«А» компанияси (комитент) «Б» компанияси (воситачи) билан воситачилик шартномаси тузади. Товарни харид қилиш учун «А» компанияси «Б» компаниясига буюртманома юборади. У ўз навбатида комитент билан алоқадор бўлмаган учинчи ташкилотдан товарни сотиб олади.
Товарни воситачидан комитентга топшириш операциясини қандай расмийлаштириш лозим?
Л.Б.
– Воситачилик шартномаси бўйича операциялар Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) IV бўлимига мувофиқ расмийлаштирилади.
Воситачи комитентнинг топшириғини бажаргач, унга ҳисобот тақдим этади, унда қуйидагиларни кўрсатади:
● бошланғич ҳужжатлар учун мажбурий барча реквизитлар – ўзиники ва комитентники. Улар «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси билан белгиланган;
● сотиб олинган товарлар миқдори ва қиймати (товарлар ҚҚСни ҳисобга олиб харид қилинган бўлса, унинг суммаларини ажратиб кўрсатган ҳолда). Ҳисоботга товарлар комитент учун сотиб олинганлигини тасдиқловчи шартномалар ва ҳисобварақ-фактураларнинг нусхалари илова қилинган бўлиши лозим;
● воситачи ҳақиқатда амалга оширган, комитент қоплаши лозим бўлган харажатлар қиймати. Бу воситачи воситачилик шартномасини бажариши муносабати билан амалга оширган ва комитент товарларни мустақил равишда сотиб олганда амалга ошириши мумкин бўлган, муайян товарлар (ишлар, хизматлар) учун учинчи шахсларга мажбурий тўловларнинг тўланиши бўлиши мумкин. Ҳисоботга ушбу харажатлар юзага келиши ва тўланганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳужжатлар илова қилинган бўлиши шарт;
● шартнома шартларига мувофиқ воситачининг (агар воситачи ҚҚС тўловчиси бўлса) ҚҚСни ўз ичига олувчи ҳақи суммаси;
● комитентдан олинган аванслар суммаси;
● воситачига тўланиши лозим бўлган сумма.
Ҳисобот воситачи товарларни сотиб олган ой тугаганидан сўнг 5 банк иш куни давомида тақдим этилади.
Воситачилик шартномаси бўйича комитент учун товарлар олинаётганда ҳисобварақ-фактуралар қуйидаги тартибда тақдим этилади:
● товарларни сотувчи воситачининг номига ҳисобварақ-фактура тақдим этади;
● воситачи сотиб олинган товарлар бўйича – комитентга тақдим этади ва унда сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттиради. Аслини олганда сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани ўз номидан комитент номига қайта тақдим этади. Бунда «Етказиб берувчи» сатрида қўшимча равишда «Воситачи» номи кўрсатилади;
● воситачилик шартномаси бажарилгандан кейин воситачи комитентга ўзининг ҳақи суммасига ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Унга қўшимча равишда комитент томонидан имзоланадиган худди шу суммадаги хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.
Агар воситачилик шартномаси ва воситачининг ҳисоботига асосан комитент унинг муайян харажатларини қопласа, воситачи ўзининг ҳақи суммасига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурага илова қилинадиган хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномада ушбу суммани кўрсатади. Бунда ҳақ суммасига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада комитент томонидан қопланиши лозим бўлган маблағлар кўрсатилмайди.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.