Бизнинг «Мингбулоқнефть» МЧЖ ҚК пудратчи – «CNPC Xibu Drilling Engineering Company Limited» хорижий компанияси билан қудуқ бурғилаш учун шартнома тузди. Пудратчи бурғилашга дизель ёқилғиси етказиб бериши учун «Фарғона НҚИЗ» УШК билан шартнома тузади.
Пудратчи ва унга дизель ёқилғисини етказиб бераётган УШК ҚҚС ва акциз солиғидан озод этиладими?
Т.Р.
– Республика иқтисодиётининг нефть-газ тармоғига бевосита хорижий сармояларни жалб этиш учун нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширувчи компанияларга имтиёзлар ва преференциялар берилади.
Президентнинг 28.04.2000 йилдаги ПФ-2598-сон Фармонининг имтиёзларга тааллуқли қисмида (3, 4, 5-бандлари) амал қилиши қуйидаги юридик шахсларга татбиқ этилади (15.04.2010 йилдаги ПҚ-1323-сон қарорнинг 4-банди):
а) «Мингбулоқнефть» МЧЖ ҚКга ҳамда унинг томонидан жалб этиладиган, углеводород конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширувчи хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотларига. Мазкур юридик шахслар геология-разведка ишларини ўтказиш даврида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинади. Шунингдек улар қидириш, разведка қилиш ва бошқа тегишли ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган машина-ускуналарни, моддий-техника ресурслари ва хизматларни импорт қилиш чоғида божхона тўловларини (божхонада расмийлаштириш учун олинадиган йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинади;
б) «Мингбулоқнефть» МЧЖ қўшма корхонасига материаллар етказиб бериш, ишлар бажариш ва хизматларни кўрсатиш билан шуғулланувчи юридик шахсларга (ЎзР резидентларига) ҚҚСни тўлашдан озод этиш қисмида.
Пудратчингиз «CNPC Xibu Drilling Engineering Company Limited» геология-разведка ишларини ўтказиш даврида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шу жумладан ҚҚС ва акциз солиғини тўлашдан озод қилинади.
«Фарғона НҚИЗ» УШК ЎзР резиденти ҳисобланади ва материалларни етказиб беради. Дизель ёқилғиси «Мингбулоқнефть» МЧЖ ҚКга эмас, унинг пудратчиси «CNPC Xibu Drilling Engineering Company Limited» корхонасига етказиб берилади. Шу сабабли УШК ҚҚС тўлашдан озод этувчи имтиёздан фойдалана олмайди. Маҳаллий материаллар етказиб берувчиларни акциз солиғидан озод этиш назарда тутилмаган.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.