Мен МЧЖ муассисларидан бири бўлган жисмоний шахс сифатида МЧЖдан бошқа муассисни (у ҳам жисмоний шахс) чиқариш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилмоқчиман. Қайси судга мурожаат қилишим керак – хўжалик судигами ёки фуқаролик судигами?
Д.Умиров. Чирчиқ шаҳри.
– Муассисни МЧЖдан чиқариш тўғрисида муассислар (жисмоний шахслар) ўртасидаги низолар илгари фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳал қилинган. Бироқ 30.04.2013 йилдаги ЎРҚ-352-сон Қонун билан Хўжалик процессуал кодексига (ХПК) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, ХПК 23-моддасининг биринчи қисми 4-банд билан тўлдирилди. Унга кўра хўжалик судига иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, шу жумладан, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар ҳам тааллуқлидир, бундан меҳнатга оид низолар мустасно.
Ишлар низо иштирокчилари ташкилотлар ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади (ХПК 23-моддасининг бешинчи қисми).
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқилса, сиз иштирокчини МЧЖдан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилишингиз керак.
Жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида 10%ини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар (6.12.2001 йилдаги «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги 310-II-сон Қонуннинг 8-моддаси).
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.