Norma.uz

Ҳамиша ардоқ ва эҳтиромда

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастуридаги1 кўпгина вазифаларни ҳал этишда фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасига салмоқли ўрин ажратилган. «Нуроний» жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Усмонов Дастурни амалга ошириш доирасида нималар қилинаётганлиги ва нималар режалаштирилаётганлиги хусусида гапириб берди.

 

– Шуҳрат Ғиёсович, Ўзбекистонимизда уруш ва меҳнат фахрийлари сафида қанча одам бор?

– Ихтиёримиздаги маълумотларга қараганда, ҳозирги вақтда мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 2 800 нафар фахрий бор. Меҳнат фронти фахрийлари эса 68 000 нафардан кўпроқдир.

– «Норма маслаҳатчи» Дастурнинг биринчи қисми ҳақида, хусусан, ёши улуғ кишиларнинг пенсия тизимини ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада яхшилашга қаратилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳақида ёзган эди*. Уларга аниқ йўналтирилган ёрдам ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш учун нималар қилинганлиги ҳамда қандай тадбирлар режалаштирилаётганлиги ҳақида гапириб берсангиз.

– Фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги нишонланадиган Хотира ва қадрлаш кунига унча кўп вақт қолгани йўқ. Ҳозир зарур рўйхатларни тайёрлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Ҳар бир фахрий мамлакат Президентининг Фармони2 бўйича 700 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти олади. Уларга, шунингдек юбилей медали ҳамда совғалар, бинобарин, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган рақамли телевидение сигналларини қабул қиладиган телевизорлар ва уяли телефонлар топширилади. Меҳнат фронти фахрийлари ҳам эсдалик юбилей медали билан тақдирланадилар.

Аниқ йўналтирилган ёрдамнинг амалий аҳамиятини март ойининг ўзидаёқ фахрийлар соғломлаштириш учун дастлабки бепул йўлланмалар олганликлари яққол кўрсатиб турибди.

Агар илгарилари бу йўналишда мамлакатимизда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида 8 та соғломлаштириш муассасаси фаолият олиб борган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 37 тага етди. Булар Касаба уюшмалари федерациясининг, турли бирлашмалар ва компанияларнинг юртимиз вилоятларида жойлашган санаторийларидир. Уларнинг ҳаммаси яхши жиҳозланган, мўътабар кексаларимизни даволаниши учун қабул қилишга тайёр.

Ёши улуғ кишиларимизнинг ҳар бири ғамхўрлик ва эътибор марказидадир. Наврўз байрами арафасида уруш ва меҳнат фронти иштирокчиларининг оилалари, кам таъминланган ёши улуғ кишилар давлатимиздан 14 турдаги маҳсулотлар жамламасини, ҳар бирининг қиймати 200 минг сўмга борадиган жамламаларни совға сифатида олдилар. 9 мингдан ортиқ кишининг байрам дастурхонига шу зайил кўрк қўшилди, янада бойитилди. Бир қанча туманларда бу ҳаракатга ҳокимликлар ҳам қўшилдилар, улар яна қанчадан-қанча байрам совғалари тўпламини ўз қўллари билан топширдилар.

Аниқ йўналтирилган ёрдам керакли маҳсулотлар, кийим-кечак, кўрпа-чойшаб билан таъминлашдангина иборат эмас. Дастурда ёши улуғ фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилашга алоҳида эътибор берилган. Фахрийларнинг камида 10 минг уй ва квартираларини (ҳар бир маҳаллада биттадан) Жамғармамиз, «Маҳалла» жамғармаси, нодавлат ташкилотлари, ҳомийлар кўмагида таъмирлаб бериш режалаштирилмоқда.

– Кекса одам ёрдам сўраб қаерга мурожаат этиши мумкин? Жамғармада аниқ йўналтирилган ёрдам олишнинг муайян тартиботи борми?

– Мамлакатимизда 17 минг нафар ёлғиз кекса кишилар умргузаронлик қилмоқда, улар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳисобига олинган. Ҳар бир туман бандлик бўлимида патронаж хизмати ишлаб турибди. Ижтимоий соҳа ходимлари уй-рўзғор юмушларида кўмаклашмоқдалар, зарур маҳсулотларни уйга етказиб бермоқдалар. 9 номдаги маҳсулотлардан иборат бу рўйхатда гўшт, қанд-шакар, ёрма, ювиш воситалари бор.

Ёши улуғ одамнинг муҳим муаммоларини ҳал этишда унинг турар жойидаги ҳокимликдагилар ҳам ёрдам беришлари керак, негаки ҳокимликларда махсус комиссиялари ишлаб турибди. Кўпгина фахрийлар ҳақида улар ишлаган корхоналар ёки ташкилотлар ҳам ғамхўрлик қилмоқда. Мабодо кексаларимиздан кимлардир бизга мурожаат қиладиган бўлса, уларга ёрдам бериш учун имкони бўлган ҳамма нарсани қиламиз. Бу борада ҳамкорларимиз – Касаба уюшмалари федерацияси, Меҳнат ва аҳолини муҳофаза қилиш вазирлиги, «Маҳалла» жамғармаси ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар ҳам тез-тез кўмакдош бўлмоқдалар.

– Ёши бир асрга етган ёки ундан ошган кексаларимизга айниқса алоҳида меҳр ва эътибор берилмоқда. Бизда бундай табаррук отахон ва онахонларимиз кўпми?

– Ўзбекистонда бундай табаррук инсонлар оз эмас – 8 500 минг кишидан ошади. Анча улғайиб қолишганига қарамай ҳаммалари дилкаш, ҳаётдан мамнун. Меҳмонларни жуда-жуда хуш кўришади. Айтиш жоизки, пенсияга устамалар, турли жамғармалар, ҳомийларнинг амалий ёрдами, одамларнинг, оммавий ахборот воситаларининг эътибори уларнинг умрига умр қўшмоқда.

– «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида яшаётганлар ҳам «Нуроний» жамғармасининг эътибор доирасидами?

– Бу тоифадаги фуқаролар айниқса эътибор ва ғамхўрликка муҳтож. Бизнинг асосий вазифамиз уларга муносиб турмуш шароитини таъминлаб беришдан иборатдир. Бунда майда-чуйда деган гап йўқ – кийим-кечак ҳам, чойшаб ва ёстиқ жилдлари ҳам, гигиена ашёлари ҳам муҳимдир. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳақида ҳам ғамхўрлик қилиш лозим. Яшаш жойларида ҳамма қулайликларни яратиб қўйиш керак. Айтиш жоизки, бу йўналишдаги ишлар бошланганига кўп бўлди. Масалан, Жамғармамиз ва «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси кучи ва саъй-ҳаракати билан кексалар учун мўлжалланган пансионатлардан бирида хабар қилишнинг махсус тизими (чақирув тугмачаси) ўрнатилди, тиббиёт асбоб-ускуналарини ишловдан ўтказиш учун тегишли ускуналар сотиб олинди. Бу пансионатда яшовчилар учун музлаткичлар олинди. Умумий сарф-харажатлар 17 млн сўмни ташкил этди.

«Дори-Дармон» акциядорлик компанияси интернат уйлардаги ва кексалар яшайдиган пансионатлардаги тиббий дори-дармонлар солинган жажжи дорихона қутиларни ҳар йили янгилайди. Бундан ташқари, фахрийлар, шунингдек кам таъминланган оилалар, ёлғиз яшовчи кексалар ҳар йили энг керакли дори-дармонлар тўпламлари билан таъмин этилади. Бу йил шундай жамламалардан 8 минги «Нуроний» жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари орқали эҳтиёжманд кишиларга етказиб берилади. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалари ҳам керакли дори-дармонларни (аниқ белгиланган рўйхат бўйича) бепул оладилар.

– Айтинг-чи, Жамғарманинг қандай маблағлари ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун ишга солинади?

– Нодавлат нотижорат ташкилоти бўлганимиз учун ҳам, бизда бундай маблағ йўқ. Юқорида қайд этиб ўтганимдек, ҳамкорлар – турли ташкилотлар, кичик ва хусусий тадбиркорлик вакиллари билан бирга иш олиб борамиз. Улар бизнинг илтимосномаларимиз бўйича ҳомийлигимиздагиларга баҳоли қудрат ёрдам берадилар. Вилоятларда ва қишлоқ туманларида бу борада корхоналар ва фермерлик хўжаликлари бизга ҳамкорлик қилмоқда. Ёнгинамизда ғамхўрлик ва эътиборга муҳтож ёлғиз одам яшаётганини унутмайдиганлар ҳам кўп. Улар кўпинча кимликларини ҳам билдирмай , муҳтож одамнинг уйини таъмирлатиб берадилар ёки керакли буюмларни сотиб олиб берадилар. Тадбиркорлардан бири кам таъминланган оила фарзандининг институтда ўқиши тўловини тўла зиммасига олди.

Пировардида Дастур, гарчи бир йилга мўлжалланган бўлса ҳам, вақт бобида унинг чегараси йўқ эканлигини таъкидлаб ўтишни истардим. Зотан, катта авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга ҳамиша хос бўлиб келган, унинг қон-қонига сингиб кетган фазилатдир.

 

*«Норма маслаҳатчи»нинг 17.03.2015 йилдаги 11 (504)-сони.  

1«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури (Президентнинг 18.02.2015 йилдаги ПҚ-2302-сон Қарори билан тасдиқланган).

2Президентнинг «1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Қарори (6.03.2015 йилдаги ПҚ-4708-сон).

 

Алла РОМАШКО

суҳбатлашди.

Прочитано: 2899 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика