2018 йилдан бошлаб 1 гектардан ортиқ ер участкасига эга бўлган ЯСТ тўловчиларига ер солиғи жорий этилди.
Бухгалтерия ҳисобида ЯСТ тўловчилари учун ер солиғи ҳар чоракда ҳисобланадими ёки йилда 1 мартами? Солиқни ҳисоблаш қандай проводка билан акс эттирилади?
П.Псовцев.
– Ер солиғи бўйича харажатларни акс эттирганда бухгалтерия ҳисобининг асосий тамойилларига таяниш лозим бўлади. Улардан бири – ҳисобот давридаги даромадлар ва харажатларнинг бир-бирига мувофиқлиги тамойили. Бу тамойил ушбу даврда фақат мазкур ҳисобот даврида олинган даромадлар тақозо этган харажатлар акс эттирилишини билдиради. Агар харажат ва даромадларнинг айрим турлари ўртасидаги бевосита боғлиқликни аниқлаш қийин бўлса, харажатлар бир неча ҳисобот даврлари ўртасида тақсимланади (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 1474-сон билан рўйхатдан ўтказилган 1-сон БҲМСнинг 31-банди).
Ер солиғи ҳисоб-китобида (14-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) солиқнинг чораклик ҳисобланиши (тақсимланиши) акс эттирилади. Даромад ва харажатларнинг ўзаро нисбатини аниқлаш учун ер солиғи ҳам ойлик, ҳам чораклик ҳисобланиши мумкин. Ер солиғи бўйича харажатларни ҳисоблаш даврийлигини корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттириш мумкин (1-сон БҲМСнинг 51-банди).
Солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар учун 6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)» баланс счёти назарда тутилган бўлиб, у ер солиғини ҳисоблаш учун ҳам қўлланилиши мумкин. У 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счёти билан корреспонденцияланади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.3.14-банди).
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.