Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 46 / Амалий бухгалтерия

Автомобиль ижарага олинганда

Биз 1 октябрдан жисмоний шахсдан кейинчалик сотиб олмаслик шарти билан автомобилни ижарага олдик (шартнома нотариал расмийлаштирилди). Машина 20 млн сўм туради, 3 йиллик ижара ҳақи 18 млн сўмни ташкил қилади.

Автомобилни кейинчалик сотиб олмаслик шарти билан 3 йилга ижарага олиниши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади? Ушбу ҳолатда унга эскириш ҳисоблаб ёзиладими?

Н.Бегимқулова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Фуқаролик кодексининг «Мулк ижараси» деб номланган 34-боби билан турли хилдаги ижара муносабатлари тартибга солинади. ФКнинг 537-моддасига мувофиқ фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган ашёлар, шу жумладан транспорт воситалари мулк ижарасига берилиши мумкин.

Ижарага бериш шартномаси бўйича транспорт воситаси вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ҳақ эвазига ижарага олувчига берилади. Ижарага берувчи томонидан тақдим этиладиган хизматлар рўйхати, транспортдан фойдаланганлик учун тўлов киритиш тартиби, шартлари ва муддатлари шартномада белгиланади, шартнома эса томонлар ўртасида ёзма шаклда тузилади (ФКнинг 564-566-моддалари).

Корхонада ижара ҳисоби 6-сон БҲМС «Ижара ҳисоби»га (молия вазирининг АВ томонидан 24.04.2009 йилда 1946-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади. Унда ижаранинг икки тури – молиявий ва оператив ижара белгиланган.

Стандартнинг 6-бандига мувофиқ молиявий ижара – мулкни (молиявий ижара объектини) шартномага биноан 12 ойдан ортиқ муддатга эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқини беришда юзага келадиган ижаравий муносабатлардир. Молиявий ижара шартномаси қуйидаги шартлардан бирига жавоб бериши керак:

● молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, молиявий ижара объекти ижарага олувчининг мулки бўлиб ўтиши;

● молиявий ижара шартномасининг муддати молиявий ижара объекти хизмат муддатининг 80%идан ортиқ бўлса ёки молиявий ижара объектининг молиявий ижара шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошланғич қийматининг 20%идан камроғини ташкил қилса;

● молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, ижарага олувчи молиявий ижара объектини ушбу ҳуқуқ сотилиш кунидаги бозор қийматидан анча паст нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши ва бунда ижара муддатининг бошида ушбу ҳуқуқнинг сотилишига асосланган ишончнинг мавжуд бўлиши;

● молиявий ижара шартномаси амал қиладиган давр учун ижара тўловларининг дисконтланган жорий қиймати, молиявий ижара объектини ижарага бериш пайтидаги жорий қийматининг 90%идан ортиқ бўлиши.

Оператив ижара – молиявий ижара шартномаси ҳисобланмайдиган мулкий ижара шартномасига биноан мулкни вақтинчалик эгалик қилишга ва фойдаланишга ёки фойдаланишга беришдир (6-сон БҲМСнинг 7-банди).

Сизнинг ҳолатингизда:

● автомобилни ижарачининг мулкига ўтказилиши (сотиб олиш ҳуқуқисиз) назарда тутилмайди;

● 3 йиллик ижара автомобилдан фойдаланиш муддатининг 60%ини ташкил қилади;

● агар автомобиль ижарага берилаётган пайтда янги бўлган деб фараз қиладиган бўлсак, ижара шартномасининг муддати тугагач унинг қолдиқ қиймати 40%ни ташкил қилади;

● ижара шартномаси амал қиладиган давр учун ижара тўловларининг дисконтланган жорий қиймати уни ижарага бериш пайтидаги жорий қийматининг 90%идан ошмайди (18 млн сўм / 20 млн сўм х 100).

Шундай қилиб, сиз оператив ижара шартномасини тузгансиз деб таъкидлаш мумкин. Корхонага оператив ижара шартларида келиб тушган асосий воситалар 001-«Оператив ижарага олинган асосий воситалар» ҳисобварағи балансида ҳисобга олинади.

Оператив ижара шартларида ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулк бўйича амортизация ҳисоблаб ёзмайди.

Жисмоний шахснинг транспортни ижарага беришдан олган даромади:

жисмоний шахснинг мулкий даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси). 2012 йилнинг 1 январидан бундай даромадлардан энг кам ставка бўйича ЖШДС олинади (Кодекснинг 181-моддаси). Солиқ тўлов манбаида ушлаб қолинади (Кодекснинг 184-моддаси);

ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди (Кодекснинг 306, 307-моддалари).

Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарори 4-бандига мувофиқ автотранспорт воситаси ижарага берилганда, шартномада назарда тутилган ижара ҳақи суммасига ЖШДС солинади, бироқ ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинганидан ошмаслиги лозим. 2015 йилда енгил автомобиллар учун энг кам ставка ойига 220 000 сўмни ташкил қилади ­(ПҚ-2270-сон Қарорга 26-илова).

Ойлик ижара ҳақи 500 000 (18 000 000 / 3 / 12) сўмни ташкил қилганлиги боис жисмоний шахснинг даромадига ойлик солиқ 42 500 (500 000 х 8,5%) сўмни ташкил қилади.

Ижарачи корхонанинг бухгалтерия ҳисобида автомобилнинг оператив ижарага олиниши қуйидаги тарзда акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

Ёзувни тасдиқловчи ҳужжатлар

 

дебет

 

кредит

 

Оператив ижара шартномаси бўйича автотранспорт келиб тушди

 

001-«Оператив ижарага олинган асосий воситалар»

 

 

Ижара шартномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси

 

Оператив ижара бўйича қарз акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ва б.

6910-«Тўланадиган оператив ижара»

 

Бухгалтерия ҳисоб-китоби

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинди

 

6910-«Тўланадиган оператив ижара»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Бухгалтерия ҳисоб-китоби

 

Ижара ҳақи тўлови акс эттирилди

 

6910-«Тўланадиган оператив ижара»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Банк кўчирмаси

 

Оператив ижара шартномасига мувофиқ автотранспорт қайтарилганлиги акс эттирилди

 

 

001-«Оператив ижарага олинган асосий воситалар»

 

Ижара шартномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси

 

 

 

Гулнора ЖАМБАКИЕВА,

экспертимиз.

Прочитано: 8856 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика