Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 32-33 / Автомобиль ва ҳуқуқ

Автокорхона ходимлари сони масаласига доир

Корхона (ЯСТ тўловчиси) енгил автотранспортда (такси) йўловчиларни ташиш билан шуғулланади. 25 автомобиль ва шунча ҳайдовчи бор. Яна 25 та автомобилни харид қилишни режалаштиряпмиз, бироқ бунда янги ҳайдовчиларни ишга қабул қилмаймиз, чунки штат кўпайганда солиқ солиш тизими ўзгаради: умумбелгиланган солиқларни тўловчига айланамиз.

Бошқа ташкилотдан ҳайдовчиларни жалб этсак бўладими? Бунда солиқ солиш тизими ўзгармайдими?

* * *

Фирмамиз йўналишли таксиларда йўловчи ташиш билан шуғулланади, ходимлари сони 25 кишидан ошиши керак бўлмаган кичик корхона ҳисобланади. Биз яна 10 та «Газель» автомобилини харид қилмоқчимиз. Бироқ ҳайдовчиларни ишга қабул қилсак, қонун ҳужжатларига кўра фирма, йирик корхонага айланади. Эшитишимизча, аутсорсинг компаниялари бор экан, уларнинг штатида ҳайдовчилар бўлиб, улар шартнома бўйича бизда ишлаб, у ерда ҳисобда туришлари ва иш ҳақини ўзларида олишлари мумкин экан. Шу тўғрими?

 

– Хатлардан кўринадики, автотранспортда йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган ташкилотлар (бундан кейин – ташувчилар) ходимларнинг сони бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига кирадилар ва Солиқ кодекси (СК) 350-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ ЯСТ тўловчилари ҳисобланадилар.

Ушбу ҳолда аввало Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга1 (бундан кейин – Низом) амал қилиш зарур. Мазкур ҳужжатнинг 9-бандида кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга лицензия талаблари ва шартлари белгиланган. Уларда юридик шахс ходимларининг йўловчилар ва юк ташишларни амалга оширишда қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги шарти (Низом 9-бандининг «д» кичик банди) ҳам мавжуд. Ушбу мақсадда лицензия талабгори ходимлар малакасининг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этади (Низом 10-бандининг «д» кичик банди).

Шу тариқа, юридик шахс томонидан йўловчиларни ташиш фаолияти амалга оширилганда унда тегишли ходимлар бўлиши керак. «Юридик шахc ходими» тушунчасини бир қатор меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжатлар белгилайди.

Чунончи, Меҳнат кодексининг (МК) 14-моддаси маъносидан келиб чиқишича, белгиланган ёшга етган (МКнинг 77-моддаси) ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин. Бироқ автотранспортда йўловчилар ва юкларни ташишга доир лицензияланадиган фаолиятни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари эмас, балки фуқаролик қонун ҳужжатлари белгилайди, дарвоқе, улар шахсларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишларни бажаришга жалб этиш имконини беради.

СКнинг 350-моддаси биринчи қисмининг 1-бандини қўллаш мақсадида юридик шахсларни микрофирмалар ва кичик корхоналарга киритиш учун ЯСТ тўловчиси мақомини сақлаб қолишни хоҳлайдиган ташувчи корхоналар ушбу модда учинчи қисмининг қоидаларига амал қилишлари лозим, ундан келиб чиқишича, кўрсатилган кичик тадбиркорлик субъектларига ходимлар сони бўйича қонун ҳужжатлари билан белгиланган мезонга мувофиқ келадиган юридик шахслар киради.

Транспорт,  хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари) ва бошқа соҳаларда ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 25 киши бўлган корхоналар кичик корхоналарга киради («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун2 5-моддаси биринчи қисми 3-бандининг тўртинчи хатбошиси). Бунда СКнинг ушбу моддаси иккинчи қисми ва 350-моддаси учинчи қисмининг маъносига кўра ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг сони ҳам ҳисобга олинади ва юридик шахснинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади.

Агар ташувчи фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида қўшимча ҳайдовчиларни жалб этса, лицензия талабларига риоя этиш мақсадида улар ўз ходимлари деб ҳисобланиши учун ушбу шартномалар уларнинг ҳар бири билан тузилиши керак. Бажарилган иш учун улар билан ҳисоб-китобларни ҳам бевосита ташувчи қилиши керак.

Бинобарин, қўшимча ходимларни жалб этиш, шу жумладан аутсорсинг шартномаси бўйича ҳам, ходимлар сонининг кўпайишига ва умумбелгиланган солиқларни тўловчилар жумласига ўтишга олиб келади.

Чет корхоналар ҳайдовчиларни тегишли шартнома (аутсорсинг) асосида берганда улар бажарган иш учун ҳақ уларнинг ўзига эмас, балки уларнинг иш берувчиси – чет корхонага тўланади. Ташувчи жалб этадиган ҳайдовчиларнинг, гўё шу муносабат билан хизмат сафарида бўлганларидек, асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланади. Бу ҳолда улар ташувчи ходимларининг рўйхатдаги таркибига кирмайдилар. Бироқ улар Низом 9-бандининг «д» кичик банди талабларига жавоб бермайдилар. Ташувчи томонидан чет ташкилотдан жалб этилган ҳайдовчиларни ишлатиш эса лицензия талабларини бузишдир.

Шуни ҳисобга олиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқнома3 4-бандига мувофиқ ходимларнинг хизмат сафари муддати ҳар бир ҳолат учун йўлдаги вақтни ҳисобга олмаган ҳолда 40 кундан кўп бўлмаслиги керак (монтаж, созлаш ва қурилиш ишларини бажариш учун юбориладиган айрим шахслар учун ушбу муддат 12 ойга тенг). Хизмат сафари муддатини узайтиришга истисно ҳолдагина рухсат берилади. Яъни ҳатто лицензия талаблари ҳайдовчиларни аутсорсинг шартномаси асосида жалб этиш имконини берганда ҳам, хизмат сафари муддати чекланганлиги сабабли улардан доимий асосда фойдаланишнинг имкони бўлмайди.

 

1ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон Қарорига 1-илова.

225.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.

3МВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган. 

 

Камол МУЗАФФАРОВ,
Абдураҳмон БАХТИЕВ,

эксперт-юристларимиз.

Прочитано: 2426 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика