Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 49 / Имтиёзли режимда

Фаолият коди имтиёз олиш ҳуқуқини бермайди

 

УФда 50% улушга эга (УФ ҳажми – 800 минг АҚШ доллари) хорижий инвестор иштирокида янги ташкил этилган корхона Корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат регистрида 10119-«Гўштни қайта ишлаш бўйича бошқа фаолият» ИФУТ коди остида рўйхатдан ўтказилган. Оролбўйи минтақасидаги ер участкаси ижарага берилган. Корхона ишлаб чиқариш корхонаси ва ЯСТ тўловчиси ҳисобланади. Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон Фармонига мувофиқ, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва ПФ-3594-сон Фармон билан тасдиқланган рўйхат бўйича иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар бир қатор солиқларни, шу жумладан ЯСТни тўлашдан 3 йил муддатга озод қилинган. ИФУТ коди кўрсатилган рўйхатга мувофиқ келади. Шунингдек корхона имтиёзларни қўллаш учун зарур белгиланган шартларга риоя этади. 2017–2018 йилларда корхона ривожланиш босқичида турибди ва фақат қорамол етиштириш, 2019 йилдан бошлаб эса – уни сўйиш ва нимталанмаган гўштини қайта ишлаш билан шуғулланмоқчи. Яъни жорий ва кейинги йилларда корхона асосий фаолиятдан даромад олмайди. Корхона 2019 йилдан бошлаб ўз кучи билан етиштирган қорамол гўштини қайта ишлашдан илк даромад ола бошлайди. Корхонага фоизсиз молиявий қарз берилган. Бундан ташқари, у улгуржи савдони амалга оширишга лицензия олди.

1. 10119-«Гўштни қайта ишлаш бўйича бошқа фаолият» ИФУТ кодига эга бўлган, бироқ ҳозирча фақат улгуржи савдодан даромад олаётган корхона ПФ-3594-сон Фармонга мувофиқ ЯСТ бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкинми?

2. Корхона 2017 йилда фақат улгуржи савдо билан шуғулланадиган бўлса, фоизсиз қарздан фойдаланишдан олинган бошқа даромадга ПФ-3594-сон Фармон бўйича имтиёз қўлланадими?

3. Корхона 2017 йил якунларига кўра фақат улгуржи савдодан даромад олса, 2018 йилда унинг асосий фаолият тури қандай бўлади, бунда у 2018 йилда ПФ-3594-сон Фармонга мувофиқ ЯСТ бўйича имтиёздан фойдалана оладими?

Г.Т.

 

1

Фақат улгуржи савдо билан шуғулланувчи корхона Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ­ПФ-3594-сон Фармони билан тақдим этилган солиқ имтиёзларидан фойдалана олмайди. Солиқлар бўйича имтиёзлар тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар учун бериладиган имтиёзлар жорий этиладиган иқтисодиёт тармоқлари рўйхатига мувофиқ айрим иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар учун назарда тутилган (ПФ-3594-сон Фармоннинг 1-банди). Яъни сиз бир вақтнинг ўзида 2 та – хорижий инвестициялар мавжудлиги ва белгиланган фаолият тури мезонига мувофиқ келишингиз керак. Корхона ташкил этилаётганда дастлаб берилган ИФУТ коди, агар имтиёз бериладиган фаолият амалга оширилмаётган бўлса, ПФ-3594-сон Фармон бўйича имтиёзни қўллаш ҳуқуқини бермайди.

Чунончи, корхоналар гўшт-сут соҳасида имтиёзларни қуйидаги шартлар асосида қўллашлари мумкин:

● гўшт ва сут маҳсулотларининг тайёр турлари, пишлоқ ва сариёғ, шунингдек ҳайвонларнинг ички органларидан қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда (Рўйхатнинг 7-банди);

● Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини истисно қилган ҳолда, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлаштирилганда;

● 300 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган ҳажмдаги тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар жалб этилганда;

● УФда хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 33%ни ташкил этганда;

● хорижий инвестициялар ЭАВ ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида қўйилганда;

● даромаднинг камида 50%и корхонани янада ривожлантириш мақсадида йўналтирилганда.

 

2

Корхона фақат улгуржи савдо билан шуғулланса, ПФ-3594-сон Фармонда назарда тутилган солиқлар бўйича имтиёзлар фоизсиз молиявий қарздан фойдаланишдан олинган бошқа даромадга қўлланмайди.

Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз заём олинаётганда қарз олувчининг даромади заёмни олиш санасидаги МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Ушбу норма норезидентлар берган заёмларга нисбатан татбиқ этилмайди.

ЯСТ тўловчилар бошқа даромадларга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкаларида солиқ соладилар.

 

3

Корхонангиз 2017 йилда фақат улгуржи савдодан даромад олса, йил якунларига кўра улгуржи савдо корхонаси ҳисобланади. 2018 йилдан бошлаб ходимлари сонидан қатъи назар, савдо корхонаси сифатида ЯСТ тўлаши керак бўлади.

Ундаги товар обороти ҳажми ва бошқа даромадлар ЯСТ солиш объекти бўлади. Бунда ЯСТ энг кам миқдордан – эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаслиги керак. Улгуржи савдо корхоналари ўзининг ёки ижарага олган омборхоналари мавжуд бўлган тақдирда 0,35 пасайтирувчи коэффициентини қўллашлари мумкин (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 1-илованинг 2-банди).

Кейинчалик (2019 йилда) корхонангиз гўшт маҳсулотларининг тайёр турлари, сариёғ, ҳайвонларнинг ички органларидан қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган бўлса, ПФ-3594-сон Фармон билан тақдим этилган ЯСТ бўйича имтиёзни қўллай олади. Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажми 3 млн АҚШ долларигача бўлганда корхона давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 3 йилга солиқ имтиёзлари тақдим этилади.

 

Бу – муҳим! Имтиёз олиш ҳуқуқи устав капиталларини (фондларини) қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда шакллантирган корхоналаргагина берилади. Муддат жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 1 йилдан ошиши мумкин эмас. Бунда корхона Рўйхатда кўрсатилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлса, ушбу даврда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1503 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика