Ташкилотимиз раҳбарияти ҳаммани буюртмалар сони камайиши муносабати билан штатнинг қисқариши тўғрисида огоҳлантирди. Бу айниқса пенсияга чиқиш арафасидаги ёшдаги ходимларга тааллуқлидир. Мен 20 йиллик стажга эга бўлганда пенсияга чиқса бўладиган 54 ёшга ҳам кирмаганман. Мени қисқартиришга ҳақлари борми?
С.Райимова.
Янгийўл шаҳри.
– Қисқартириш масалаларини сиз ишлаётган ташкилот раҳбарияти меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг (Меҳнат кодексининг 100–103-моддалари) барча талабларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этиши керак. Афсуски, сиз аниқ ёшингизни айтмагансиз. Агар сиз 53 ёшда бўлиб, 20 йиллик стажга эга бўлсангиз, сизга муддатдан аввал ёшга доир пенсия тайинланиши мумкин. Бу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган, унга кўра технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:
эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;
аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.