Иш берувчининг бола 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш бўйича қўшимча таътилда бўлган аёлларни улар эгаллаган лавозимлар қисқариши тўғрисидаги билдирувнома билан таништириш учун ишга чақиришга доир талаблари қанчалик қонуний?
Корхона меҳнат комиссияси аъзоси.
Навоий шаҳри.
– Меҳнат кодексининг (МК) 237-моддасига кўра ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно (бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади).
Шу тариқа, иш берувчи МКнинг 237-моддасида кўрсатилган ходимларни штатнинг қисқариши муносабати билан бўшаган жойларга номзод сифатида қарашга ҳақли эмас.
Бироқ иш берувчи юқорида кўрсатилган ходимларнинг лавозимларини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилса, янги штат жадвалини тузиш чоғида у ходимларнинг ихтисосликлари ва малакасини ҳисобга олган ҳолда улар учун штат бирликларини назарда тутиши керак. Бундай ходимларни бошқа ишга ўтказишга (шу жумлдан пастроқ лавозимга) фақат уларнинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин (МКнинг 92-моддаси).
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.