Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 13 / Юридик маслаҳатлар

Дебиторлик қарзи бўйича буйруқ билан

Хўжалик суди томонидан дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида суд буйруғини чиқаришга ариза берилишининг босқичма-босқич тартиботини тушунтириб берсангиз.

В.Турғунова,

МЧЖ бухгалтери.

Чирчиқ шаҳри.

 

– Суд буйруғи кредиторнинг пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья чиқарган ҳужжатдир. Тарафлар ўртасида низо мавжуд бўлмаган ва қарздор қарзни тан олган тақдирда қарзларни ундиришнинг ушбу соддалаштирилган таомили қўлланилади.

Суд буйруғи берилиши мумкин бўлган талабларнинг рўйхати Хўжалик процессуал кодексининг (бундан кейин – ХПК) 103-моддасида назарда тутилган ва батафсил ҳисобланади. Улар талабларнинг бири – уни ҳужжатли тан олишга асосланган дебиторлик қарзини ундириш талабидир.

 

 Судга ариза топшириш учун қуйидаги ҳужжатларни тайёрланг:

корхонангиз давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

корхонангиз билан қарздор ўртасидаги шартноманинг нусхаси;

товарлар етказиб берилганлиги (ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлиги)ни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари;

қарз тан олинишини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг асл нусхалари (ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси, ёзишмалар ва бошқалар).

 

 Кейин сиз давлат божини тўлашингиз керак. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ишлар бўйича у судга умумий тартибда даъво билан мурожаат қилганда низолашаётган суммадан ҳисоблаб чиқарилган ставканинг 50%ини ташкил қилади. Ҳозирги вақтда мулкий тусдаги даъво аризалари берилганда давлат божи даъво баҳосининг 1%ини, бироқ энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади1. Чунончи, агар қарздор, масалан, ундирувчига 100 000 000 сўм қарз бўлса, ундирувчи 500 000 сўм давлат божи тўлаши керак бўлади.

Бундан ташқари, почта харажатларини тўлаш лозим бўлади. Улар ҳар бир хўжалик судида турлича бўлиб, 2 500 сўмдан 7 200 сўмгача боради. Мисол учун, Тошкент вилоят хўжалик судида почта харажатлари 5 000 сўмни, Тошкент шаҳар хўжалик судида 7 200 сўмни ташкил қилади. Судга давлат божи ва почта харажатлари тўланганлиги далили (тўлов топшириқномалари) тақдим этилиши керак.

 

 Кейин ХПКнинг 104-моддасига кўра суд буйруғини бериш тўғрисида аризанинг ўзини тузинг. Унда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;

2) кредиторнинг, қарздорнинг номи ва уларнинг манзиллари;

3) кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби;

4) талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар;

5) ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби;

6) илова қилинган ҳужжатлар рўйхати.

Аризада ундирувчининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мақсадга мувофиқдир. Аризанинг юқоридаги чап бурчагига сана ва чиқиш рақамини кўрсатган ҳолда корхонанинг учбурчак штампини қўйишни унутманг.

 

 Аризани расмийлаштириб, қарздор олдига боринг ва унга нусхасини топширинг (ХПКнинг 105-моддаси). Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхаси қарздорга – юридик шахсга топширилганлиги исботи бўлиб унинг раҳбари ёки ходими имзолаган, муҳр (штамп) билан тасдиқланган, сизда қоладиган иккинчи нусха ҳисобланади.

Энди эса дадиллик билан судга ариза топшириш мумкин.

– Қайси судга? – деб сўрашингиз мумкин.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза хўжалик судига судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади2. Судья суд буйруғини ишни судда муҳокама қилмасдан, қарздор ва ундирувчини чақирмасдан ҳамда уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан беради (ХПКнинг 109-моддаси).

 

P.S.

Қарзни ҳар қандай ундириш (шу жумладан буйруқ чиқариш орқали ҳам) – анча мураккаб жараён. Шу сабабли, фикримизча, ҳар ҳолда уни бунга ихтисослашган малакали юристларга (адвокатларга) ишонган маъқул.

 

1Давлат божи ставкаларининг (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган) 2-банди «а» кичик банди.

2Умумий қоидага кўра ариза жавобгар жойлашган ердаги хўжалик судига тақдим этилади, бироқ ушбу қоидадан баъзи истиснолар ҳам мавжуд (ХПКнинг 27–32-моддаларига қаранг).


Ахтам ҲИКМАТОВ,

адвокат.

Прочитано: 1986 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика