Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 46 / Ташқи иқтисодий фаолият

Марказий Осиё савдо форуми: воқелик ва устуворликлар

Алмати шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари экспортчилари учун аҳамиятли воқеа – ҳар йилги Марказий Осиё савдо форуми (МОСФ) бўлиб ўтди. Бешинчи марта ўтказилаётган бу тадбирга халқаро тараққиёт бўйича АҚШ агентлиги (USAID) ташкилотчи бўлди. Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагидаги мазкур анжуманга, қарор топган анъанага кўра, кўп иштирокчи йиғилди. Форумнинг 700 га яқин иштирокчисини Rixos меҳмонхонаси ўз бағрига олди. Иштирокчилар орасида давлат тузилмалари, бизнес жабҳаси, бизнес уюшмалари, халқаро ташкилотлар, савдо-сотиқни ривожлантириш агентликлари вакиллари ҳамда бутун жаҳондан ташриф буюрган, иқтисодиётнинг турли тармоқларига мансуб экспертлар бор эди.

 

Форумнинг очилиш маросимида USAID миссиясининг минтақавий директори вазифасини ижро этувчи Дэвид БРАУН ва халқаро тараққиёт бўйича АҚШ агентлиги маслаҳатчиси Сюзан РАЙКЛ Форумнинг асосий мақсади компаниялар ўртасида амалий алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Минтақада иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш юзасидан USAID агентлиги томонидан илгари ташкил этилган тадбирлар натижасида миллионлаб долларлик савдо битимлари тузилди. Бу йилги МОСФдан ҳам шунга ўхшаш натижа кутилмоқда.

Қозоғистон иқтисодий интеграция ишлари вазири Жанар АЙТЖОНОВА Форум иштирокчиларини қутлар экан, ўз сўзида савдо-сотиқ ишларида Қозоғистоннинг асосий шериклари Европа Иттифоқи, Россия Федерацияси ва Хитой эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Улар билан савдо айланмаси умумий ҳажмда, тегишинча 45, 16 ва 15%ни ташкил этади. Марказий Осиё минтақасида етакчи ҳамкор Ўзбекистондир – у билан савдо айланмаси 2 млрд АҚШ долларидан ошиб кетди.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан ­чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқармасининг бошлиғи Улуғбек КАМОЛИДДИНОВ мамлакатимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, товарлар экспорт қилишни ва ташқи савдо фаолияти либераллаштирилишини рағбатлантириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида муфассал гапириб берди. Ялпи мажлисдан кейин қизғин тус олган мунозараларда минтақа мамлакатларининг рақобатлашув имкониятларидан фойдаланиш ва жаҳон бозорида интеграциялашувни экспорт маҳсулотларининг асосий турларига бўлган дунё миқёсидаги нарх-навонинг номатлуб конъюнктурасини ҳамда «санкциялар уруши»нинг салбий самарасини инобатга олган ҳолда кенгайтириш имкониятларига эътиборни қаратди.

Форум доирасида бир қатор ялпи сессиялар, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар бўлиб ўтди.

 

МЕВА-САБЗАВОТ МАҲСУЛОТЛАРИ ЭКСПОРТИ

Ана шу йўналишдаги секцияда Марказий Осиёда мева ва сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва сотишнинг барча қирраларига тўхталиб ўтилди. Бу жабҳада мамлакатимиз энг катта салоҳиятга эга эканлиги боис, ўзбек заминида етиштирилаётган мева ва сабзавотларга алоҳида диққат-эътибор қаратилди. Улуғбек Камолиддинов ўз тақдимотини мева-сабзавотлар экспортини ривожлантиришга бағишлади. Бу йил Ўзбекистон сарҳадларидан четга 615 минг тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда узум олиб чиқилади деб мўлжал қилинмоқда. Бу мамлакатимизда етиштирилган шундай маҳсулотлар умумий ҳажмининг 3,3 фоизи демакдир.

Маърузачи тармоқни ривожлантириш муаммоларига, хусусан малакали кадрлар етарли эмаслиги, технологиялардан, билимлар ва бозорлардан баҳрамандлик талаб даражада эмаслиги, агросаноат секторида техник ва бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш, молия секторига кредитлашнинг янги-янги турларини жорий этиш зарурати муаммоларига ҳам тўхталиб ўтди.

Марказлашган электрон савдо тизими, агрологистика марказлари тармоқларини барпо этиш, «яшил» экспортни «бир дарча» принципи асосида ташкил этиш муҳимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Маҳсулот ўтказиладиган бозорлар масаласи муҳимлигича қолмоқда. Европага маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш учун сифат устида, халқаро стандартларни жорий этиш, ҳамкорлар излаш борасида ҳали кўп иш қилиш, кўргазмаларда, ярмаркаларда иштирок этиш, бозорларнинг техник талабларини ўрганиш, савдо-сотиқни рағбатлантириш, товарнинг кўринишини, ўров ва идишини мукаммаллаштириш зарур.

«Center for Economic Development» директори Юлий ЮСУПОВ (Ўзбекистон) шу мавзуни давом эттириб, заминимизда етиштирилган маҳсулотлар собиқ шўролар маконида ўзига хос бренд бўлиб қолганлигига алоҳида урғу берди. Кейинги йилларда мева ва сабзавотлар етиштиришга ажратилаётган майдонлар кенгайиб, ҳосилдорлик ортиб бормоқда. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш кўлами кенгаймоқда, айниқса, мева шарбатларини, таркибида шундай шарбатлар бўлган ичимликларни тайёрлаш жадал ривожланиб бормоқда. Аммо ҳозирча мавжуд салоҳият тўла-тўкис намоён бўлмоқда деб бўлмайди. Маҳсулот етиштирувчиларда мева ва сабзавотларни замонавий технологиялар асосида асраш, экспорт қилиш борасида билим ва тажриба етишмаётир.

Маъмурий хусусиятдаги муайян ғов-тўсиқлар ҳамон учраб қолмоқда. Ю.Юсуповнинг фикрича, уларни бартараф этиш аҳли жаҳонни экологик жиҳатдан соф маҳсулотлар билан таъминлаш борасида Ўзбекистон салоҳиятини тезроқ ва самаралироқ рўёбга чиқариш имконини беради. «CustomsRus» фирмаси директори Татьяна ҚЎЛДОШЕВАнинг тақдимоти мавзуси Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот маҳсулотларини олиб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бўлди. У россиялик истеъмолчиларнинг бундай маҳсулотларга бўлган талаблари, Россия бозорларидаги иш шакллари ҳақида сўз юритиб, божхона расмиятчиликларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 2012 йилдан бери Божхона иттифоқи ҳудудига транспорт воситаси кириши хусусида мамлакат божхона органларига олдиндан электрон ахборот тақдим этиш кераклигини эслатиб ўтди. Маълумотлар ўша мамлакатнинг давлат тилида тақдим этилади. Мабодо, товарни маҳсулот етказиб берувчининг ўзи ­етиштирмаган бўлса, импортчи уларни етиштирган мамлакат номини суриштиришга ҳақли. Маҳсулот етказиб берилаётганда экспортчи инвойс, ўров варақасини, зарурати бўлса сертификатларни, маҳсулотнинг техник тавсифи ёки кимёвий таркибини, мабодо контрактда келишилган бўлса, экспорт декларациясини тақдим этмоғи даркор. Ҳужжатларни расмийлаштиришда товарлар гуруҳи: мевалар/сабзавотлар тарзида ифодаланмоғи лозим.

 

ТРАНСПОРТ ВА ЛОГИСТИКА

Мазкур мавзудаги давра суҳбатида Ўзбекистонга катта эътибор берилди. Қозоғистонлик эксперт, «Eurotransit-Cargo» (Qazaq Busines Group холдинг) директори Берик БУЛЕКБОЕВ мева-сабзавот маҳсулотлари барча музокараларда эътибор марказида бўлиб келаётганлигини қайд этиб, Европа бозорлари ёпиқлиги шароитида бу табиий ҳол эканлигини айтди. Россия жанубдан, энг аввало, Ўзбекистондан умидвор. Негаки, ўзбек диёри мева-сабзавот маҳсулотларини минтақавий миқёсда етказиб беришда етакчи роль ўйнаб келмоқда. Мамлакат келаси йили тақрибан 16–17 млн тонна шундай маҳсулот етиштирса керак. Унинг бир қисми Россия ва Қозоғистонга етказиб берилади, албатта.

Булекбоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон тарафи маҳсулотини сотишдан, Қозоғистон тарафи эса, маҳсулот транзит тарзида олиб ўтилишидан манфаатдор. Шу боис бу масалаларни биргалашиб ҳал қилмоқ керак. Ўзбек диёрида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини ўзбекистонлик ташувчиларга малол келмайдиган тарзда олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон ҳудудига Қозоғистон ва Россия контейнерларини муайян миқдорда бўлса-да, ўтказса ёмон бўлмасди. Логистнинг сўзларига қараганда, «КТЖ. Экспресс» махсус контейнерлар сотиб олган, белоруслар ҳам, россияликлар ҳам бу ишга бош қўшишга тайёр. Ким яхшироқ шароит таъмин этиб берса, бу ҳуқуқни ўша олади деб ўйлаймиз.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ва Афғонистон орқали ўтадиган транспорт коридорлари тўғрисида ҳам сўз борди. Афғонистонда вагонлардан ва контейнерлардан юкни тушириб олиш ҳамда уларга юк ортишда асосий темир йўл станцияси Хайратондир. Лекин бу станция технологик ва техник жиҳатдан етарлича жиҳозланмаган, шу сабабли режалаштирилаётган ҳажмдаги маҳсулотларни ўтказа олмайди. У ерда баъзан юклар ҳафталаб туриб қолмоқда, бир сафар кунгабоқар мойи бу ерда нақ икки ой ҳаракатсиз қолиб кетди. Экспортчи ва импортчилар баъзан маҳсулотни темир йўл орқали ташиш фикрининг ўзига шубҳа билан қарамоқдалар. Транзит юкларнинг талайгина қисми чалғиб бошқа йўналишга юборилиши ҳам мумкин. Шу боис Хайратон станциясига ишни йўлга қўйишда, юк ташишнинг мақбул шароитларини яратишда яқиндан ёрдам бериш мақсадга мувофиқ кўринади.

«Интеллектуал транспорт тузилмалари – Марказий Осиё» МЧЖ бош директорининг ўринбосари Абдулла ҲОШИМОВнинг (Ўзбекистон) тақдимоти Марказий Осиёда транспорт ва логистикани ривожлантириш соҳасидаги ғов-тўсиқлар ҳамда уларни бартараф этиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш йўллари шарҳига бағишланди. У жумладан давра суҳбатида фикри сўралганларнинг 65 фоизи бу соҳада ривожланиш йўлига ғов бўлиб ётган тўсиқлардан бири транспорт хизматлари қиммат эканлиги деб айтганларини маълум қилди. Тожикистонда, масалан, 2014 йили саноат маҳсулоти қийматида транспорт харажатлари улуши 15 фоизни, қурилишда 30 фоизни, қишлоқ хўжалиги ва савдо-сотиқда 40 фоиздан кўпроқни ташкил этган. Бу Европа Иттифоқидаги кўрсаткичдан 3–5 баравар кўпдир. Минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам аҳвол деярли шундай. У Марказий Осиёда транспорт юкларининг ўртача тезлиги Европа Иттифоқидагига нисбатан 2–3 баравар кам эканлигига эътибор қаратар экан, «яшил» маҳсулот қиймати бевосита унинг етказиб берилиши вақтига боғлиқ эканлигини эслатиб ўтди.

Жаҳон банки ҳар икки йилда бир марта аниқлайдиган Логистика самарадорлиги индексида (LPI) минтақа мамлакатлари 2014 йили 88 дан 145 гача бўлган ўринни эгаллаб турибди. LPI индекси хабардорлик даражасини ошириш ва яхшилик сари ўзгаришларни рағбатлантиришга мўлжалланган зўр воситадир, – дейди А.Ҳошимов. – Маҳсулот етказиб бериш тизимининг самарадорлиги юқори эмаслиги савдо бобида замонавий дунёга интеграциялашув йўлидаги асосий ғов-тўсиқдир.

Экспертнинг фикрича, транспорт-логистика хизматлари таннархини камайтириш (ҳукумат даражасида йил индекаторларини белгилаб қўйиш зарур), кросс-платформа рақобатлашувини рағбатлантириш, «PL 2-5» логистика хизматларини ривожлантириш, юк ташувчи ва ҳаракатланувчи составларни модернизациялаш, ходимлар малакасини ошириш ва шу сингари ҳаракатлар ёрдамида транспорт харажатларини мақбуллаштириш мумкин.

 

ДУНЁ МИҚЁСИДАГИ ЭНГ ЯХШИ АМАЛИЁТЛАР

Халқаро экспертларнинг маҳорат сабоқлари Форумнинг энг қизиқарли тадбирлари сирасига айланиб бўлди. Форум қатнашчиларига халқаро миқёсда кенг танилган Максимилиан Федингер (Австрия), Deloitte & Touche дек жаҳонга машҳур консалтинг компанияси таҳлилчиси Стефен Льюварн, Россиядаги энг яхши маркетинг маслаҳатчиларидан бири Игорь Качалов, Белоруссиядаги донг таратган Milavitsa компаниясининг собиқ бош директори Дмитрий Дичковскийларнинг семинарларида иштирок этиш имконияти берилди.

Бу донгдор кишиларнинг ҳаммаси якдиллик билан инқироз ривожланиш учун энг яхши фурсат эканлигини айтдилар. Инқироз содир бўлган кезлари бозорда ўз маҳсулоти улушини кўпайтириш, экспортга зўр бериш керак.

Форумнинг ана шу мураккаб ва узоқ давом этувчи блокини Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси кузатув кенгашининг раиси Ҳикмат АБДУРАҲМОНОВ (Ўзбекистон) муайян моделга солиб берганлигини қайд этиб ўтиш жоиз. Бошқа ажойиб етакчи экспертлар қаторида унинг модели яққол кўзга ташланиб турди, хулосалари ва шартлари эса мазмундорлиги, пухта ўйланганлиги билан кўпчиликни ром этди.

V Марказий Осиё савдо форумида Ўзбекистонимиз ўзини ҳар тарафлама кўрсата билди. Мамлакатимиз вакиллари бошқа давлатлардан келган ҳамкасабаларини маълум маънода лол қолдирдилар. Айниқса, семинар мавзулари муҳокамасида «Samarkand-Bukhara Silk Carpets» МЧЖ директори Абдулла Бадгиси ва «Ermak» МЧЖ раҳбари Нодирилло Абдураҳмоновларнинг чиқишлари ёрқин таассурот қолдирди. Улар ўз бизнес иши ютуқлари сирлари билан ўртоқлашдилар. Номи биринчи келтирилган компания 1992 йили ташкил топган бўлиб, ўзбек гиламдўзлиги анъаналарини тиклаб, эъзозлаб келмоқда. Бу компания жаҳондаги кўпгина мамлакатларга ўз маҳсулотини экспорт қилмоқда, Интернет-савдо имкониятларидан ҳам яхши фойдаланмоқда. Самарқанднинг ипак гиламлари 1992 йили Мадриддаги халқаро кўргазмада бош соврин – «Платина юлдузи» совринини олган эди. Дарвоқе, жаноб Бадгиси бу йил Санта-Федаги кўргазма-ярмаркада Ўзбекистон маҳсулотларига 28 стенд берилганлигини айтди. Қиёслаш учун Ҳиндистон маҳсулотларига 3 та, Афғанистон маҳсулотларига 1 та стенд ажратилган.

Нодирилло Абдураҳмонов «Ermak» брендининг вужудга келиши ҳақида ҳис-ҳаяжон билан, жуда муфассал гапириб берди. Бу номни эшитганларнинг аксарияти, вакуум ўрамадаги писта ва қуртларни эслайдилар. Бундан ташқари мазкур жамият қуруқ меваларни ҳам қадоқлаб чиқаради. «Ermak» ўз маҳсулотларини Россия, Қозоғистон ва АҚШга экспорт қилмоқда, товарлари ноёб эканлигини баралла кўз-кўз қилмоқда.

 

САЛОҲИЯТ КЎрГАЗМАДА ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПДИ

Маҳсулот ўтказиш учун янги-янги бозорларни ўзлаштиришга йўналтирилган иқтисодий салоҳиятларини экспортчилар товарлар кўргазмасида намойиш этдилар. Кўргазма иштирокчилари ишчанлик обрў-эътиборини, ўз маҳсулотларини, эришган ютуқларини намойиш қилиш асносида янги амалий алоқаларни ўрнатдилар, тажриба алмашдилар, маҳсулотни ўтказиш жабҳасини кенгайтирдилар. Кўргазмада Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон, Буюк Британия, АҚШ ва Швейцариядан 60 дан ортиқ экспонентлар иштирок этдилар. Ўзбекистон вакилларининг, хусусан, Simex Progress, Aniks Texstilе, Samarkand-Bukhara Silk Carpets, Sahovat Teks, Valiysarcor, Бухоро ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, Irid Live, Mokhir CO вакилларининг экспонатлари айниқса катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазма барча томошабин учун очиқ-ошкора бўлганлиги боис, унда тақдим этилган маҳсулотларга Форум иштирокчиларидан бошқалар ҳам баҳо бердилар.

 

Форумда иштирокчиларга миннатдорчилик сертификатлари топширилди. Мамлакатимиздан 3 вакил шундай ҳужжатга муносиб топилди.Марказий Осиёда савдо-сотиқни мустаҳкамлашда юксак профессионализм намойиш этганлиги учун Ўзбекистон Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси ҳамда «Интеллектуал транспорт тизимлари – Марказий Осиё» МЧЖ бош директори ўринбосари Абдулла ҲОШИМОВ сертификат билан тақдирланди. Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалаларини ёритишдаги профессионализми учун таҳририятимизнинг махсус мухбири ҳам сертификат олди.

 

«ARTEL» ҒАЛАБА НАШИДАСИНИ СУРДИ

Форумнинг биринчи куни анъанага кўра «Марказий Осиёдаги 2014 йилги энг яхши экспортчи» танлови ғолибларини тантанали мукофотлаш маросими билан якун топди. «Ривожланган бозорларга маҳсулот етказиб бериш» номинациясида Ўзбекистоннинг «Artel» компанияси ғолиб чиқди.

Этнофешн-шоу маросимнинг энг ёрқин, авж палласига айланди. Унда Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг моделчилари иштирок этдилар. Ўзбекистон шарафини бу тадбирда истеъдодли этнодизайнер Зуҳра Худойқулова ҳимоя этди. Унинг шойи ва адрасдан тайёрланган ва «Моэл Бош» тренди остида чиқарилаётган чиройли, бежирим, ёрқин кийимлари томошабинларни мафтун этди, ҳамманинг дилида чинакам завқ-шавқ уйғотди. Форум иштирокчиларидан бири қайд этганидек, Central Asian Ethno Fashion ҳадемай бутун жаҳонда қизиқиш уйғотувчи энг олди бренд бўлиб қолса керак.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, 

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2326 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика