Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл Американинг Небраска штатида меҳмонда бўлганида, 2013 йил 8 октябрда киз фарзанд кўрди.
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консуллигида унга 2014 йил 26 март санасида Ўзбекистоннинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини беришди. Унинг «Фуқаролиги» сатрида «Ўзбекистон» деб ёзилган.
Тошкентга қайтиб келгач, аёл бола 2 ёшга тўлгунча уни парваришлаш нафақасини олишга ариза ёзди.
Биз унга бола 2 ёшга тўлгунча уни парваришлаш нафақасини ҳисоблаб ёзишга ҳақлимизми? Агар ҳақли бўлсак, уни қандай вақтдан – бола туғилган пайтдан ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси расмийлаштирилган санадан бошлаб ҳисоблаймиз?
С.Ким, «Business Jet» МЧЖ
бош бухгалтери.
– Ишлаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (МАИМҚВ ва МВнинг АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 13-бандига кўра болани парваришлаш учун нафақа тўлови корхоналарда (ташкилотларда) ишлаётган оналар учун ушбу корхоналарнинг (ташкилотларнинг) ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Улар томонидан болани парвариш қилиш бўйича нафақа тўлаш учун сарфланган маблағлар давр харажатларига киритилади ва юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблашда солиқ солинадиган база ушбу суммага камайтирилади.
Низомнинг 3-бандига мувофиқ оналарга болани парваришлаш учун нафақа уни тайинлаш учун мурожаат қилинган ойдан тайинланади.
Тўлиқсиз ой учун нафақа онанинг ушбу ойда таътилда бўлган календарь кунлари сонига мутаносиб улушда тўланади.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.