Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 24 / Божхона

Аксилкоррупцион ислоҳотлар

 

Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) узоқ вақтдан буён божхонадаги коррупциянинг салбий оқибатлари ва унинг олдини олиш, аниқлаш ва фош этиш учун чоралар кўриш зарурлигини эътироф этиб келган. WCO ва бошқа халқаро ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш ишига тайёр бўлган мамлакатларга амалий кўмак беришга йўналтирилган бир қатор стандартлар, дастак ва йўриқномаларни ишлаб чиққан. Давлат божхона қўмитасида Жаҳон божхона ташкилотининг кўмаги остида ўтказилган тренинг шу мавзуга бағишланди.

Тадбирдан кўзланган мақсад – ЎзР ДБҚнинг коррупцияга қарши курашишда институционал яхлитлик бўйича стратегиясини янада ривожлантириш ва халқаро мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш.

 

– Божхона органларидаги коррупция муаммоси халқаро савдо билан бевосита боғлиқ, шунинг учун у жаҳон иқтисодиётига таъсир кўрсатадиган муаммодир. Божхона хизматларидаги коррупциянинг таъсири анча салмоқли бўлиб, кўпинча даромадларни қисқартириш ҳисобига юзага келадиган иқтисодий зарарни, маҳаллий саноат тармоқлари учун ноинсоф нарх рақобатини, импорт ва экспорт товарларнинг етарлича баҳоланмаслиги ва (ёки) нотўғри таснифланишини ўз ичига олади. Бундан ташқари, кўплаб мамлакатларда тарқалган хавфли моддалар ва маҳсулотларнинг ноқонуний олиб кирилиши хавотирига сабабчи бўлади, чегарадаги коррупция эса терроризм ва браконьерлик сингари жиноятларнинг кўпайиб, авж олишига имкон беради, айнан улар емирувчи ва узоқ давом этадиган оқибатларга эгадир, – деб қайд этдилар WCOнинг халқаро экспертлари Арман Жалитов ва Ирина Кикилик тренингнинг очилишида.

 

Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тўғрисида

– Коррупцияга қарши курашиш муаммосини биргина давлат тузилмаси доирасида ҳал этиб бўлмаслиги кундек равшан. У давлатнинг бундай ижтимоий иллатга қарши курашишдаги умумий стратегиясининг таркибий қисми бўлиши лозим, – деди ДБҚ раисининг ўринбосари Анвар Асомов. Нотиқ мамлакатимизда коррупция кўринишларига қарши олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Жорий йилнинг 12 апрелида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжатда қайд этилишича, божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда. Талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов олиб борилаётир.

Бундан ташқари, ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг суст ташкил этилганлиги контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини бермаяпти.

Умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон божхонасини ислоҳ этишнинг 8 та муҳим йўналиши белгиланди. Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда божхона органларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, уларнинг вазифа ва функцияларини оптималлаштириш; улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш; божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш; самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш; кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш назарда тутилган.

Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ДБҚда божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси; хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси; ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармаси ташкил этилди.

Тренинг очилишида божхона идораси раҳбарининг ўринбосари Ўзбекистоннинг, шу жумладан божхона соҳасидаги халқаро алоқалари кенгайиб бораётган бир шароитда божхоначилар орасида коррупция ҳолатларига қарши муваффақиятли курашишнинг жаҳон тажрибасини ўрганиш мамлакатимиз учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарблигини таъкидлади.

 

Божхонанинг ривожланиши

Жаҳон иқтисодиётидаги янги шабадалар ва ­дунёдаги ўзгаришлар барча давлат институтларини ўзгаришга мажбур қилмоқда. Бундан божхона органлари ҳам мустасно эмас. Жаҳон божхона ташкилоти уларнинг ривожланиши учун етарлича самарадор йўналишларни ишлаб чиқмоқда. Ўқув тренингининг биринчи блоки унинг дастаклари ва яхлитлигини таъминлаш дастурларига бағишланди. Мазкур тренинг доирасида замонавий ва самарадор божхона маъмуриятчилигининг 10 та блоги муҳокама қилинди.

WCO экспертлари ўзаро тобора боғланиб, бир-бирига алоқадор бўлиб бораётган дунёда юридик жиҳатдан қонуний ва нолегал савдо кенгайиб бораётганини қайд этдилар. Шу туфайли янада мукаммал тараққий этиш учун божхона маъмуриятлари ривожланишнинг асосий халқаро, минтақавий ва маҳаллий стратегик йўналишларини белгилаб олишлари ва тушуниб етишлари керак. Фаолиятнинг бу йўналишлари бутун дунё учун универсал ҳисобланади.

Божхона маъмуриятларининг аксарияти уларнинг давлат тузилмаси тизимидаги аҳамияти тубдан ўзгарганини ва фаолият соҳаси бирмунча кенгайганини эътироф этмоқдалар. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимиятларнинг божхона бошқаруви соҳасидаги хатти-ҳаракатлари ўзаро келишувга асосланмаган эди. Бу эса, ўз навбатида, WCOни фаол муносабат билдиришга мажбур қилди ва у Жаҳон савдо хавфсизлиги ва уни енгиллаштириш ҳадли стандартларини қабул қилди. Булар WCO олдида турган, унинг аъзолари дуч келаётган алоҳида муаммоларни ечишга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг бир қисми ҳисобланади. Бир томондан улар божхона фаолиятида кўпроқ стандартлаштиришни жорий этишга йўналтирилган, бошқа томондан эса бу шартномалар ижро этилишини тезлаштиришга ёрдам берувчи халқаро шартномага қараганда бирмунча қайишқоқ дастакдир.

Бугун божхона – глобаллашув жараёнининг марказий нуқтаси ҳисобланади ҳамда мамлакатлар ва компанияларнинг рақобатлашуви учун катализатор сифатида хизмат қилади. Божхона органлари нафақат чегарада давлат даромадини йиғувчи бўлиб қолмоқда, балки товарларнинг трансчегаравий ўтказилишида халқаро савдони бошқаришга жавоб бермоқда.

Шу билан бирга божхонанинг чегарадаги роли ҳам кенгайган. Бир қатор мамлакатларда бу хизматга чегараларни кесиб ўтиш ва, шу жумладан бошқа давлат органлари номидан функцияларни бажариш масалалари билан боғлиқ барча операциялар учун жавоб берувчи чегарадаги асосий идора сифатида қарайдилар.

Божхона фаолиятининг диққат-эътибори қонуний товарлар ҳаракатланишини енгиллаштириш учун таваккалчиликларни автоматлаштириш ва бошқаришга қаратилиб, ресурслар таваккалчилиги юқори бўлган зоналарда жамланади. Шунинг учун божхона органлари товар етиб келгунга қадар у ҳақда имкон борича кўпроқ ахборот олишга ёрдам берувчи дастакларни жорий этмоқдалар, унинг асосида қарорларни ўз вақтида ва самарали қабул қилиш мумкин бўлади. Бу, ўз навбатида, замонавий ахборот технологияларини жорий этишга олиб келди, таваккалчилик турлари тўғрисидаги ахборотни хавфсиз тарзда, реал вақт режимида олиш ҳамда декларацияларга ишлов бериш имконини туғдирди.

XXI асрда божхона маъмуриятларининг қонуний савдога кўмаклашиш ва божхона назоратини ўтказиш ишида янада изчил ҳамкорликка талаб ошди. Натижада божхона ҳамкорлигининг глобал тармоғи фаол ривожланмоқда. Жаҳон божхона ташкилотининг вазифаси – божхона органларига ўзаро алоқалар учун имкониятларни яратиб бериш.

 

Қайта кўриб чиқилган Аруша декларацияси ўзанида

ДБҚ коррупция ҳолатлари ва лавозим жиноятларига қарши курашиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Улар қайта кўриб чиқилган Аруша декларациясида (Аруша, Танзания, 7.07.1993 йил) баён этилган WCOнинг аксилкоррупцион стратегиясига мувофиқ ишлаб чиқилган. Тренингнинг иккинчи блоги айнан шу мавзуга бағишланди. Ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятини эътироф этган ҳолда Аруша конвенцияси барча божхона маъмуриятлари учун умумий бўлган 10 та принципни белгилайди: пухта бошқарув, тартибга солувчи стандартлар, очиқлик ва шаффофлик, автоматлаштириш, модернизация, аудит ва текширув, ор-номус кодекси, кадрларни бошқариш, маънавий ва ташкилотчилик маданияти, бизнес билан ҳамкорлик.

WCO экспертлари гуруҳли амалий машғулотлар ўтказдилар. Уларда баъзи хулосалар ишлаб чиқилди. Хусусан, Аруша декларацияси қоидаларида ўз аксини топган божхона муҳитидаги коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар тарбиявий таъсир воситалари орқали барча тоифадаги мансабдор шахсларга фаол татбиқ этилиши, божхонада давлат хизмати мақомининг оширилиши, ўз хизмат бурчини ҳалол ва виждонан бажаришга иштиёқни ошириш учун моддий рағбат кучайтирилиши керак. Хизмат текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, божхонадаги иш нуфузини кўтариш учун ташкилий, ахборот, маданий-ҳордиқ чиқариш ва спорт-оммавий тадбирлар ўтказиш зарур.

Бугунги кунда божхона органларида божхона хизматига номзодларни танлаш сифатига жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўз хавфсизлик ходимлари номзодларни текширадилар ва ўрганадилар.

Божхонада коррупцияга қарши самарали курашиш борасида жамоатчилик билан алоқалар катта аҳамиятга эга. Божхона органларининг раҳбарияти фуқаролар мурожаатлари билан фаол ишламоқда: ишонч телефонлари ва икки томонлама алоқа хизматларидан фойдаланилмоқда, бошқа тадбирлар ҳам ўтказилаётир.

Коррупцияни юзага келтирадиган ва авж олдирадиган сабаб ва омилларни бартараф этиш учун Ўзбекистон божхона хизмати комплекс алгоритмни қўллашни мақсад қилган. Яъни бунда бошқарувни такомиллаштириш бўйича профилактик тадбирлар (назорат, ҳисобдорлик, ротация), ходимларни рағбатлантириш (пулли мукофот, ижтимоий ҳимоялаш), ижобий маънавий муҳитни яратиш, жазонинг муқаррарлиги принципини рўёбга чиқариш режалаштирилган.

Божхона соҳасида коррупцияга қарши курашиш кўплаб ёндашувларни талаб этади. Бу ёндашув мамлакатимиздаги бошқа қонунчилик, институционал ва маъмурий ислоҳотлар билан биргаликда кўплаб манфаатдор тарафларнинг иштирокида олиб борилганда давлат хизматларининг ташқи иқтисодий фаолият жабҳасида шаффофлиги ва улардан осон фойдаланилишини таъминлайди, савдога самарали таъсир кўрсатади, божхона тўловлари йиғилувчанлигини оширади ва порахўрлик ҳолатларини қисқартиради.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 205 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика