Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 32-33 / Автомобиль ва ҳуқуқ

Вакил лицензиясиз савдо қилиши мумкин

Жамият автомобиль ишлаб чиқарувчидан (ХХТУТ бўйича коди – 51510) дилер ҳуқуқларини олиш мақсадида рўйхатдан ўтказилган. У билан йирик тоннажли автотранспортнинг етакчи ишлаб чиқарувчиси ўртасида топшириқ шартномаси тузилган, унга асосан жамият (бундан кейин – Вакил) ишлаб чиқарувчи (бундан кейин – Ишониб топширувчи) номидан ва унинг ҳисобидан қуйидаги юридик ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини олади: Ишониб топширувчи тасдиқлаган намунавий шаклда тузиладиган автомобилларни етказиб бериш шартномалари асосида учинчи шахсларга Ишониб топширувчининг автотранспорт воситаларини (бундан кейин – маҳсулот) реализация қилиш; унинг маҳсулотига сотишдан олдин ва сотишдан кейин сервис хизмати кўрсатиш. Топшириқ шартномаси шартларига кўра Вакил маҳсулот харидори билан тузган битимлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита Ишониб топширувчида вужудга келади; маҳсулот реализация қилиш пайтигача унинг мулки ҳисобланади; харидорларнинг маҳсулот учун ҳақи унинг ҳисобрақамига тўланади. Маҳсулотнинг ҳар бир бирлиги учун 2 млн сўм миқдорида ҳақ Вакилга Ишониб топширувчи томонидан реализация қилинган ва Вакил ҳисобот тақдим этган пайтдан бошлаб 10 кундан кечиктирмай тўланади.

Илгари чоп этилган тушунтиришларда («Лицензия олмаслик сизга қимматга тушади», «СБХ»нинг 19.08.2010 йилдаги 32 (836)-сони ҳамда «Воситачи – сотиб олувчи» «Норма маслаҳатчи»нинг 30.07.2011 йилдаги 31 (316)-сони) воситачилар томонидан улгуржи савдога лицензия олиш масаласи меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан ноаниқ тартибга солинганлиги кўрсатилган эди.

Юқорида баён этилган вазиятда Вакилнинг улгуржи савдони амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олиши зарурми?

 

– Фуқаролик кодексининг (ФК) 817-моддасига кўра корхонангиз автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи билан тузилган топшириқ шартномасига асосланиб, уларни учинчи шахсларга сотишга, сотишдан олдин ва сотишдан кейин сервис хизмати кўрсатишга ҳақли. Бироқ хатингизда корхонангиз уларни қандай йўл билан (чакана ёки улгуржи савдо тарзида) реализация қилиши кўрсатилмаган.

Ўзбекистон Республикасида ча­кана савдо қоидаларининг1 IX бўлимида автомототранспорт воситаларини чакана сотиш тартиби назарда тутилган. Ишлаб чиқарувчининг вакили ҳам амалга оширадиган савдо фаолиятининг ушбу тури учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия олиш талаб қилинмайди.

Улгуржи савдога меъёрий жиҳатдан берилган таърифга эътибор қаратиш лозим. Чунончи, Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом2 2-бандининг учинчи хатбошисида унинг қуйидаги таърифи берилган: улгуржи савдо – тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш.

Улгуржи савдонинг худди шундай таърифи Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низом3 2-бандининг иккинчи хатбошисида ҳам мавжуд.

Бошқача айтганда, унга қуйидаги аломатлар хос:

товарларни сотиб олиш;

товарларни реализация қилиш;

ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шакли (товарларни сотиб олишда ҳам, кейин уларни реализация қилишда ҳам);

харидорнинг сотиб олинган товарлардан тижорат мақсадида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиши.

Ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ўз маҳсулотини реализация қилиши умуман савдо фаолиятига ва хусусан улгуржи савдога кирмайди. Ўзи ишлаб чиқарган товарларни реализация қилишда сотиладиган (улгуржи савдода энг муҳим амаллардан бири) товарларнинг сотиб олинмаслиги табиийдир. Ишлаб чиқарувчи корхонанинг вакили сифатида топшириқ шартномаси асосида фаолият юритувчи жамиятингиз ҳам учинчи шахсларга реализация қилинадиган автомобилларни сотиб олмайди. Шу муносабат билан жамиятингиз ушбу фаолият тури билан тилга олинган лицензияни олмасдан шуғулланиши мумкин.

Шу тариқа, муаллиф сиз тилга олган масала меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан ноаниқ тартибга солинганлигини кўрсатмайди. Бироқ, агар кимдир мазкур масала қонун ҳужжатида барибир ноаниқ тартибга солинган деб ҳисобласа, ушбу ҳолда ҳам тадбиркорлик субъектлари учун мақбул ҳолат бор. Чунончи, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг4 11-моддасида тадбиркорнинг ҳуқуқлари устуворлиги қоидаси мустаҳкамланган. Унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.

 

1ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 1-илова.

2ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.

3ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон Қарори билан тасдиқланган.

425.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1961 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика