Мамлакатимиз Божхона кодексининг 251-моддасида божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган тирик ҳайвонларнинг божхона расмийлаштируви биринчи навбатда ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши белгиланган.
Шу боис ҳам «Тошкент» халқаро аэропортида божхоначилар «Куала-Лумпур–Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган Й.Н.нинг юкларини тезкорлик билан расмийлаштиришга киришишди. Йўловчи божхона назоратидан ўтар экан, йўловчи божхона декларациясида ўзи билан 4 турдаги 20 дона ёввойи қуш ҳамда 10 бош Бенгал ёввойи ўрмон мушукларини қайд этганлиги маълум бўлди. Бир қарашда ҳаммаси яхши-ю, аммо ушбу шахс ҳайвонларни юртимизга олиб киришда Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни 20-моддасига амал қилишни «унутган» ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг махсус рухсатномаларини олмаган экан. Боз устига, мазкур Қўмита экспертлари олиб келинган ёввойи жониворлар орасидаги 2 турдаги 4 дона тўти ҳамда Бенгал мушукларининг ҳаммаси йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар туркумига киришини аниқлашди. Шу сабабли бу турдаги ҳайвонларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда халқаро “СIТES” рухсатномаси ҳам бўлиши лозим эди. Модомики тегишли рухсатнома ҳужжатлари бўлмас экан, ҳайвонларни бу тарзда олиб кириш ғайриқонуний деб эътироф этилади ва қонунчиликка биноан улар белгиланган тартибда олиб қўйилади.
Мазкур вазиятда ҳам шундай бўлди – ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар жониворлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилди. Аммо бу жараёнда ташиш қоидаларига тўғри риоя қилинмаганлиги сабабли ёввойи қушларнинг 2 таси нобуд бўлди.
Халқаро нормаларга кўра, ёввойи ҳайвонларни ташиш учун мўлжалланган контейнерлар муайян талабларга жавоб бериши лозим: ҳар бир қафасга жониворлар 1 донадан жойлаштирилиши, уларда оҳур, сувдон, дам олиш токчаси, вентиляция тешиклари бўлиши лозим. Аммо «жониворлар шинавандаси»нинг ушбу оддий, аммо муҳим талабларга риоя қилмаганлиги жуда қимматга тушди.
Ачинарлиси шундаки, ташиш қоидаларига етарлича риоя этилмаганлиги ёввойи бўлса-да, аммо табиатан нозик бўлган бошқа жониворларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Тошкент ҳайвонот боғи ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, кейинчалик 7 бош Бенгал мушук болалари ва 8 та ёввойи қуш ҳам нобуд бўлди...
Ҳусан ТАНГРИЕВ,
ДБҚ Ахборот хизмати
катта инспектори.