Norma.uz

Ишдан бўшатишга касаба уюшмасининг розилиги керак

Ташкилотимизда бир нечта сусткаш ва интизомсиз ходимлар бор, улардан аллақачон қутулиш керак эди. Бироқ улар, интизомий жазо олгач, турли инстанцияларга, шу жумладан касаба уюшмаси қўмитасига шикоят қилишга шошиладилар. Иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш тартиби қандай?

К.Турдиқулова,

кадрлар бўлими инспектори.

Навоий вилояти.

 

КАСАБА УЮШМАСИ ҚЎМИТАСИ КЕЛИШИШГА ВАКОЛАТ ОЛГАН

Касаба уюшмалари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари устидан назоратни амалга оширадилар. Меҳнат кодексининг (МК) 101-моддасига мувофиқ башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолда қуйидаги асослар бўйича ишдан бўшатиш чоғида касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш шарт:

 технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги;

 ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

 ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги;

 ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги;

 ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндош билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;

 ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.

Меҳнат шартномаси:

 корхона тугатилиши муносабати билан;

 корхона раҳбари билан тузилган шартнома МК 100-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра;

 мулкдор ўзгариши муносабати билан мазкур корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаганда эса – бош бухгалтер функциясини амалга ошираётган ходим билан иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган тақдирда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш талаб этилмайди.

 

КЕЛИШИШНИНГ БЕШ БОСҚИЧИ

1.

Огоҳлантириш муддати тугашига қадар меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига (ишга қабул қилиш ҳуқуқига ҳам) эга бўлган мансабдор шахс касаба уюшмаси қўмитасига ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик олиш учун тақдимнома юборади. У корхона бланкида ваколатли шахс имзо қўйган ҳолда расмийлаштирилади, тегишинча рўйхатдан ўтказилади ва тилхат олинган ҳолда касаба уюшмаси қўмитасига берилади. Тақдимномада ишдан бўшатилаётган ходимнинг Ф.И.Ш., Меҳнат кодексининг меҳнат шартномасини бекор қилишни режалаштиришга асос бўлган моддаси кўрсатилади. Унга меҳнат шартномасини бекор қилиш сабабларини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар ва материалларни илова қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

2.

Иш берувчининг тақдимномасини олган касаба уюшмаси қўмитаси ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик масаласини кўриб чиқиш учун ўз мажлисини ўтказиш кунини тайинлайди. Унинг санаси ва вақти тўғрисида ходим олдиндан хабардор қилинади. Унинг мажлисга таклиф этилгани «Касаба уюшмаси қўмитасининг чиқувчи ҳужжатлари» дафтарида рўйхатдан ўтказилади ва унга тилхат олиб топширилади. Ходим ишда бўлмаган тақдирда касаба уюшмаси қўмитаси унга почта хабарномаси юбориб, Т-2 шаклидаги карточкада кўрсатилган манзилда касаба уюшмаси қўмитаси мажлисида иштирок этиш зарурлигини қайд этади. Унинг нусхаси меҳнат шартномасини бекор қилишга сабаб бўлган асосий ҳужжатларга қўшилади.

3.

Агар ходим касаба уюшмаси қўмитаси мажлиси тўғрисидаги хабарномани олишдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузиш зарур. Ушбу ҳужжат меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қонунийлиги тўғрисида низо юзага келган тақдирда касаба уюшмаси қўмитаси учун ходим ўз вақтида ва тегишли тарзда унинг мажлисини ўтказиш хусусида хабардор қилинганлиги далили бўлиб хизмат қилади.

 

4.

Касаба уюшмаси қўмитасининг мажлиси баённома билан расмийлаштирилади. Тақдимнома олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахсга касаба уюшмаси қўмитасининг ёзма қарори ва касаба уюшмаси қўмитасининг муҳри билан тасдиқланган баённомадан кўчирма юборилади. Унинг иккинчи нусхаси ходимга унинг илтимосига кўра топширилади.

Меҳнат низосини кўриш чоғида касаба уюшмаси қўмитаси мажлисини ўтказиш тартибининг бузилиши (кворум йўқлиги, овоз бериш тартибига риоя этмаслик, манфаатдор ходимнинг узрли сабабларга кўра келмаганлиги ва ҳоказо) иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг белгиланган тартибини бузиш деб баҳоланиши ва уни ғайриқонуний деб топиб, ходимни аввалги ишга тиклашга олиб келиши мумкин (МКнинг 271-моддаси).

 

5.

Касаба уюшмаси қўмитасининг қарори у қабул қилинган кундан бошлаб 1 ой мобайнида юридик кучга эга бўлади. Яъни иш берувчи меҳнат шартномасини касаба уюшмаси қўмитаси уни бекор қилишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай бекор қилишга ҳақлидир.

 

Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан иш берувчининг мазкур ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга рози бўлмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ишдан бўшатишга йўл қўйилмайди.

Ленара ХИКМАТОВА,

юрист.

Прочитано: 8876 раз(а)

Комментарии к статье (2)

2020-10-03 18:26:09, Гость_:
  Men imtiyozdan foydalanib,nafaqaga chiqdim.Yana ikki yil ishlayman degan maqsadda yonimdagi o'qituvchiga ham dars soati bo'lsin deb,lekin meni o'zimni nafaqaga chiqding deb dars soati bermasdan mexnat shartnomasi bekor qilindi deb ishdan bushatishdi.Shu to'g'rimi kimningdir g'amini yesangu senga javobi shu bo'lsa?Ishlayman deyishimga sabab voyaga yetmagan bolamning borligi.Men uni g'amini yegan o'qituvchi ota -onasi qaramog'ida,shu ham adolatdanmi
2020-11-22 05:33:12, Гость_Жумадил:
Нафақага чиқмай хам бировга ёрдам берса бўларди.Нафақага чиққанингиздан кейин ишлаш ишламасликни иш берувчи хохишига кўра амалга оширилади.Демак иш берувчи бировларга янаяам яхши бўлсин дегандирда.

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика