Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 25 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ БЎЙИЧА ҲОКИМ ҲИСОБОТЛАРИ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонун (9.06.2015 йилдаги ЎРҚ-388-сон) билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга (2.09.1993 йилдаги 913-ХII-сон) ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжатга мувофиқ вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳар йили ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин 10 кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин 10 кундан кечиктирмай ўтказилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят ва Тошкент шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шу жумладан ННТ, сиёсий партиялар, ОАВ вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Ҳисоботни муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда тегишли ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади. Мазкур қарор ва ҳокимнинг ҳисоботи расмий нашрларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

 

ҚУРИЛИШ ЖОЙИДА ИСТИҚОМАТ ҚИЛАЁТГАНЛАРГА ЗАРАР ҚОПЛАНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 10.06.2015 йилдаги 154-сон Қарори билан «Ангрен–Поп» электрлаштирилган темир йўл қурилиши ҳудудида яшовчи аҳолига тўланадиган компенсация маблағлари манбаи белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг июлида «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК «Ангрен–Поп» темир йўл линиясининг қурилишига киришган эди. У «Қамчиқ» довони орқали ўтади ва Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлайди.

Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан қурилиш ҳудудида жойлашган турар жойлар ва ер участкалари эгаларига 4,1 млрд сўм миқдоридаги компенсация тўловлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш ҳисобига Наманган вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг махсус ҳисобрақамига тушган маблағлардан 2,0 млрд сўм миқдорида компенсация тўловлари тўланади. Мазкур маблағлар мақсадли тусга эга ва бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.

Қарорда Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарларини, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 25.05.2011 йилдаги 146-сон Қарорига 2-илова) билан ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган. Ўзгартиришларга мувофиқ нобудгарчиликлар ўрнини қоплаш ҳисобига тушган маблағлардан ер муносабатлари билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун фойдаланиш Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.

 

ННТ ҚАНДАЙ ҲИСОБОТЛАРНИ ТОПШИРАДИ?

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги ­57-сон Қарорига мувофиқ адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 4.06.2015 йилда 2680-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот шакллари тасдиқланди.

Хусусан, ҳисоботнинг 3 шакли тасдиқланди:

ННТнинг фаолияти тўғрисида ҳисобот;

ННТ ҳудудий бўлинмасининг фаолияти тўғрисида ҳисобот;

Халқаро ва хорижий ННТ ваколатхонасининг/филиалининг фаолияти тўғрисида ҳисобот.

Шуни эслатиб ўтамизки, Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 10.03.2014 йилдаги 57-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ ННТ, шунингдек уларнинг алоҳида бўлинмалари томонидан тегишли адлия органига ҳар йили 1 февралгача ўтган йилдаги ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни (шу жумладан, фаолиятни молиялаштириш манбалари ва маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги декларацияни, мавжуд аъзолар сони тўғрисидаги маълумотларни) тақдим этилади.

 

ННТлар ТАДБИРЛАРИНИ ЎТКАЗИШ УЧУН РУХСАТНОМА ОЛИШ ТАРТИБИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 10.03.2014 йилдаги 57-сон Қарорига мувофиқ адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 4.06.2015 йилда 2679-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат ҳудудида бевосита ННТ томонидан ташкиллаштирилган, ўз уставида (низомида) белгиланган мақсадларга эришиш учун конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқа шаклларда шахсларни тўплаш тадбир деб эътироф этилади.

Мазкур Низом диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ибодат, диний расм-русумлар ва маросим тарзидаги тадбирларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Низомда адлия органлари билан келишиш талаб этилмайдиган тадбирлар ҳам белгиланган.

Келишиш талаб этилмайдиган тадбирлар ҳақида адлия органига тадбир ўтказилишидан камида 5 кун олдин ёзма равишда хабар берилади.

Халқаро, республика, вилоятлараро ННТ, халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари (филиаллари) томонидан ўтказиладиган тадбирлар Адлия вазирлиги билан келишилади. Вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудларида фаолият олиб борадиган ННТ томонидан ўтказиладиган тадбирлар ҳудудий адлия органлари билан келишилади.

Халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари (филиаллари) томонидан босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилиши Адлия вазирлиги билан келишилади.

ННТ ўз ихтиёрига кўра ҳар бир алоҳида тадбирни ёки тадбирлар режасини (рўйхатини) келишиш учун адлия органига мурожаат қилади. Тадбирлар режаси (рўйхати) йиллик, чораклик ёки ойлик бўлиши мумкин. Тадбирлар режасини келишиш учун ННТ тадбир ўтказилиши мўлжалланган санадан камида 20 кун олдин, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга, шу жумладан ННТга ташрифини ташкил этишда эса ташрифдан камида 1 ой олдин тегишли адлия органига ёзма равишда мурожаат этиши лозим.

Тадбирда хорижий давлат фуқаролари иштирок этиши режалаштирилаётган бўлса, қўшимча тарзда хорижий давлат фуқаросининг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, туғилган жойи ва санаси ҳамда иш жойи кўрсатилган маълумотнома, паспортининг нусхаси ҳамда унинг келиб-кетиш дастури тақдим этилиши керак.

Халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари (филиаллари) томонидан босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланаётганда уларнинг лойиҳалари, ўтказиладиган тадбирда фойдаланиш ёки тарқатиш учун хорижий давлатда тайёрланган босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар Ўзбекистон ҳудудига олиб келиш режалаштирилганда уларнинг нусхалари (намуналари) тадбир ўтказилишидан камида 1 ой олдин адлия органига келишиш учун тақдим этилиши лозим.

Агар тадбирни ўтказиш билан боғлиқ ўзгаришлар бўлган тақдирда, ННТ бу ҳақда адлия органига 1 иш куни ичида ёзма равишда хабар беради.

Қўшимча саволлар вужудга келганда адлия органи томонидан ННТдан асослантирилган тарзда қўшимча ҳужжатлар сўралиши мумкин. Зарур ҳолларда, адлия органи тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш учун тегишли ташкилотларга юборишга ҳақли, экспертиза 10 кун ичида ўтказилиши лозим.

Адлия органи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан тадбирни ўтказишга розилик бериш ёки сабабларини кўрсатган ҳолда розилик беришни рад этиш тўғрисида ННТни ёзма равишда хабардор қилади. Рад этилганда, ННТ рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиш ва такроран мурожаат қилишга ҳақли.

Тадбир тақдим этилган ҳужжатларга (маълумотларга) мувофиқ ўтказилиши шарт. Тадбирнинг ўтказилиши учун ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс жавобгардир. ННТ адлия органи вакилига мониторинг қилиш учун ўзи ўтказаётган тадбирга эркин кириш имконини бериши шарт.

Бироқ қонун ҳужжатлари ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга мувофиқ ўтказилаётган тадбирга адлия органи вакили томонидан аралашишга йўл қўйилмайди. Унинг ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

 

ННТнинг ЧЕТ ЭЛЛИК ХОДИМЛАРИ УЧУН АККРЕДИТАЦИЯ ҲУЖЖАТИ ШАКЛИ БЕЛГИЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 10.03.2014 йилдаги ­57-сон Қарорига мувофиқ адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 4.06.2015 йилда 2681-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимлари учун аккредитация карточкасининг шакли тасдиқланди.

Аккредитация карточкасининг олд томонидан аккредитациядан ўтказиладиган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими ва ННТ номи, карточканинг амал қилиш муддати кўрсатилади, шунингдек ходимнинг фотосурати ёпиштирилади.

Аккредитация карточкасига аккредитациядан ўтказилган шахснинг ННТнинг аккредитациядан ўтказилган хорижий фуқаролар бўлган ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзолари давлат реестридаги тартиб рақамига мувофиқ рақам берилади.

Карточка адлия вазирининг тегишли ўринбосари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.

Агар ёзувлари ўчирилган, расми кўчирилган, йиртилган ёки бошқача тарзда яроқсиз ҳолга келтирилган аккредитация карточкалари ҳақиқий ҳисобланмайди.

Шуни эслатиб ўтамизки, Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 10.03.2014 йилдаги 57-сон Қарорига 3-илова) мувофиқ чет эл фуқароларини аккредитациядан ўтказиш учун Адлия вазирлигига ушбу фуқароларни қабул қилаётган ННТ раҳбари ёки бунга ваколатли бўлган шахс томонидан имзоланган ариза берилади.

Чет эл фуқароларини аккредитациядан ўтказиш узайтириш шарти билан кўпи билан 12 ой муддатга амалга оширилади.

Буйруқлар «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 8.06.2015 йилдаги 22 (678)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.


Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» экспертлари Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 1707 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика