Президентнинг 29.09.2017 йилдаги ПФ-5197-сон Фармонига мувофиқ, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарига 2020 йил 1 январгача тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларини (ип-калава, газламалар, трикотаж полотно, йигирилган пахта чиқиндилари, аксессуарлар ва фурнитура) ноль даражали ставкадаги ҚҚСни ҳисоблаган ҳолда сотиб олишга рухсат берилди.
1. ҚҚСни қайтариш (ҳисобга олиш) тартиби қандай?
2. Ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади ва шартномада қайси алоҳида шартларни кўрсатиш лозим?
Т.Ф.
1 |
Ноль даражали ставка қўлланганда ҚҚСни қайтариш (ҳисобга олиш) тартиби Солиқ кодексининг 227, 228-моддалари ҳамда Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.
«Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарига тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларини (ип-калава, газламалар, трикотаж полотно, йигирилган пахта чиқиндилари, аксессуарлар ва фурнитура) ички бозорда сўмга реализация қилувчи корхоналар 2020 йил 1 январгача ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллашга ҳақли (29.09.2017 йилдаги ПФ-5197-сон Фармон; 28.03.2011 йилдаги ПҚ-1512-сон қарор).
Яъни «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарига тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотлари реализация қилинганда ҚҚС 0%лик ставкада ҳисобланади. Солиқ солинадиган оборот, шу жумладан ноль даражали ставкадаги оборотда фойдаланиладиган, олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинади.
Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ҳисобот даври учун ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан ортган суммаси ҚҚС бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади. Солиқ даври (йил) якунларига кўра ортиқча сумма сақланиб қолган тақдирда, у кейинги йилга ўтказилади ва ҚҚС бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади (Солиқ кодексининг 227-моддаси).
ҚҚСнинг ортиқча суммаси солиқ тўловчига қуйидаги кетма-кетликда қайтарилиши мумкин:
1) республика ҳудудида Ўзбекистон норезиденти томонидан тақдим қилинган ишлар, хизматлар бўйича тўланиши лозим бўлган ҚҚС қопланади;
2) солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича мавжуд қарзи қопланади;
3) қолдиқ мавжуд бўлганда солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига ортиқча сумма ўтказилади (Низомнинг 2-банди).
Молия вазирлиги пул маблағларини корхонанинг аризасига асосан ўтказади (Солиқ кодексининг 228-моддаси). Ариза шакли Низомга 1-иловада келтирилган.
ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги ёзма ариза у ҳосил бўлган ҳисобот даври тугаганидан кейин 12 ойдан кечиктирилмаган муддатда тақдим этилиши лозим. Аризани солиқ тўловчининг электрон кабинети орқали тақдим этиш мумкин.
ҚҚСнинг ортиқча суммаси уни қайтариш тўғрисидаги ариза олинган вақтдан бошлаб 20 кун мобайнида банкдаги ҳисобвараққа қайтарилади (Низомнинг 4, 5-бандлари).
2 |
Пахта ип ички бозорда сўмга реализация қилинганда ҳисобварақ-фактуралар умумий қоидаларга кўра расмийлаштирилади (Солиқ кодексининг 222-моддаси). Уларни расмийлаштириш тартиби ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида келтирилган (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Ҳисобварақ-фактуранинг жадвал қисми қуйидагича тўлдирилади (тўлдириш учун ип-калаванинг миқдори ва қиймати шартли бирликларини қабул қиламиз):
Товар (иш, хизмат)-лар номи
|
Ўлчов бирлиги
|
Миқдори
|
Нархи
|
Етказиб бериш қиймати
|
Акциз солиғи
|
ҚҚС
|
Етказиб беришнинг ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қиймати
|
||
ставкаси
|
суммаси
|
ставкаси
|
суммаси
|
||||||
1
|
2
|
3
|
4
|
5
|
6
|
7
|
8
|
9
|
10
|
Пахта ип
|
кг
|
1 000
|
500 000
|
500 000
|
Акциз солиғисиз
|
0%
|
0
|
500 000
|
|
Жами тўлашга: Беш юз миллион сўм |
500 000
|
|
|
|
|
500 000
|
Тўқимачилик маҳсулотларини ички бозорда реализация қилиш учун шартномалар ҳам умумбелгиланган тартибда расмийлаштирилади (ФКнинг 26–29-боблари). Уларда маҳсулот қийматини «0%лик ставкадаги ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда (29.09.2017 йилдаги ПФ-5197-сон Фармонга мувофиқ)» кўрсатиш тавсия этилади.
Дарина АБУХОВИЧ, «Norma Online» эксперти.