Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 46 / Божхона

Аввал ахборот, кейин товар етиб келади

Эндиликда автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситаларини божхонада расмийлаштириш янада такомиллашадиган ва расмийлаштириш вақти қисқарадиган, қолаверса, улар тўғрисидаги ахборотларнинг ишончлилиги ошириладиган бўлди.

 

Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларининг электрон тарзда олдиндан хабардор қилинишини жорий этиш тўғрисида»ги Қарори (30.10.2015 йилдаги 307-сон) билан ташувчиларга, божхона брокерларига ёки бошқа манфаатдор шахсларга (кейинги ўринларда манфаатдор шахслар деб аталади) 2015 йил 1 декабрдан бошлаб автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилишни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Қарор билан автомобиль транспортида мамлакатимизнинг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати ҳамда давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш тартиботларини амалга ошириш схемаси ҳам тасдиқланди.

Электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхатига қуйидагилар киради:

1. Товарлар ташилаётган автотранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар (давлат рақами, рўйхатдан ўтказган мамлакат).

2. Ташувчи тўғрисидаги маълумотлар (номи ва манзили).

3. Товар ташиш учун қабул қилинган жой (мамлакат) ҳамда етказиб бериш мўлжалланган жой (мамлакат) тўғрисидаги маълумотлар.

4. Товар жўнатилган мамлакат ҳамда товар етказиб бериладиган мамлакатнинг номи.

5. Товарни жўнатувчи ҳамда олувчининг номи ва манзили.

6. Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва коди тўғрисидаги маълумотлар, камида олтита белги даражасида.

7. Юк жойларининг сони тўғрисидаги маълумотлар.

8. Товарларнинг брутто оғирлиги (килограмм), шунингдек ўлчовларнинг қўшимча ўлчов бирликлари сони (ушбу маълумотлар мавжуд бўлганда), товарнинг кўрсатилган ҳар бир коди бўйича фактурадаги қиймати тўғрисидаги маълумотлар.

9. Контейнернинг идентификация тартиб рақами тўғрисидаги маълумотлар.

10. Товар билан бирга юбориладиган ҳужжатларга мувофиқ товарларни етказиб бериш пункти тўғрисидаги маълумотлар.

11. Товарларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига етиб келиш вақти (тахминан) ва жойи тўғрисидаги ахборот.

12. Юклар МДП китобчалари қўлланган ҳолда ташилган тақдирда МДП китобчаларини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Конвенцияга (Женева шаҳри, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ МДП (CARNET TIR) китобчасининг тартиб рақами.

Манфаатдор шахслар давлат божхона хизмати органларига товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги бошқа маълумотларни ҳам жўнатишлари мумкин.

Эндиликда манфаатдор шахслар автомобиль транспортида мамлакатимизнинг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотларни давлат божхона хизмати органларига тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимига Интернет воситасида автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситалари ўтказилгунгача ёки ўтказилиш вақтида жўнатишлари мумкин.

Агар электрон тарзда олдиндан берилган ахборотлар товар билан бирга юбориладиган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаса, манфаатдор шахслар мазкур ахборотларни тизимга республикамизнинг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини ўтказиш вақтида жўнатишлари мумкин.

Электрон тарзда олдиндан бериладиган ахборотларнинг мавжудлиги автомобиль транспортида божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назорати шаклларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилишда ҳисобга олинади. Шунингдек, божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини ўтказишда давлат божхона хизмати органлари олдиндан берилган ахборотларни уларнинг товар билан бирга юбориладиган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текширадилар.

Ахборотлар электрон тарзда олдиндан берилса ва улар товар билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлса, у ҳолда божхона назорати ва расмийлаштириш бир соат мобайнида амалга оширилади. Аксинча, ахборотлар олдиндан тақдим қилинмаса ёки улар товар билан бирга тақдим қилинган ҳужжатларга мос келмаса, у ҳолда давлат божхона хизмати органлари зарур маълумотларни товарлар ва транспорт воситаларини автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиш вақтида тизимга мустақил равишда киритадилар.

Ҳозирда Давлат божхона қўмитаси автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиб, жорий этиш чора-тадбирларини кўрмоқда.

 

Анвар МУҲАММАДИЕВ, ДБҚ Божхона назоратини ташкил этиш
бош бошқармаси бўлим бошлиғи, божхона хизмати капитани.

Прочитано: 1941 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика