Корхона меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган ўз ходимини таъмирлаш ишларини бажариши учун алоҳида фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ёлламоқда.
1. Корхона қонун ҳужжатларига кўра бундай қилиши мумкинми?
2. Барча ходимлар ҳақиқатда ишлаган кунлар қисмида ЯИТнинг энг кам миқдори қандай ҳисобланади?
П.Носова.
1 |
Корхона ўзида меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган ходим билан хизматлар кўрсатишга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (ФҲШ) тузиши мумкин. Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 703-моддаси).
2 |
ЯИТ тўловчилари ҳисобот ойида барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларидан ва белгиланган нормативлардан келиб чиқиб, жами корхона бўйича ЯИТнинг энг кам миқдорини аниқлайдилар (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди).
Чунончи, меҳнат шартномаси бўйича ҳам, ФҲШ бўйича ҳам ишловчи ходим битта ходим сифатида ҳисобга олинади. Тегишинча, унинг учун бир ойда битта ходим учун ЯИТ нормативи қўлланилади. Бунда у ишлаган кунлар сони ҳақиқатда ишлаган кунларига қараб белгиланади. Масалан, унинг учун 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса, 2018 йил май ойида тўлиқ ишлаганда у ишлаган кунлар сони 22 кунга тенг бўлади.
ЯИТнинг энг кам миқдори қуйидаги формула асосида аниқланади:
МРяит = К / n х N,
бу ерда:
МРяит – ЯИТнинг бир ой учун энг кам миқдори;
К – бир ойда барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунлари (бир кунда ишлаган соатларидан қатъи назар) сони, бироқ корхонада ўрнатилган иш кунлари сонидан ортмаган ҳолда;
n – корхонада белгиланган бир ойдаги иш кунлари сони;
N – бир ходим учун бир ойда ЯИТ нормативи.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.