Ўзбекистондаги корхона хорижий компанияга (Сингапур) ўз маҳсулотини етказиб бериш учун шартнома тузмоқчи. Шартнома бўйича ҳақ Сингапурдан хорижий валютада ўтказилади, товарни эса ушбу хорижий компаниянинг Ўзбекистонда фаолият юритувчи доимий муассасаси олади.
Корхона Ўзбекистондаги ДМга ўз маҳсулотини етказиб бериш учун хорижий компания билан АҚШ долларида шартнома тузишга ҳақлими?
Р.Ф.
– Маҳаллий корхоналарга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш назарда тутилган ўзида ишлаб чиқарилган товарларни етказиб беришга тўғридан-тўғри битимлар шартида норезидентлар билан хорижий валютада шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган.
Бундай шартномалар маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритган ва экспорт қилувчи корхоналардек солиқ имтиёзлари берилган ҳолда экспорт шартномаларига тенглаштирилади (26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон қарорнинг 5-банди).
Президентнинг 2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон Фармонида республика ҳудудида реализация қилинадиган товар, иш ва хизматлар учун миллий валютада нархлар белгиланиши ва ҳисоб-китоблар амалга оширилиши назарда тутилган. Ушбу норма ташқи савдо операцияларига татбиқ этилмайди.
Шу тариқа, корхона Ўзбекистонда фаолият юритувчи доимий муассасага ўз маҳсулотини етказиб бериш учун норезидент билан хорижий валютада контракт тузишга ҳақли.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.