Norma.uz

Шундай саволим бор...

Тошкент шаҳар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси томонидан ташкил этилган бевосита мулоқот пойтахт аҳлига ХУМШлар фаолиятининг турли жиҳатлари юзасидан керакли тушунтиришлар олиш имкониятини берди. Саволларга Уюшма бошқаруви раиси Алишер НАБИЕВ ва бош мутахассис Раиса ЛИ муфассал жавоб бердилар.Он-лайн режимидаги мулоқотни ахборот жиҳатидан одатдагидек, «Норма» газеталари таҳририяти таъмин этди.

 

АВВАЛГИ ЙИЛЛАР АНДОЗАЛАРИ ВА ЯНГИ ВОҚЕЛИКЛАР

Бундай тадбирларда кўп квартирали уй таъминоти билан боғлиқ у ёки бу масалани қай йўсинда ҳал этиш юзасидан малакали маслаҳатлар олишдан ташқари уй-жой соҳасидаги вазият, тамойиллар, у ёки бу йўналишдаги ҳаракатлар, муаммолар ва ютуқлар рўйи-рост аён бўлади. Бевосита мулоқот якунлари бўйича бу хусусда нималар дейиш мумкин? Энг аввало, тадбир ташкилотчилари телефон орқали мурожаат этувчилар сони анчагина қисқарганлигини қайд этдилар (илгарилари телефонлар бундай кезлари тиним билмасди). Бу борадаги фаоллик сусайганлигини ёз чилласига йўйгинг келади.

Уй-жой жабҳасидаги саволларнинг мавзу доираси ўша-ўша бўлгани билан уларнинг хусусиятида бирмунча ўзгаришлар сезилди. Бевосита мулоқотда илгарилари қонун ҳужжатларини дуруст биладиган, ўзлари яшаб турган уй ҳолатини яхшилаш учун ҳаракат қилаётган фаол ва ташаббускор квартира мулкдорлари кўпроқ иштирок этарди. Эндиликда мурожаат этганларнинг аксарияти ўз ҳуқуқлари ва бурчларидан бехабар, кўп квартирали уйни ободонлаштириш учун жон койитишни мутлақо истамайдиган, аммо талаб қилишни ёқтирадиган одамлардир. «Ширкатимиз раиси, бухгалтери, ижрочи директори ёмон – уларни йўқотиш керак. Ахлат ташламасликлари учун ариқларни қандай қилиб кўмиб ташласа бўлади? Ҳомийлар келтирган болалар майдончаси жиҳозларини қандай қилиб ўрнатиш мумкин? Ширкат устидан кимнинг шикоят қилгани яхши, ХУМШларни назорат қиладиган борми? Катта-катта бадаллар тўлаб турибмиз, лекин ширкатда ҳамма нарса ёмон. Ўша ўзимиз билган ЖЭКларни қайтаринг – уларнинг пайтида ҳаммаси яхши эди». Саволлар ва талабларнинг асосий йўналиши шу. Кўриниб турибдики, манзара айтгудек эмас.

Кўпчиликнинг бевосита мулоқотдан кўзлаган асосий мақсади тушунтириш ёки маслаҳат олиш эмас, балки кимнидир жазолаш, қайта сайлаш, ниманингдир ўрнига ниманидир қилиш эди. Ажабланарли жиҳати шундаки, Уюшма ходимларининг жойларга келиб, вазиятни ўша ернинг ўзида аниқлаш, муаммони ҳал этишга ёрдам бериш таклифлари рад этилди (бунинг учун уй аҳли йиғилишини ташкил этиш зарур). Қўнғироқ қилганлардан: «Биз ишлаймиз. Кимга кераги бор бунинг? Қўни-қўшнилар билан жанжаллашиш, тортишишни истамаймиз, яхшиси буни ХУМШ қила қолсин» деган жавоб эшитилди. Бироқ бундай нуқтаи назар устун бўлган уйда ҳеч қачон тартиб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси кўп квартирали уй-жой фондини асраш ва таъминлаш масалалари юзасидан ХУМШ раҳбарлари ва аъзолари ўртасида жиддий тарзда тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлигини долзарб қилиб чиқариб қўймоқда.

Мулоқот шуни кўрсатдики, одамлар ҳамон ўтмиш йиллар андозалари билан яшамоқдалар, ширкатларни ЖЭКлар деб, мажбурий бадалларни коммунал тўловлар деб юритмоқдалар, уй-жой ҳолати юзасидан ҳамон давлат жавоб бериши керак деб ўйламоқдалар. Бевосита мулоқот асносида кўп квартирали уйлар аҳли вакилларининг ўзи мурожаат қилишди, ҳолбуки илгарилари ХУМШ раҳбарлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, маҳаллалар фуқаролар йиғинлари раҳбарлари, судлов идоралари вакиллари ҳам мурожаат қилишарди. Қўнғироқлар бу сафар фақат пойтахнинг ўзидан бўлди ҳисоб.

Уй-жой ва коммунал хўжалигидаги янги ижобий тамойиллар мурожаатларда барибир ўзини намоён этди. ХУМШга банк сектори ёрдам қўлини чўзмоқда. Икки йил муқаддам ширкатлар орзу ҳам қила олмаган кредитлардан энди улар бемалол баҳраманд бўлмоқдалар. Давлат ҳамон катта ёрдам бериб келмоқда. Шунинг шарофати билан кўп қаватли уйлар умумий мол-мулкини капитал таъмирлаш ишлари анча жонланди. Ширкатлар илгари маблағ топа олмаган серчиқим ишларни ҳам уддаламоқдалар. Газетхонлар билан бевосита мулоқот доирасида кўтарилган масалаларда ҳам янги воқеликлар ўз тажассумини топди.

 

ХУМШ ТАРКИБИДАН ЧИҚМОҚЧИМИЗ. КРЕДИТ ТЎЛОВИ ҚАНДАЙ ТЎЛАНАДИ?

– Ширкат томни таъмирлаш учун кредит олди. Том тузалгач, биз ХУМШ таркибидан чиқиб, ўзимиз яшаб турган кўп қаватли уй негизида бир уйдан таркиб топган мустақил ширкат барпо этмоқчи бўлдик. Лекин олдинги ширкат бизга ижозат бергиси йўқ, тақсимлаш балансини бериш, ҳужжатларни ажратиб беришдан бош тортмоқда. Ширкат раиси «Аввал кредитни тўлаб қўйинг, кейин алоҳида бўлиб чиқаверасиз» деб туриб олди. Биз кредитни янги ХУМШда тўламоқчимиз. Лекин илгариги раис бунга унамаяпти. Бундай вазиятни қай йўсинда тартибга солиш мумкин?

– Уй аҳли умумий йиғилиш ўтказмоғи лозим. Йиғилиш баённомасида аввалги ХУМШ таркибидан ажралиб чиқиш йўли билан янги ширкат тузиб, уни рўйхатдан ўтказмоқчи эканлигингизни қайд этиб қўйинг. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (мамлакат Президентининг 10.02.2005 йилдаги ПҚ-3-сон Қарорига 3-илова) 5-бандига биноан бундай ҳолларда олдинги ширкат сизларга тақсимлаш балансини бериши керак. Унда қайта ташкил этилаётган ширкатнинг олдинги ширкат кредиторлари ва қарздорлари олдидаги барча мажбуриятлари, шу жумладан тарафлар низолашаётган мажбуриятлар юзасидан ҳуқуқий ворисликка оид қоидалар бор. Ана шу ҳужжатни молия органларига топшириш ва кредитни узиш хусусида банк билан шартномани қайта тузиш лозим.

 

ИЛГАРИГИ «ЖЭК»ИМИЗ ТУЗУК ЭДИ

– Уйимиз атрофида қуриб қолган дов-дарахт кўп. Қаттиқ шамол тургудек бўлса, уйнинг томи ва сиртига улар зарар етказиши мумкин. Ундан ташқари, қуриган дарахтни халқимиз бехосият дейдилар. Уларни арралаб ташлаш таклифи билан маҳалла фуқаролар йиғини ва ХУМШга мурожаат қилдим. Ширкат раиси бундай қилишга ҳаққимиз йўқлигини айтди. Хўш, ундай бўлса, бу иш билан ким шуғулланмоғи лозим? Мен тўрт қаватли уйнинг юқори қаватида яшайман. Вақти-вақти билан квартирамга шипдан муайян бир жойдан чакка ўтади, лекин бунга томнинг алоқаси йўқ. Масаланинг ечимини топиш учун кимга мурожаат қилишни билмайман. Умуман ширкатда муаммолар кўп. Раиснинг иши бизни қониқтирмайди. Уни қайта сайламоқчи бўлгандик, мумкин эмас экан, чунки ширкат раисларини тайинлашар эмиш. Биз, қўни-қўшниларда биттагина истак бор. У ҳам бўлса, ЖЭКларни қайтаришса деймиз. Чунки ўша кезлари ҳозирги ХУМШларда бўлганига нисбатан тартиб кўпроқ эди.

– Дов-дарахтни кесиш, арралаш масаласида шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига мурожаат этиш лозим. Қўмита мутахассислари жойларга бориб, арралаш мўлжалланаётган дарахтнинг қуриб қолиши сабабларини аниқлайдилар, агар дов-дарахт чиндан ҳам қуриб қолган ёки касалланган бўлиб, уйга ёки уй аҳлига таҳдид солаётган бўлса, уни арралашга рухсатнома берилади. Бу иш учун тўланадиган ҳақ дарахтнинг диаметри ва турига боғлиқдир.

Уйингизга чакка ўтаётганлиги сабабини эса, афтидан, иссиқ ва совуқ сув таъминоти тизимларидан изламоқ керак, бундай тизимларни турар жойнинг юқорисидан ўтказишган бўлиши мумкин.

Ширкат бошқаруви раиси тайинланмайди, балки ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида сайланади. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон Қонун, бундан буён матнда ХУМШ тўғрисидаги Қонун деб юритилади) шу нарса назарда тутилган. Баобрў, қўни-қўшнининг ишончини қозонган кўпгина одамлар бундай ишни бўйинга олишни истамасликлари эса бутунлай бошқа масала. Зотан кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни асраш ва сақлаш ишлари жуда мураккаб, раҳмат келтирмайдиган ишдир. Оқибатда баъзан ширкат раҳбарлигига тасодифий одамлар келиб қолади. Шу сабабли ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасида белгилаб қўйилганидек, бошқарув раиси ва бошқарувчи (ижрочи директор) ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этмаган тақдирда маҳаллий давлат ҳокимияти органининг бошқарув раисини чақириб олиш ҳамда бошқарувчини (ижрочи директорни) лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги таклифларини, шунингдек ана шу лавозимларга номзодлар бўйича тавсияларини кўриб чиқиш ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари сирасига киритилган.

ЖЭКлар амал қилган пайтда бизда уй-жой фондининг мулкдори давлат эди – бу фонднинг ҳолати ҳақидаги ғамхўрлик ҳам давлат зиммасида эди. Ўша кезлари кўп қаватли уйда яшайдиганлар квартира ижарадори ҳисобланар ва улар турар жойларини тасарруф эта олмасдилар, бинобарин квартирани сотишга, ҳадя этишга, мерос қилиб қолдиришга ҳақли эмасдилар. Биз жой мулкдори бўлгач, шундай ҳуқуққа эга бўлдик, шу билан бирга ўз квартираларимиз ҳақидагина эмас, балки уйдаги умумий мол-мулк тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти ҳам зиммамизга тушди. Бошқача қилиб айтганда, умумий улушли мулк ҳуқуқини ҳам бир вақтнинг ўзида зиммага олдик, бу мулк эса квартирага бўлган эгалик ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқдир. Шу сабабли ЖЭКларга қайтиш дегани ўз мулкингни давлатга қайтариб бериш маъносини англатади. Квартира эгалари эса буни истамайдилар. Улар квартирага эгалик қилишни хоҳлайдилар, лекин уйдаги умумий мол-мулк давлат ғамхўрлигида қолишини истайдилар. Аммо бунақаси бўлмайди.

* * *

– Ширкатимизда ижрочи директор ишлашни истамаяпти. Нима қилса бўлади?

– ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасида бошқарувчиликка (ижрочи директорликка) номзодни тасдиқлаш ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига кириши назарда тутилган. Шу сабабли агар ижрочи директор зиммасига юклатилган вазифаларнинг уддасидан чиқмаётган экан, умумий йиғилиш уни ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай муаммолар яна келиб чиқмаслиги учун ХУМШ уставига умумий йиғилиш ижрочи директор номзодини синов муддати билан тасдиқлайди деган қоидани киритса бўлади. Уни ҳам, табиийки, умумий йиғилиш белгилайди. Меҳнат кодексининг 89-моддасига биноан синов муддати 3 ойдан ошиши мумкин эмас.

* * *

– ХУМШда муаммо деганларимиз тиқилиб ётибди, лекин қизиғи шундаки, унинг штатида техник ходим йўқ. Шундай экан, бунақа ишларни ширкат қандай адо этиши мумкин? Ширкатимиз тузилишида асос бўлган кўп қаватли иккала уйнинг қурилганига ҳадемай ярим аср бўлади. Уйлар капитал таъмирталаб, лекин ширкатда бунга пул йўқ. Ҳолбуки, бизда бадалларнинг миқдори турар жой саҳнининг 1 кв.метрга 216 сўмни ташкил этади.

– Икки уйдан ташкил топган ширкатнинг штатда техник ходим сақлаши самарали эмас. Негаки тўпланган бадалларнинг қарийб 50 фоизи уларнинг маошига кетади. Айни шу сабабли ҳам сизнинг ХУМШда бундай ходим бўлмаса керак. Бир уйдан ташкил топган ва кичик ширкатларнинг аксарияти штатда бундай ходим бўлишидан воз кечган. Улар бу йўсиндаги ишларни ё хизмат кўрсатувчи ташкилотга буюртма бериб, ёки бир марталик шартномалар асосида ижрочилар ёллаб, ёхуд шу уйнинг ўзида яшайдиган сантехниклар, электрчилар, бухгалтерлар кучидан фойдаланган ҳолда бажарадилар. Ширкатингиздаги бадал миқдори жуда кам. Бунақа пулга техник ходимни штатда сақлаб туриш, жиддий ишларни бажариш даргумон. Уй эски, муаммоли бўлса, каттагина маблағ талаб қилади. Бугунги кунда Тошкентда умумий мол-мулк таъминоти учун бадалларнинг ўртача миқдори 1 кв.метрга 400 сўмни ташкил этмоқда.

 

ҚАЙТА ҲИСОБ-КИТОБ ЧИКОРА

– Биз йўлакни яхшилаб таъмирламоқчимиз, бунинг учун ўз маблағларимизни тикишга розимиз. Лекин ширкат раиси бизга қайта ҳисоб-китоб қилишдан бош тортмоқда. Айтинг-чи, энди нима қилишимиз мумкин?

– ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддасида айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини уйнинг умумий харажатларидаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Кўпгина ширкатлар ана шу нормадан фойдаланиб келмоқдалар, таассуфки, бу иш одатда қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда бажарилмоқда. ХУМШда муаммо бўлмаслиги учун муайян тартиботга риоя этилиши даркор. Бундай тартибот ҳақида эса махсус сонларимизда кўп бора сўз юритилган.

Мажбурий бадалларнинг бир қисмини алмаштириш имконияти ширкат уставида мужассам эттирилган бўлмоғи лозим. Йиллик умумий йиғилишда мажбурий бадаллар йиллик миқдорининг қандай қисмини бошқа турдаги ишлар билан алмаштириш мумкинлиги аниқлаштириб қўйилмоғи даркор. Ана шу моддадан фойдаланишнинг ҳар бир ҳолларида умумий йиғилиш чақириб ўтирмаслик учун бадалларнинг бир қисмини бошқа турдаги ишларга ёки материалларга алмаштириш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш ваколатини ширкат бошқарувига бериш керак. ХУМШ аъзоси ўз илтимосини асослантирган ҳолда икки нусхада ариза ёзиб, бошқарувга мурожаат этиши лозим. Умумий йиғилиш мулкдор таклиф этган ишларга зарурат бор-йўқлигини аниқлайди. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддасида айтилганидек, бу йўсин иш тутиш фақатгина режалаштирилган ишларга нисбатан қўлланилади.

 

БАДАЛ ОШИРИШГА ОШИРИЛДИ, АММО КРАНДАН ҲАМОН СУВ ОҚИБ ЁТИБДИ

– ХУМШ мажбурий бадаллар миқдорини қандай асосларга кўра оширади? Бизда ҳозир бундай бадаллар бир квадрат метрга 250 сўмни ташкил этмоқда.

– Мажбурий бадаллар уй бўйича режалаштириб қўйилган ишларнинг барча харажатини қопламоғи лозим. Агар уй техник жиҳатдан қониқарли ҳолатда бўлмаса, демак каттагина маблағ талаб этилади. Умумий майдоннинг ҳар квадрат метрига 250 сўм миқдорида тўланадиган бадал ҳисобидан тузукроқ ишларни амалга ошириб бўлмайди. Бундай кезлари пулига яраша иш бажарилади деган нақл амал қилади. ХУМШ аъзолари айни шу сабаб бадал миқдори оширилишини билишлари керак. Бунинг учун эса ширкат фаолияти юзасидан асосий қарорлар қабул қилинадиган, бинобарин иш режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси, бадал миқдори тасдиқланадиган умумий йиғилишларда қатнашиб туриш шарт.

* * *

– Ваннахонамдаги крандан тинмай сув оқиб ётибди. Резинка қистирмани алмаштириш лозим, лекин ширкатдан бунга ҳеч кимни чақириб бўлмайди. Бу иш учун ёнимдан ҳақ тўлашга ҳам розиман. Менга эса сантехникни ўзингиз топинг дейишдан нарига ўтишмаяпти. Шундай экан, бизга ХУМШнинг ўзи нима учун керак?

– Ширкат уй-жой фондини биргаликда бошқариш ва уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни, кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкидан фойдаланишни таъминлаш учун ташкил этилади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 4-моддаси). Кўриниб турибдики, квартира ичидаги ишларни амалга ошириш деган мажбурият ширкат зиммасида йўқ. Аммо ХУМШ ташкил этилаётганда унинг уставига ширкат бундай ишларни ўз аъзоларининг буюртмалари асосида бажаришни таъминлайди деган банд киритилиши мумкин.

 

ИССИҚ СУВ ЎРНИГА СОВУҚ СУВ

– Квартирада иссиқ сув истеъмоли ҳисоблагичи ўрнатилган. Ёз кезлари иссиқ сув ўрнига ундан совуқ сув беришади. Сув исишини анча кутишга тўғри келади. Ана шу кутиш асносида ҳисоблагич тинмай ишлайди. Иссиқ сув ҳароратининг пасайиб кетганлиги нима билан боғлиқ? Бу нуқсонни қандай қилиб бартараф этса бўлади?

– Бу нарса кўп қаватли кўпгина уйларда иссиқ сув таъминоти тизимларида мавсум оралиғида циркуляция линияси йўқлиги билан боғлиқ. Натижада иссиқ сувнинг оширилган сарфиёти содир бўлади. Бу эса, табиийки, ҳисоблагич приборлари асосида сув истеъмоли учун ҳақ тўлашда ўз тажассумини топади. Ана шундай кезлари «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳисоблагичлар ўрнатилган уйларда иссиқ сув таъминоти учун ҳақни ҳисоблаб чиқишда иссиқ сувнинг туриб қолиши коэффициентини (6%) қўллайди. Сиз иссиқлик таъминоти ташкилотига мурожаат қилиб, қайта ҳисоб-китоб қилишган-қилишмаганлигини аниқлашингиз керак.

* * *

– Ошхонамиз 2008 йилдан буён иситилмайди. ХУМШда бунинг сабаби пастдаги қўшнингиз қувурни алмаштирмаган деб айтишди. Хўш, биз нима қилишимиз керак?

– Иссиқлик таъминоти тизими яхлит, бир бутун тизимдир. Мабодо унинг бирон қисми тўлиб қолган бўлса, циркуляция рисоладагидек бўлмайди, бу эса уйнинг ички тармоқларига ўз таъсирини кўрсатади. Сиз қўшниларингиз билан гаплашиб, уларга иссиқлик квартирангизга етиб келмаётганлигини айтинг, бутун йўлакдагилар катта қувурни алмаштирганда улар бундай қилмаганликларини тушунтиринг. Шунинг оқибатида умумий мол-мулк талаб даражасидаги ҳолатда бўлишига монелик юзага келганлигини ҳам эслатинг. Мабодо инсон омили даражасида келишувга муваффақ бўлинмаса, қўшниларингиз квартирасида иссиқлик қувурини мажбурий тартибда ўзгартириш талаби билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилинг.

* * *

– Қиш кезлари квартираларда иссиқлик бўлмай қолади. Бундан ташқари, уйга туташ йўлкаларни асфальтлаш лозим. Лифт кабинасининг техник ҳолати жуда хароб. Шу хусусда кимга мурожаат этиш лозим, ширкат ишини ким назорат қилади?

– Энг аввало, уйингиз исимаётган бўлса, ХУМШга мурожаат қилиш керак. Ширкат билан иссиқлик таъминоти ташкилоти ўртасида жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилган, ким нима учун жавоб бериши аниқ. Уйнинг ички тармоқлари ҳолати яхши эмаслиги, қўшнилар бу тармоқларга қонунга хилоф тарзда аралашганлиги, коммунал маҳсулот уйга кириб келишида параметрларга риоя этилмаганлиги ва бошқа сабаблар оқибатида шундай муаммо келиб чиққан бўлиши мумкин. Аниқ сабабини иссиқлик таъминоти ташкилоти билан биргаликда излаш керак. Шу аснода тарафлар тизимларни кўздан кечириб чиқилганлиги далолатномасини тузишлари даркор. Ана шу ҳужжат иссиқлик нима сабабдан йўқ эканлигини аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш имконини беради.

Уй-жой кодекси ва ХУМШ тўғрисидаги Қонунга биноан кўп квартирали уйлардаги лифтлар турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулки саналади. Уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, ишлатиш, алмаштириш, таъмирлаш ишларининг бари ХУМШ ихтиёридадир. Мамлакатимизда Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларда 2010–2014 йиллар мобайнида лифтларни янгилаш ва таъмирлаш дастури (ВМнинг 29.08.2010 йилдаги 191-сон Қарорига 2-илова, бундан буён матнда Дастур деб юритилади) амалга оширилмоқда. Дастур доирасида кўп квартирали уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва алмаштириш ишларини ўтказиш бўйича буюртмачи Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-эксплуатация бирлашмасидир. Ана шу бирлашма лифт хўжалигини инвентаризациядан ўтказади, қайси кўтаргичларни алмаштириш, қайсиларини реконструкция ёки капитал таъмирлаш кераклигини аниқлайди.

Энди уйга туташ йўлакларни асфальтлаш масаласига келсак. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 35-моддасида белгилаб қўйилишича, ер участкалари ширкатга белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. Шу сабабли ХУМШ унинг ҳудудидаги ҳамма нарса учун жавоб беради. Лекин бунда кадастр ҳужжатларига ҳам қараб олиш ва ширкатнинг ихтиёрида уйга туташ ҳудудлар бор-йўқлигини аниқлаш керак. Бордию унинг ихтиёрида бундай ҳудуд бўлмаса, уй атрофини ободонлаштириш, шу жумладан асфальтлашга давлат ҳокимияти органи масъул саналади. Уйга туташ ҳудудларни асфальтлашда квартира эгаларига кўпинча маҳалла фуқаролар йиғини ёрдам беради.

ХУМШни эса уй аҳлининг ўзи назорат қилиши керак. Бу назорат умумий йиғилишда қатнашиш, у ёки бу масалалар юзасидан қарор қабул қилиш, берган бадал пулларига уйда ўтказилаётган ишлардан хабардор бўлиб туриш орқали амалга оширилади. Уй-жой кодексининг 5-моддасига биноан уй-жой фондидан фойдаланилиши ва унинг асралиши устидан назоратни таъминлаш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатига киради.

 

Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг уюшмаси кўп квартирали уйларни асраш ва сақлаш масалалари юзасидан жой мулкдорлари, ХУМШ раҳбарлари, бошқарувчи компаниялар учун ҳар куни консультациялар ўтказади.

Уюшма манзили: Олтин водий кўчаси, 103-уй, тел. 250-15-54.

Прочитано: 2676 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика