ЙПХ ходими ҳайдовчи, пиёда ёки йўл-транспорт ҳодисаси гувоҳининг сўровига кўра унинг маълумотларини ёзиб олиш учун гувоҳномасини кўрсатишга мажбурми? Унда кўкрак нишони бўлиши шартми?
– ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати иштирокчилари билан муносабатлари қонунчиликка қатъиян риоя этиш, ўз мажбуриятларини аниқ бажариш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда қатъийлик, дадиллик ва принципиалликни фуқароларга эътиборли, хайрихоҳ ва ҳурмат ила муносабатда бўлиш билан бирлаштиришга асосланиши керак.
Йўл ҳаракати иштирокчиларига мурожаат қилган ЙПХ ходимлари қўлни бош кийимга текизган ҳолда ўзларини таништиришлари, лавозими, унвон ва фамилияларини айтишлари, транспорт воситасини тўхтатиш сабабини маълум қилишлари керак. Фуқаролар мурожаат қилганда ЙПХ ходимлари юқорида кўрсатилган талабларни бажариб, ўз ваколатлари доирасида ёрдам кўрсатиш чораларини кўришлари, зарур ҳолларда эса – қўйилган масалани ҳал этиш учун қаерга мурожаат қилиш кераклигини тушунтиришлари шарт.
Низоли ҳолатлар юзага келганда, даъво-эътирозлар бўлганда ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг талабига кўра ходим кўкрак нишонининг рақамини айтади ва қўлида ушлаган ҳолда хизмат гувоҳномасини кўрсатади, ҳуқуқларини ва ўз ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибини тушунтиради.
«АвтоНорма» бўлимини экспертимиз Алла РОМАШКО олиб боради.