Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 25 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Кредитор қаерга қараган эди?

Тадбиркорликнинг ривожланиши, солиқ, нарх ва банк ислоҳотлари хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида иқтисодий низоларнинг илгари маълум бўлмаган шакллари пайдо бўлишига олиб келди. Уларнинг предмети борган сари кўпроқ ғайриқонуний даромадлар олиш, шартномалар бўйича жалб этилган оборот маблағлардан мақсадга мувофиқ фойдаланмаслик ва бошқаларга йўналтирилган ҳаракатлар бўлмоқда. Шу муносабат билан кредитлар олиш ва қайтариш, банкротлик, валютага оид ва бошқа молиявий операциялар билан боғлиқ хўжалик низоларини ҳал этиш чоғида тайинланадиган суд молия-иқтисодий экспертизаси жараёнида ўтказиладиган иқтисодий тадқиқотлар алоҳида долзарбликка эга бўлмоқда.

Фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича иқтисодчи экспертларнинг хулосалари кредит олишнинг фирибгарликка асосланган усуллари, сохта банкротлик, иқтисодиёт ва молия соҳасида валютага оид ва бошқа хил суиистеъмолликлар билан боғлиқ жиноят ишларини қўзғатиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Молия ва банк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар хўжалик юритувчи субъектларга ҳам, умуман олганда жамиятнинг иқтисодий манфаатларига ҳам зиён етказади. Кўпинча кредитлар олиш ва уларни қайтармаслик билан боғлиқ иш бўйича экспертиза ўтказилганда ноқонуний тадбиркорликни билвосита тасдиқлайдиган далиллар аниқланиши мумкин.

 

 

МЧЖ НИМАНИ ХОҲЛАГАН ЭДИ?

Улардан бири кредит иши доирасида ўтказилган суд-иқтисодий экспертизаси бўлди. Иқтисодчи эксперт савдо-соғломлаштириш мажмуаси қурилишига қурилиш материалларини харид қилиш учун 515 млн сўм кредит беришга банк билан МЧЖ ўртасида тузилган кредит шартномасининг асослилигини аниқлаши керак эди.

Иш материалларидан кўринганидек, МЧЖ банкнинг туман филиали бошқарувчисига супермаркет қурилишини якунлаш учун қурилиш материаллари харид қилишга йиллик 20% ҳисобига 5 йилга 615 млн сўм кредит берилиши тўғрисида буюртманома тақдим этган. Кредитни таъминлашга турар жой (уй) ва супермаркетнинг қуриб битказилмаган биноси тақдим этилган.

 

БАНК ХУЛОСАСИ МАЪЛУМОТЛАРИ БЎЙИЧА

Банк филиалининг кредит ва инвестиция лойиҳалари бўлими МЧЖнинг молия-хўжалик фаолияти ва унинг кредитга қобиллиги таҳлилини ўрганиб чиқиб, хулоса берди. Хусусан, унда кўрсатилишича, ариза берувчининг бизнес-режасига кўра, объект қурилиши учун 875 млн сўм зарур, шундан 615 млн сўм – кредит ҳисобига ва 260 млн сўм корхона маблағларидан. Бунда жамият ўз маблағларининг манбалари тўғрисида маълумотларни тақдим этмаган, шу боис хулосада корхона маблағларининг таҳлили ўтказилмаган.

Кредит ҳисобига қурилиш материаллари ва инвентарь сотиб олиниши режалаштирилган. Бироқ МЧЖнинг уларни етказиб берувчи билан 600 млн сўмга тузилган шартномасида улар рўйхати кўрсатилмаган. Бундан ташқари:

корхона ТИАда қурилиш ишларини молиялаштириш манбалари, яъни маблағлар кимнинг ҳисобига ва қандай даврда шакллантирилиши асосланмаган;

кредит гаровга таклиф этилаётган мол-мулк билан таъминланганлиги етарли эмас, шу муносабат билан қўшимча таъминот тақдим этиш таклиф қилинган.

Шунингдек, хулосада белгиланишича:

базавий ставкага нисбатан фоиз ставкаси 25,2%ни ташкил этиши мумкин;

ҳисобот йили учун корхона баланси бўйича (унга кўра корхона активлари 500 минг сўмни ташкил этади) глобал лимит – 675 минг сўмни тасдиқлаш мумкин;

йиллик 25,2% ҳисобидан 5 йилга 615 млн сўм кредит бериш масаласи корхона қонун ҳужжатлари талабларига кўра расмийлаштирилган қўшимча ликвид таъминоти ёки гаровга қўйилган мол-мулкни тақдим этиши, ўз маблағлари манбаларини кўрсатганидан кейин кўриб чиқилиши мумкин.

 

 

КРЕДИТ ҚЎМИТАСИ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Банк туман филиалининг кредит қўмитаси унга берилган хулосани кўриб чиқиб, супермаркет қурилиши учун қурилиш материаллари ва инвентарни харид қилишга 615 млн сўм кредит бериш тўғрисида МЧЖнинг буюртманомасини қондириш тўғрисида қарор қабул қилди. Муддат – 5 йил (60 ой); фоиз ставкаси – 6 ойлик имтиёзли давр тугаши билан ҳар ойда 20%. Кредит таъминоти – мол-мулк ва супермаркетнинг қурилиши якунланмаган биноси.

Алоҳида шартлар тарзида суғурталанган бинолар таъминоти расмийлаштирилгандан ва қўшимча ликвид таъминоти берилгандан кейин кредит берилиши кўрсатилган. Қуриб битказилган мажмуа кадастр ҳужжатлари олингандан кейин кредит бўйича гаровга берилиши керак. Корхона эса молиялаштиришга қадар ўз маблағларининг 260 млн сўмлик манбаларини асослаши шарт.

 

БАНК ШАРТЛАРНИ ҚАЙД ЭТДИ

Кредит бўйича ҳужжатлар пакетини олиб, банкнинг бош бошқармаси МЧЖга янги савдо-соғломлаштириш мажмуасини модернизациялаш бўйича қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 36 ойга йиллик 20% ҳисобидан 515 млн сўм кредит беришга қарор қилди.

Молиялаштиришни амалга оширишга қадар яна бир қатор алоҳида шартларни бажариш зарур эди:

буюртмачига тўсин конструкциялари арматура синчларининг лойиҳада кўрсатилган бетон маркаси ва пайвандлашга мувофиқлиги хусусидаги лаборатория таҳлиллари далолатномаларини тақдим этиш;

аниқ қийматини белгилаш учун бажарилган ишлар далолатномаларини тақдим этиш;

ҳар бирининг нархини кўрсатган ҳолда кредит маблағлари ҳисобига харид қилинадиган қурилиш материаллари рўйхатини илова қилиш. Уларнинг сони ва номи эҳтиёжлар қайдномасида кўрсатилган ресурсларга мувофиқ келиши керак;

лойиҳада ўз маблағлари улушини шакллантириш манбаларини кўрсатиш ва тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш.

Молиялаштиришдан кейин кадастр ҳужжатлари олингандан сўнг 10 кун мобайнида кредит бўйича гаровга тайёр мажмуани тақдим этиш керак эди.

 

 

ЭКСПЕРТЛАРНИНГ ХУЛОСАЛАРИ

Эксперт тадқиқотининг белгилашича, банк билан МЧЖ тузган кредит шартномасида юқорида кўрсатилган 4 шартдан фақат лойиҳада ўз маблағлари улушини шакллантириш манбаларини кўрсатиш ва тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш молиялаштиришга қадар бажариш учун мажбурий шартлар сифатида баён этилган, бу эса банк кредит қўмитаси мажлисининг баённомаси талабларига зиддир.

Бундан ташқари, банкнинг кредит сиёсатида у кредит бериш босқичида ҳам, уни тўлиқ сўндиришга қадар кредитлашнинг кейинги даврларида ҳам қарз олувчининг тўлиқ молиявий ҳисоботига эга бўлиши кераклиги назарда тутилган эди. Кредит бўлғуси қарз олувчи томонидан ЎзР МБнинг кредитлаш бўйича меъёрий ҳужжатлари, банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари билан белгиланган ҳужжатлар пакети тақдим этилганидан кейин берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 2.03.2000 йилда 906-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 906-сон Низом) 2.4-банди талабларига кўра банк кредитига доир йиғмажилдда умумий ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши етарлидир, унда, хусусан, масъул банк ходими томонидан тайёрланган, кредитни тўлаш учун қарздорнинг нақд пул массаси оқимининг етарлилигини тасдиқловчи пул оқими тўғрисидаги ҳисобот таҳлили бўлиши керак.

Бироқ банк туман филиали кредит ва инвестиция лойиҳалари бўлими хулосаси бўлишига қарамай, МЧЖ ўз маблағларининг манбалари тўғрисида маълумотларни тақдим этмади. Шу сабабли корхона маблағлари таҳлил қилинмади. Шунингдек унинг ТИАда қурилиш ишлари учун маблағлар манбалари – улар нималар ҳисобидан шакллантирилиши ва қандай муддатга – асосланмаган.

Экспертиза уни сўндириш учун қарз олувчининг пул массаси оқимининг етарлигини таҳлил қилмасдан кредит бериш тўғрисидаги қарорни асосли деб эътироф этиш мумкин эмаслиги тўғрисида хулоса чиқарди, чунки бу 906-сон Низомнинг 2.4-банди талабларига ва банкнинг кредит сиёсатига зиддир.

Бу эксперт аниқлаган ягона ҳуқуқбузарлик эмас. Кредит шартномасига аниқлаштиришларда муддати кечиктирилган тўловлар бўйича кредит ставкаси йиллик 30%ни ташкил этиши кўрсатилган. Бироқ шартноманинг ўзида кредитнинг фоиз ставкалари назарда тутилмаган, фақат уларни ҳисоблаб ёзиш тартиби баён этилган.

Кредит шартномасининг тегишли бобида кредит 30 ой мобайнида ойлик тўловлар йўли билан сўндирилиши назарда тутилади, кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисобга олмаган ҳолда якуний сумма – 515 млн сўм кўрсатилган. Бироқ, хўжалик юритувчи кредитлаш тўғрисида банкнинг ички низолик талабларига кўра, кредит шартномасида фоиз ставкаси, фоизларни ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш тартиби, уларни тўлаш муддатлари кўрсатилиши керак. Суд эксперти томонидан аниқланган ушбу маълумотларнинг кредит шартномасида йўқлиги далили банкнинг хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тўғрисида ички низом қоидалари ва кредит сиёсати талабларига мувофиқ келмайди.

Кредит шартномасига кўра таъминот сифатида қарз олувчи банкка қиймати 312,5 млн сўм бўлган кўчмас мулкни (якка тартибда қурилган уй) тақдим этади. Қурилиш якунланганидан кейин эса у кадастр ҳужжатини расмийлаштирган ҳолда тўй мажмуасини гаровга тақдим этиши шарт. Шунингдек қарз олувчи кредит таъминотини унинг суммасининг камида 125%и даражасида ушлаб туриши шарт.

Иш материалларида кредит шартномаси тарафлари ва гаров берувчи имзолаган, гаровга берилаётган мол-мулк (уй) қийматини келишиш далолатномаси мавжуд, унда уйнинг бозор қиймати – 506,67 млн сўм ва келишилган қиймат – 312,5 млн сўм кўрсатилган. Ушбу далолатномага қўшимча келишув билан гаровдаги мол-мулкнинг бозор қиймати 820,3 млн сўмга, келишилган қиймати эса 637,5 млн сўмга ўзгартирилди. Бироқ аслида гаровдаги мол-мулкнинг на бозор қиймати, на келишилган қиймати, шунингдек улардаги ўзгартиришлар ҳам ҳужжатлар билан тасдиқланмаган. Банк туман филиалининг кредит бўлими хулосасида, филиал ва бош банк кредит қўмиталари йиғилишларининг баённомаларида, шунингдек кредит шартномасида гаровдаги мол-мулкнинг турли манзиллари кўрсатилганлиги ҳам муҳим. Бунинг устига, қарз берувчининг ички регламентларида назарда тутилишича, 1 йилдан кўп муддатга бериладиган кредит бўйича кўчмас мулк тақдим этилган тақдирда таъминот суммаси маънавий ва жисмоний эскириш ҳамда бинолар ва иншоотларнинг нархи тушиши эҳтимолий хатарларини ҳисобга олганда кредит миқдорига нисбатан камида 140%ни ташкил этиши керак.

Шу тариқа, 515 млн сўм миқдорида кредит олиш учун гаровдаги бинонинг қиймати камида 721 455 минг сўмни ташкил этиши керак. Ҳужжатлар таҳлилининг кўрсатишича, турар жой (уй)нинг келишилган қиймат (312,5 млн сўм) ва бозор қиймати (637,5 млн сўм) бўйича гаровга қабул қилиниши банк ички низомининг талабларига мувофиқ келмайди.

Иш материалларида тарафлар томонидан кредит шартномасига қўшимча келишув билан гаровдаги мол-мулкнинг ўзгарган қиймати киритилиши ҳам назарда тутилмаган. Банкнинг хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тўғрисидаги низомида назарда тутилишича, кредит шартномасига кредит миқдори, фойдаланиш муддати, фоиз ставкаси миқдори ва бошқаларга тааллуқли бўлган бирор-бир ўзгартиришлар киритилганда кредитга «қайта кўрилган» мақоми берилиб, илгари қабул қилинган кредит қайтарилишини таъминлашни албатта қайта расмийлаштирган ҳолда қўшимча келишув расмийлаштирилади. Хуллас, шартнома шартларини ўзгартириш мумкин, бироқ уларни тегишли тарзда расмийлаштириш керак эди.

Кредит миқдорини банк хўжалик юритувчи субъект билан биргаликда унинг кредитни сўндириш салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда тўлов маблағларига бўлган эҳтиёжини ўрганиш асосида ва ҳар бир қарз олувчи учун тасдиқланган глобал лимит доирасида белгилайди. У Глобал кредит лимити тўғрисидаги низомга ва корпоратив мижозлар учун тасдиқланган лимитларга мувофиқ ҳисобланади. Бизнинг ишимизда банк туман филиалининг кредит бўлими хулосасида белгиланган глобал лимит 675 минг сўмлигида кредит берилиши ушбу меъёрларга зиддир.

Шу тариқа, тадқиқ қилишга берилган ҳужжатли маълумотлар таҳлилининг кўрсатишича, банк билан МЧЖ ўртасида савдо-соғломлаштириш мажмуаси қурилиши учун қурилиш материаллари харидига 515 млн сўм кредит беришга тузилган кредит шартномасини ҳужжатлар билан асосланган деб ҳисоблаб бўлмайди.

 

Банк тизими кредит-молия соҳасининг энг муҳим институти ҳисобланади. У иқтисодиётни кредитлаштиришнинг бош манбаидир.

Банк тизимининг барқарорлиги Халқаро валюта фонди экспертлари томонидан юқори баҳоланган. Шу билан бирга, Марказий банкнинг баёнотидан кўринишича, бутун дунёдаги банклар ва назорат органлари алоҳида банкларнинг муваффақиятли ривожланиши учун ҳам, умуман олганда банк тизимининг ишончлилигини таъминлаш учун ҳам хатарларни (рискларни) сифатли бошқариш зарурлигини тан олишлари сабабли риск-менежментининг аҳамияти ошиб боради*.

Эксперт кўриб чиққан иш ушбу талабларга, афсуски, кредит-молия муносабатларининг барча иштирокчилари ҳам амал қилавермаслигидан далолат беради.

 

Севара ХОЛМУҲАМЕДОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги РСЭМнинг давлат суд эксперти.

Прочитано: 1762 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика