Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 24 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Ҳукумат қарорларига қандай ўзгаришлар киритилди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 22.05.2018 йилдаги 384-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иш ҳақи ҳисоб-китобидаги, алоҳида бўлинмалар ҳисоботларидаги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлашда ЯТТ иштирок этишидаги ва бошқа ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

1

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган) 1-бандига қўшимча киритилди.

Унга мувофиқ, агар ходим олий таълим тизимида ўқиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун юборилган бўлса, ушбу даврга ҳақ тўлаш учун ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи худди меҳнат таътили ҳақи, ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобланганидек ҳисоб-китоб қилинади.

 

2

«Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорнинг (ВМнинг 3.09.1999 йилдаги 414-сон қарори) 4-бандига ўзгартириш киритилди.

Фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотишдан, биноларни ва мол-мулкни ижарага беришдан, ҳомийлик (беғараз) ёрдами берилишидан қўшимча даромад олаётган бюджет ташкилотларини барча турдаги солиқлар, Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилиш муддати 2023 йил 1 январгача узайтирилди. Имтиёз мақсадли тусга эга.

 

3

«2001/2002 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорнинг (ВМнинг 12.06.2001 йилдаги 250-сон қарори) 9-бандига ўзгартириш киритилди.

Олий таълим муассасаларини тўлов-контракт асосида кадрларни тайёрлаш учун тушадиган маблағлардан солиқлар, Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш муддати 2023 йил 1 январгача узайтирилди. Имтиёз мақсадли тусга эга.

 

4

«Ички бозорни ёғоч-тахта материаллари билан тўлдиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга (ВМнинг 7.07.2003 йилдаги 305-сон қарори) ўзгартиришлар киритилди, уларга мувофиқ четдан келтириладиган ёғоч-тахта материаллари ва ёғоч учун импорт божхона божи ва ҚҚС тўлашдан озод қилинадиган шахслар рўйхатидан жисмоний шахслар чиқариб ташланди.

 

5

Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари бўйича чекловлар олиб ташланди.

 

6

«Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан айрим тоифадаги юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёзлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга (ВМнинг 2.10.2012 йилдаги 281-сон қарори) аниқлаштириш ва қўшимчалар киритилди.

Уларга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи бўйича имтиёзларни солиқлардан (тўлиқ ёки қисман) озод қилиш тарзида беришлари мумкин.

Солиқлар бўйича имтиёзлар биринчи навбатда қуйидаги тоифадаги солиқ тўловчиларга берилади:

а) ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашни амалга ошираётганларга;

б) Ўзбекистон Республикаси ривожланиш давлат дастурига киритилганларга;

в) ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришда қатнашувчиларга.

 

7

Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 27.02.2017 йилдаги 105-сон қарори билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди.

Юридик шахснинг алоҳида бўлинмасига тўғри келадиган фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови ва қўшилган қиймат солиғи суммалари ҳисоб-китоблари шакллари (1–3-иловалар) ўз кучини йўқотди.

Кўрсатилишича, Молия вазирлиги ва ДСҚ томонидан тасдиқланган солиқ ҳисоботлари шакллари бўйича алоҳида бўлинмага тўғри келадиган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва қўшилган қиймат солиғи суммалари ҳисоб-китоблари юридик шахснинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги ДСХОга тақдим этилади

Ушбу ҳисоб-китоблар юридик шахснинг ҳисоб-китоблари асосида тузилади. Уларда ҳар бир алоҳида бўлинма бўйича солиқ суммалари алоҳида сатрда ажратиб кўрсатилади. Бунда юридик шахс солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги ДСХОга ҳисоб-китоблар тақдим этилаётганда унниг ҳар бир алоҳида бўлинмасига тўғри келадиган солиқлар суммалари бўйича ҳисоб-китоблар нусхалари илова қилинади.

Шунингдек, қарор билан иш стажини ва якка тартибдаги тадбиркорнинг суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олиш соддалаштирилди.

Ҳужжат билан пенсия бўлими ҳар бир якка тартибдаги тадбиркор (бундан кейин – ЯТТ) учун алоҳида юритиладиган Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олишнинг шахсий карточкаси бекор қилинмоқда.

Энди пенсия бўлими томонидан ЯТТга (шунингдек чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахсларга, деҳқон хўжалиги аъзоларига ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоларига) фақат Суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олиш дафтарчаси очилади. У ЯТТда сақланади ва, банк квитанциялари ва тўлов ҳужжатларининг асл нусхалари билан бир қаторда, бадаллар тўланганлиги далилини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Шунингдек, энди ЯТТ учун тадбиркорлик фаолияти асосий фаолият деб ҳисобланса, меҳнат дафтарчаси пенсия бўлимида эмас, балки унинг ўзида сақланади. Яшаш жойидаги пенсия бўлими ЯТТ фаолияти тўғрисидаги тегишли ёзувларни меҳнат дафтарчасига қайд этади, холос. Бу чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахсларга, деҳқон хўжалиги аъзоларига ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоларига ҳам тааллуқли.

Деҳқон хўжалигидаги меҳнати ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти фуқаро учун қўшимча ҳисобланса, унинг меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида юритилади. Бу ҳолда рўйхатдан ўтган жойидаги пенсия бўлими томонидан унинг хоҳишига кўра меҳнат дафтарчасига тадбиркор сифатидаги фаолият даври тўғрисидаги ёзув киритилиши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) ­эълон қилинган ва 24.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

Татьяна  Белоусова,
Ленара Хикматова,
«Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1135 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика