МЧЖ (асосий фаолият тури – умумий овқатланиш) 4 юлдузли меҳмонхона очди (18.04.2018 йилдаги сертификат).
Меҳмонхона очилиши муносабати билан МЧЖ уставини қайта рўйхатдан ўтказиш керакми?
4 юлдузли меҳмонхоналар учун қандай имтиёзлар назарда тутилган?
Меҳмонхонадан тушумларни ҳисобга олиш учун иккиламчи счёт очиш зарурми?
О.Ғозиев.
– Қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятининг қўшимча тури амалга оширилиши муносабати билан уставни қайта рўйхатдан ўтказиш талаби белгиланмаган.
Бироқ юридик шахс устав асосида ёки таъсис шартномаси ва устав асосида ёхуд фақат таъсис шартномаси асосида иш олиб боради (ФКнинг 43-моддаси). Шу сабабли МЧЖ уставида амалга оширилаётган фаолият турлари кўрсатилган бўлиши ёки жамият қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга оширишга ҳақли эканлиги қайд этилиши керак деб ҳисоблаймиз.
Корхоналар камида 4 юлдузли даражадаги сертификатланган меҳмонхона ва мотеллар (ВМнинг 5.06.2017 йилдаги 355-сон қарори билан тасдиқланган Низом) фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 5 йилга:
● юридик шахсларнинг фойда солиғи;
● ер солиғи;
● мол-мулк солиғи;
● ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинади (2.12.2016 йилдаги ПФ–4861-сон Фармоннинг 12-банди).
Шунингдек ЯСТ тўловчи корхонада 1 гектардан ортиқ ер участкаси мавжуд бўлганда ер солиғи бўйича имтиёзни қўллаш мумкин. Берилган имтиёзлар – мақсадсиз.
Корхона меҳмонхонадан тушган тушумларни алоҳида ҳисобга олиш учун бошқа банкда иккиламчи счётни ўз хоҳишига кўра очиши мумкин. Қонун ҳужжатларида умумий овқатланиш ва меҳмонхона фаолиятини алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш учун бундай счёт очиш талаб этилмайди (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.