● Кимонони сақлаб қолган ким?
● Оғир аҳволга тушиб қолганларга қўл узатиб...
● Халқаро эътирофдаги ўзбек
Ривоятларда келтирилишича, йирик мулкдор Хўжа Аҳрор Валий отининг туёғига олтиндан тайёрланган тақани омонатгина қилиб қоқтириб қўяр экан-да, атайлаб камбағаллар яшайдиган кўчалардан ўтар экан. Отининг олтин тақаси қаерда тушиб қолганлигини валийнинг ўзи ҳам билмас экан. Ҳа, хайр-эҳсон, ҳомийлик азалдан кўз-кўз қилинмай, хуфиёна, зимдан амалга ошириладиган амаллардан бўлиб келган.
Молиявий инқирозга юз тутиб, аукционда сотилиш хавфи арафасида турган Япония тасвирий санъатининг «гавҳари» бўлмиш машҳур уста Иттико Куботининг кимоно кийимлари коллекцияси бегоналар қўлига ўтиб, бедарак йўқолиб кетилишдан сақлаб қолинди. Япониядек бой давлат, япон бизнесмен миллиардерлари, одатда бадавлат бўладиган тасвирий санъат коллекционерлари сақлаб қола олмаган, лекин ҳақиқатдан ҳам ноёб бўлган кимоно коллекциясини аукционда парча-парча қилиб бўлиб сотиб юборилишидан Фаттоҳ Шодиев сақлаб қолди.
● Мақоламиз қаҳрамони табиий ресурсларни қазиб оладиган, феррохром, алюминийга бой глинозем ва темир рудасини қайта ишлайдиган, ўзининг тоғ-кон, металлургия, энергетика, транспорт ва маркетинг хизматлари билан интеграциялашган етакчи диверсификацион корхоналари мавжуд бўлган Eurasian Resurces Group Sa.r.I («ERG») компаниясининг асосчиларидан биридир.
● Бизнесменнинг ҳомийлик ишлари билан шуғуллана бошлаганига 20 йил бўляпти. У дунёнинг турли давлатларида маориф, санъат, тиббиёт, миллатлар ва маданиятлараро алоқалар бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб, ёрдамга муҳтож бўлган олий ўқув юртлари, музейлар, болалар шифохоналари ва алоҳида шахсларнинг жонига оро кирди.
● 1976 йили Москва давлат халқаро муносабатлар институти – МГИМОнинг халқаро ҳуқуқ факультетини тамомлаган Фаттоҳ Шодиев дастлаб ўзи ўқиган ва ўтган мингйилликнинг охирига бориб инқирозга учрай деб қолган олий билим юртига ёрдамга келди. У институт талабалари ва профессор-ўқитувчиларининг энг яхши илмий ишлари, ўқув қўлланмалари, монографиялар учун мукофотлар ва грантлар жорий этади, талабалар учун стипендиялар дастурини эълон қилади. Шундай қилиб бугун жаҳонга машҳур Шодиев номидаги Халқаро ҳомийлик жамғармаси ўзининг дастлабки мустақил қадамларини қўя бошлади.
● Жамғарма йилига 10 нафар докторантни илмий стажировка учун хорижий университетларга жўнатади.
● Фаттоҳ Шодиевнинг ўзи японшунос олим, сиёсатшунослик фанлари доктори. Жиззахлик ўспириннинг МГИМОга киришдан асосий мақсади япон тилини ўрганиш, бу халқнинг қадим ва ўзига хос бўлган маданияти, санъатидан баҳраманд бўлиш, япон халқининг ҳаёт фалсафасини ўрганиш эди.
● Шодиев Фонди шунингдек, тўсатдан оғир аҳволга тушиб қолган ва мушкул вазиятдан эсон-омон чиқиб кетиш имконияти бўлмаган инсонларга ёрдам кўрсатади. Жамғарма Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардаги мактаблар, пансионатлар, болалар тиббиёт муассасаларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келади.
● 1998 йили Фонд Токиода буюк рус композитори Дмитрий Шостакович мусиқаси фестивалининг Бош ҳомийси бўлди. 2000 йилда эса Россия билан Япония ўртасида имзоланиши кутилаётган Шартномани тайёрлаш муносабати билан ўтказилган тадбирларга ҳам мазкур Халқаро хайрия Фонди Бош ҳомийлик қилди.
● Қозоғистон Республикаси Табиий фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, жиззахлик Фаттоҳ Шодиев Қозоғистондаги энг йирик бўлган ENRC тоғ-кон компаниясининг шерикчилик асосидаги мулк эгаси ва ҳаммуассисидир. Жаҳонга машҳур бизнесмен Ўзбекистонда ҳам ўз нодавлат Халқаро ҳомийлик Фондининг ваколатхонасини очди.
● Фаттоҳ Шодиев Қозоғистон Республикасининг 1999 йил 26 июлдаги Қонунни билан таъсис этилган III даражали «Барис» ордени билан тақдирланган.
● 2005 йили Қозоғистон Республикасининг «Давлат олдидаги хизматлари, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожига қўшган сезиларли ҳиссаси учун» ордени билан мукофотланди. Шу йилнинг ўзида яна «Демократик тараққиёт ва иқтисодий эркинлик учун» Авраам Линкольн медали билан тақдирланган.
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ.
(ЎзА материали асосида).