Юридик шахс корхонанинг ходими бўлмаган жисмоний шахсдан хонани ижарага олади. Ижарачи юридик шахс ЖШДСни ушлаб қолади ва бюджетга тўлайди. Даромад ва ЖШДСнинг ҳисобланган ва тўланган суммаларини ЖШДС бўйича ҳисоботда акс эттиради.
ЖШДС бўйича Маълумотларнинг 001 ва 003-сатрларида, яъни корхона ходимлари сонида корхона билан меҳнат муносабатларида бўлмаган ижарачи жисмоний шахсни кўрсатиш керакми?
В.Повлонова.
– Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларнинг (2-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 001 ва 003-сатрларида йил бошидан, шу жумладан асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахсларнинг сони кўрсатилади. Даромад олган ижарага берувчи – жисмоний шахсни корхона мазкур ходимлар сонига қўшади.
Бу – муҳим! Ижарага берувчи – жисмоний шахс корхона кичик бизнесга тегишлилигини аниқлаш мақсадида ходимларнинг ўртача йиллик сонини белгилашда ҳисобга олинмайди. У штатдаги ходим ҳам эмас, ФҲШ бўйича ижрочи ҳам эмас.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.