муддати қўлланмайди.
Елена ЕРМОХИНА,
«Norma Profi» эксперти.
P.S. |
Эксперт нуқтаи назари. Бундай ҳолат пенсионерлар аҳволига салбий таъсир кўрсатади. Хатонинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисида ишончсиз маълумотлар ва ҳужжатларни қасддан тақдим этиш билан боғлиқ бўлиши бир масала. Тўғри тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлайдиган ходимларнинг хатоларга йўл қўйиши эса – бошқа масала. Пенсионер камроқ пенсия ола бошлашидан ташқари, салмоқли ортиқча тўловни қайтариб бериши ҳам керак бўлади.
Кекса кишиларни ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва Пенсия жамғармаси бўлими ходимининг ҳисоблаш ёки бошқа техник хатоси оқибатида юзага келган, ортиқча тўланган пенсияни ушлаш мумкин бўлган даврни чеклаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ёки инспектор хато қилганда пенсия миқдори қайта ҳисобланадиган, бироқ ортиқча тўланган сумма қайтарилмайдиган меъёрни жорий этиш лозим. Бундай хатолар учун мансабдор шахснинг моддий жавобгарлигини назарда тутиш ҳам мумкин.
Ҳозирча эса, худди шу каби ҳолатлардан кўринганидек, инспекторнинг анча аввал содир этган хатоси аниқланганда пенсионер жабр кўраяпти. Бироқ бундай ҳолатларни пенсионернинг ўзи ишончсиз маълумотларни тақдим этиши оқибатида пенсия нотўғри ҳисоблаб ёзилган вазиятлардан ажратган маъқул.
5«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон).