Ташкилотимиз йўл қуриш техникасини тақдим этиш хизматларини кўрсатади. Шартнома шартларида буюртмачи ходимларни (механизаторларни) уч маҳал овқат билан таъминлаб, кейинчалик ушбу харажатларни ижрочидан ҳисобдан чиқариши назарда тутилган.
1. Иш берувчи озиқ-овқат учун тўлаган суммалар ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинадими?
2. Буюртмачи озиқ-овқат харажатлари суммасидан 3,5% миқдорида ҳисоблаб чиқарилган бошқа харажатларни қоплаш учун тақдим этишга ҳақлими?
О.П.
1 |
Меҳнат келишуви, жамоа шартномаси ёки корхонанинг бошқа ички локал ҳужжатида ходимларни меҳнат мажбуриятларини бажаришлари пайтида озиқ-овқат билан таъминлаш назарда тутилган бўлса, ходимларнинг овқатланиш харажатлари қиймати уларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинмайди. Бу ҳолда озиқ-овқат қиймати ёки унинг қоплами ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадига киритиладиган компенсация тўловлари жумласига киради (Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-банди).
Озиқ-овқат қиймати ходимнинг жами даромадига киритилади ҳамда унга ЖШДС, ШЖБПҲ ва фуқароларнинг Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари солинади. Ходимларни овқатлантириш учун иш берувчининг харажатлари умумий суммаси ЯИТни ҳисоблаб чиқариш чоғида солиқ солинадиган базага киритилади.
Фақат ходим билан келишилган ва ҳужжат билан тасдиқланган бўлса, ходимдан озиқ-овқат қийматини ушлаб қолишга ҳақли бўласиз. Умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, – суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим (МКнинг 164-моддаси).
___________________________
2 |
Агар буюртмачи билан тузилган шартномада бу назарда тутилган бўлса, буюртмачи озиқ-овқат харажатлари суммасидан 3,5% миқдорида ҳисоблаб чиқарилган бошқа харажатларни қоплаш учун тақдим этишга ҳақли.
Бошқа харажатларни қоплаш, шунингдек уларни ҳисоблаш тартиби шартномада назарда тутилмаган бўлса, ташкилотингиз уларни тўлашдан бош тортишга ҳақли.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.