Амалдаги тартибларга мувофиқ хориждан ҳаво транспорти орқали юртимизга кириб келаётганда қиймати 2 000 АҚШ долларига тенг бўлган товарларни халқаро аэропортларимизда ташкил этилган «яшил» йўлак орқали бож тўловисиз олиб кириш мумкин.
Олиб кирилаётган маҳсулотлар қиймати ушбу меъёрдан ошган тақдирда, фуқаролар «қизил» йўлакни танлаши ҳамда меъёрдан ортиқча товарлар учун бож тўлаши зарур. Ана шу тўловларни четлаб ўтмоқчи бўлган айрим уддабуронлар «яшил» ва «қизил» йўлаклардан ўтишда суиистеъмолликларга йўл қўйишмоқда. «Тошкент» халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбир давомида божхоначилар шу каби қонунбузарлик ҳолатларини фош этишди.
● «Пекин-Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган республикамиз фуқароси, Хитойдаги «Чан шу» институти талабаси А.Ғ. «яшил» йўлак орқали бемалол ҳаракатланиб келар экан, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ҳеч қандай ортиқча товарлари йўқлигини маълум қилди. Аммо унинг багажи божхона кўригидан ўтказилганда, божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий қиймати қарийб 24 млн сўмлик 100 қути тиббиёт игналари ва 1 208 дона турли USB флэшкалар борлиги аниқланди.
● «Сеул-Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган Х.Р. мамлакатимизга кириб келиш чоғида «қизил» йўлакни танлади. Божхоначилар бу фуқарони қонунга итоаткор ва белгиланган меъёрдан ортиқча товарлари учун бож тўлайди деб ўйлашганди. Аммо уддабурон фуқаронинг багажи божхона кўригидан ўтказилганда унинг ичидан йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий нархи 10 млн сўмлик 14 та уяли телефонлар борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, текширув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.