Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 49 / Божхона

Давал хом ашёни қайта ишлаш: божхонада расмийлаштириш жиҳатлари

 

Туманимиз Қозоғистон билан чегарадош. Бир неча марта маҳсулотимизни сотиб олган қозоғистонлик тадбиркор бизнинг ХКга жун етказиб бериш таклифи билан мурожаат қилди. Бунинг учун етказиб берилаётган хом ашёдан кийим-бош тай­ёрлаш линиясини очиб, сўнгра уни реализация қилиш учун унга жўнатишимиз лозим. Маҳсулотларнинг бир қисмини жун учун ҳисоб-китоб сифатида қолдира олишимиз мумкинлиги ҳақида келишиб ҳам олдик. Бундай операциянинг қанча наф келтиришини ҳисоб-китоб қилиб, рози бўлишга қарор қилдик.

Хом ашёни қанча муддатга олиб кириш мумкин? Буюртмачи бажарилган иш учун ҳақ сифатида тайёр маҳсулотнинг бир қисмини қолдирса, уни қандай расмийлаштирамиз? Шу қисмни кейинроқ экспорт қилиш мумкинми?

А.Қурбонниёзова, МЧЖ директори.

 

– Ташқи иқтисодий амалиётда «толлинг» тушунчаси бор. Тақдим этилаётган давал хом ашёни қайта ишлаш операцияларини белгилаш учун ундан фойдаланилади. Толлинг шартномасига кўра қайта ишловчи буюртмачининг хом ашёси ва материалларидан буюртмачи учун муайян маҳсулот тайёрлаш мажбуриятини олади, у эса ўз навбатида қайта ишловчининг ишига ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Бунда буюртмачи хом ашёнинг ҳам, тайёр маҳсулотнинг ҳам мулкдори бўлиб қолади, қайта ишловчи эса фақат хом ашёга қайта ишлов беради.

Қайта ишловчи олиб кирилаётган ёки қайта ишловчининг мамлакати ҳудудида олинаётган хом ашёни қайта ишлаш божхона режими остига жойлаштириши операцияни толлингга киритишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Сизнинг ҳолатда хом ашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида расмийлаштириш зарур, бунда товар божхона ҳудудига қайта ишлаш ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда олиб кирилади. Яъни тайёр маҳсулот буюртмачига экспорт қилиниши шарти билан хом ашё қайта ишлаш учун олиб кирилганда ишлаб чиқарувчи божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод этилади. Экспорт режимида олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулотлари экспорт божхона божлари ва солиқлардан озод этилади ҳамда уларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари кўрилмайди.

ЎзР Божхона кодексининг 12-«Божхона ҳудудида қайта ишлаш» боби товарларни ушбу режимга жойлаштириш хусусиятларига бағишланган.

 

Маълумот учун. Чет эл товарлари билан божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш операциялари амалга оширилган тақдирда Ўзбекистон товарларидан, шу жумладан, чет эллик шахс томонидан олинган Ўзбекистон товарларидан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилмаган ҳолда фойдаланишга йўл қўйилади.

 

БОЖХОНА УЧУН ҲУЖЖАТЛАР

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади. Товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома олиш учун товар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

√ рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

√ қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлари бўлган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар), шунингдек ваколатли органларнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан, божхона лабораторияларининг) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларини белгилаш учун аниқ қайта ишлаш технологик жараёнига асосланган хулосалари;

√ қайта ишлашни амалга ошириш учун асос бўлган контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) ёки товарни қайта ишлаш учун олиб киришга ва қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқишга доир контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) кўчирма нусхаси (БКнинг 134-моддаси).

 

Маълумот учун. Тегишли рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда божхона ҳудудида қайта ишланадиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.

 

РЕЖИМ ОСТИДА ЖОЙЛАШТИРИШ ШАРТЛАРИ

Қўшни мамлакатлик тадбиркор таклиф этган вариант сизнинг ҳолатда 2 та аломати бўйича «Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операцияси» тушунчасига мос келади.

Биринчидан, бу олиб кирилган товарни (хом ашёни) унинг дастлабки хоссалари ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, лекин қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи товар хусусиятларини сақлаган ҳолда бевосита қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш бўлиши мумкин.

Иккинчидан – қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга кўмаклашувчи ёки уларнинг ишлаб чиқарилишини енгиллаштирувчи бошқа товарлардан, агар бу товарлар қайта ишлаш жараёнида тўлиқ ёки қисман ишлатилса, хом ашё сифатида фойдаланиш. Мазкур операция бошқа операциялардан бири билан бир вақтда бажарилиши керак (БКнинг 71-моддаси).

Корхонангиз устав фондида давлат улушига эга бўлмаса, қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилганда товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга йўл қўйилади:

1) божхона органлари олиб кирилган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш имкониятига эга бўлишлари керак (БКнинг 74-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);

2) агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, корхонадаги ушбу органларнинг рухсатномалари божхона органларининг ахборот тизимида мавжуд бўлиши шарт.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш БКнинг 46-моддаси 1-қисмида назарда тутилган усуллар билан амалга оширилади. Ваколатли шахснинг сўровига ва божхона органининг розилигига кўра, олиб кирилаётган товарни идентификациялаш ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар ҳақида, шунингдек қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси тўғрисида тақдим этилган батафсил маълумотларни тадқиқ этиш йўли билан таъминланиши мумкин.

 

Маълумот учун. Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай манфаатдор шахси томонидан, шу жумладан, товарнинг эгаси бўлмаган ёки бевосита товарни қайта ишлаш операцияларини бажармайдиган шахс томонидан амалга оширилиши мумкин.

 

ҚАЙТА ИШЛАШ МУДДАТИ

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси 2 йил муддатга берилади. Бироқ уни рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан аввалроқ тугаллаш мумкин (БКнинг 80-моддаси). Рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашига камида 1 ой қолганда божхона органининг кўриб чиқиши учун ариза бериб, уни 2 йилдан кўпроқ муддатга узайтириш ҳам мумкин. Бироқ рад этилган тақдирда қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товар бошқа божхона режимига жойлаштирилиши маълум қилиниши керак.

Товарни қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддати ва қайта ишлаш муддати товар ушбу режимга жойлаштирилган кундан эътиборан бошланади. Товар алоҳида туркумлар билан олиб кирилганда эса, товарнинг биринчи туркуми қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан бошланади.

 

Маълумот учун. Айни бир товарларни айни бир хил шароитларда божхона ҳудудида қайта ишлаш бўйича мунтазам операциялар амалга оширилаётганда, шахснинг аризасига кўра унга товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси сўралган муддатга, лекин 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилиши мумкин.

 

ЧИҚИШ ВА ЧИҚИНДИЛАР НОРМАСИ ҲАҚИДА

Божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси товарни қайта ишлаш амалга ошириладиган ҳақиқий шароитлардан келиб чиққан ҳолда ваколатли шахс томонидан аниқланади ва товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси берилаётганда божхона органи томонидан белгиланади (БКнинг 76-моддаси).

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси белгиланаётганда божхона органлари ваколатли шахс тақдим этган қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатларга ҳамда ваколатли органнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан, божхона лабораторияларининг) қайта ишлашнинг аниқ технологик жараёнига асосланган хулосаларига таянади. Қайта ишлаш маҳсулотларининг тавсифи, миқдори, сифати қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси белгиланганидан кейин аниқланади.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатнома олган шахс қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган чиқиндиларни, шунингдек қайта ишланмаган олиб кирилган товар қолдиқларини тегишли божхона режимларига жойлаштирган ҳолда қайта ишлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай тасарруф этиши керак.

 

ИМПОРТ РЕЖИМИДА РАСМИЙЛАШТИРИНГ

Тайёр маҳсулотларнинг бир қисмини ўз тасарруфингизда қолдиришингиз мумкин. Бунинг учун уни эркин муомалага чиқариш режимига қайта расмийлаштиришингиз зарур. Бу шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз, башарти товарнинг қийматидан ва унга нисбатан қўлланиладиган тўловлар ставкаларидан келиб чиққан ҳолда божхона тўловлари тўланган ва иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган тақдирда, шу ерда эркин муомалада қолади (БКнинг 9-боби). Улар БЮД расмийлаштирилган санада ЎзР Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича тўланади.

Товар чиқариб юборилиши билан божхона расмийлаштируви якунланади. Бу билан божхона органлари маълум қилинган божхона режими шартларидан келиб чиққан ҳолда товарлардан фойдаланишга ва (ёки) уларни тасарруф этишга рухсат берадилар (БКнинг 15-моддаси). Эркин муомалага чиқариш эса товарларни ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш – сотиш, алмаштириш, ўз мулкида қолдиришни англатади. Ваколатли шахс уни хорижга ҳам сотишга ҳақли. Яъни импорт режимига чиқаргандан кейин имконият юзага келса, товарни экспорт режимида расмийлаштиришга ҳақлисиз.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2449 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика