Norma.uz

Закалат икки баравар қилиб қайтарилади

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Омборхоналар олди-сотди шартномасини тузиш учун МЧЖ 2014 йил декабрида закалат (бай пули) тўғрисидаги келишув асосида АЖга 100 млн сўм тўлади. Қолган 150 млн сўмни харидор олди-сотди шартномаси тузилганидан кейин 10 иш куни мобайнида тўлаши керак эди, шартнома тарафлар ўртасидаги келишувга кўра закалат ўтказилганидан кейин 1 ой мобайнида имзоланиши керак эди.

21 кун ўтгач АЖдан хат келди, унда у шартномани тузишдан бош тортишини айтган эди. Унга илова қилинган шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишув лойиҳасида тўланган закалат келишув имзоланган кундан бошлаб 6 ой мобайнида қайтарилади деб кўрсатилган.

АЖнинг таклифига қўшилмаган МЧЖ хўжалик судига закалат тўғрисидаги келишувни бекор қилиш ва АЖдан закалатни икки баравар суммада – 200 млн сўм қилиб ундириш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– МЧЖ АЖдан омборларни харид қилишни режалаштириб, у билан 2014 йил декабрида закалат тўғрисида келишув тузди. Унга асосан жамият АЖга закалат сифатида 100 млн сўм ўтказди. Бироқ ушбу сумма ўтказилганидан кейин 3 ҳафта ўтганидан кейин АЖ хат юбориб, унда ўзининг омборга муҳтожлиги туфайли уларни сотишдан бош тортишини айтган ва тўланган суммани 6 ойда бўлиб-бўлиб қайтарган ҳолда закалат тўғрисидаги келишувни бекор қилишни сўраган. Биз мазкур таклифга қатъиян қарши бўлдик ва, Фуқаролик кодекси (ФК) 312-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилганидек, икки баравар суммани қайтаришни сўрадик, бироқ АЖ рад жавоби берди. Шу боис биз хўжалик судидан даъвоимизни қондиришни сўраймиз.

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Биз ҳақиқатан ҳам омборхоналарни сақлаш қимматга тушаётганлиги туфайли сотмоқчи бўлган эдик. Бироқ закалат олинганидан кейин 10 кун ўтгач, асбоб-ускуналар етказиб беришга фойдали шартнома туздик. Уларни омборда сақлаш лозимлиги боис биз МЧЖдан закалат тўғрисидаги келишувни бекор қилишни сўрадик ва уни 6 ой мобайнида, яъни асбоб-ускуналар сотилишига қараб қайтаришни ваъда қилдик. Биз закалатни қайтаришдан бўйин товламаймиз, бироқ уни икки баравар миқдорда тўлаш талабини асоссиз деб ҳисоблаймиз, чунки бизнинг рад жавоби беришимизга объектив сабаб бор. АЖ МЧЖ даъвосини рад этишни сўрайди.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, низонинг юқорида баён этилган ҳолатларини белгилади. Қонун ҳужжатлари қоидаларининг таҳлили шуни кўрсатди:

ФКнинг 311-моддаси биринчи қисмига кўра, шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади;

ФКнинг 312-моддасига мувофиқ мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида (ФКнинг 349-моддаси) бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши керак. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.

Ушбу ҳуқуқий меъёрлар асосида хўжалик суди:

1) 2014 йил декабрдаги закалат тўғрисидаги келишувни бекор қилиш;

2) закалатнинг икки баравар суммаси сифатида АЖдан 200 млн сўм ундириш;

3) суд харажатларини тўлиқ ҳажмда жавобгар зиммасига юклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришларсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

Шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади. Закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши керак (ФКнинг 311-моддаси). ФКнинг 312-моддаси иккинчи қисмига кўра, агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.

Агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади. Башарти, қарздор мажбуриятни кредиторнинг айбли ҳаракатлари туфайли бажариши мумкин бўлмаса, кредитор ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас (ФКнинг 349-моддаси).

Кўриб чиқилаётган вазиятда акциядорлик жамияти томонидан мажбуриятни бажаришнинг мумкин эмаслигини унинг олди-сотди шартномасини тузишдан бош тортишдан иборат бўлган нотўғри ҳаракатлари юзага келтирган. Ушбу ҳаракатлар учун тарафлардан бири – сотувчи жавоб бериши боис, айни улар закалатни икки баравар қилиб ундириши учун асос бўлган.

АЖ МЧЖ билан қўшимча келишув тузиш ва МЧЖнинг зарарларини оқилона компенсациялаш йўли билан омборхоналар сотилишини кечиктириш тўғрисида келишиб олиши ёки МЧЖга бошқа омборларни излашда ёрдам кўрсатиши мумкин эди. Бундан ташқари, баъзан амалиётда қилинадиганидек, у ушбу омборхоналарни сотиши, сўнгра уларни сотиб олинган асбоб-ускуналарни сақлаш учун МЧЖдан ижарага олиши мумкин эди.


Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 2468 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика