Ходимга қайнонаси вафот этганлиги муносабати билан моддий ёрдам берилди.
Бунда қайнонасини оила аъзоси деб ҳисоблаб, моддий ёрдамга ЖШДС солмаслик мумкинми?
Н.Мовянов.
– Ходимга қайнонаси вафот этганлиги муносабати билан берилган моддий ёрдамга ЖШДС (шу жумладан ШЖБПҲ), суғурта бадаллари ва ЯИТ солиниши лозим.
Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган моддий ёрдам суммалари – ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорга ЖШДС солинмайди.
Солиқ солиш мақсадида эр (хотин), ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар ва болалар, шу жумладан фарзандликка олинганлар оила аъзолари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Ушбу нормага мувофиқ қайнона солиқ бўйича имтиёзни қўллаш учун ходимнинг оила аъзоси ҳисобланмайди.
Ушбу вазиятда берилган моддий ёрдам рағбатлантириш хусусиятига эга тўлов деб тан олинади (Солиқ кодексининг 173-моддаси 4-банди). Жами даромад таркибида унга ЖШДС, ШЖБПҲга ажратмалар, суғурта бадаллари ва ЯИТ солиниши керак (Солиқ кодексининг 172, 306-моддалари).
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.