Norma.uz

Ярашиш учун вақт

Яқинда мен ажрашиш учун судга ариза топширдим. Эрим билан бирга вояга етмаган икки фарзандимиз бор. Айтингчи, эрим билан ярашиш учун судья қандай энг кам ва энг кўп муддатларни белгилаши мумкин, мен бундан бош тортишим мумкинми?

Э.Бурнашева,

Тошкент шаҳри фуқароси.

 

Мен ажрашишга ариза топширдим. Суд бизга ярашиш учун 6 ой берди. Яқинда муддат тугайди ва биз яна судга келишимиз керак бўлади. Суд ярашиш учун муддатни узайтириши мумкинми?

Қобил Д.,

ҳарбий хизматчи.

 

1. Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги Қарорининг (20.07.2011 йилдаги 6-сон) 15-бандида кўрсатилишича, Оила кодекси (ОК) 1-моддаси иккинчи қисмининг талабларига кўра никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ишни кўраётганда суд оилани мустаҳкамлаш учун чоралар кўриши керак. Суд мажлисида оилани сақлаб қолиш имконияти қайд этилганда (болаларнинг борлиги, никоҳнинг қанчадан бери давом этаётганлиги, оиладаги ўзаро муносабатларнинг хусусияти ва ҳоказо) иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига кўра ёхуд ўзининг ташаббуси билан суд иши муҳокамасини қолдириши ва эр-хотинга ярашиш учун вақт беришга ҳақлидир.

Қонун ҳужжатларида ярашиш учун бериладиган энг кам муддат назарда тутилмаган, энг юқори муддат эса 6 ойни ташкил қилади. Яъни суд бир ойлик ҳам, икки ойлик ҳам, ҳар қандай бошқа муддатни ҳам белгилаши мумкин, бироқ у 6 ойдан ошмаслиги керак. ОКнинг 218-моддаси талабларини инобатга олганда ярашиш учун бериладиган муддатнинг 3 ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади. Амалиётда, одатда, судлар ана шу мақсадларга 3 ойдан 6 ойгача муддат берадилар.

Эр-хотинга ярашиш учун муддат берилиши муносабати билан ишнинг кўрилишини кейинга қолдириш тўғрисидаги суд ажрими тарафларнинг тушунтиришлари тинглангандан сўнг, зарур ҳолларда эса, бошқа далиллар текширилганидан сўнг чиқарилади. Ажрим алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилади ва бундай ажрим келгусида ишнинг ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги сабабли, унинг устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин эмас. Шу сабабли сиз ярашиш учун муддатдан бош тортишингиз ва унга протест келтиришингиз мумкин эмас. Уни белгилаш ёки белгиламаслик – суднинг ҳуқуқи.

2. Иш ҳолатларига боғлиқ ҳолда суд эр-хотиндан бирининг илтимосига кўра ёки ўзининг ташаббуси билан ишнинг кўрилишини бир неча марта кейинга қолдириши мумкин. Бироқ тарафларнинг ярашиши учун муддатларнинг йиғиндиси 6 ойдан ошмаслиги керак.

Масалан, суд эр-хотинга ярашиш учун 3 ой, кейин эса яна 3 ой бериши мумкин. Агар у ушбу мақсадларда 6 ой берган бўлса, у тугаганидан кейин ҳал қилув қарорини чиқариши керак. Бундай ҳолда суд ярашиш учун яна бир марта муддат бера олмайди.

 

Ахтам ҲИКМАТОВ,

адвокат.

Прочитано: 2305 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика